Қонун тарғиботи ва амалиёт
  • 13 Июнь 2015

Қонун тарғиботи ва амалиёт

Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари таъминланишининг муҳим омилларидан бири бўлиб, ушбу масалага миллий қонунчилигимизда алоҳида ўрин берилган. Хусусан, Конституциямизнинг 35-моддасида белгилаб қўйилганидек, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир.

2014 йил 4 декабрда кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни фуқароларнинг давлат органларига мурожаат этиш тартибини янада такомиллаштирди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабида ушбу Қонун ижросини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартибига оид масалаларга бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, ҳар бир шахснинг мурожаати ваколатли давлат органи томонидан ўз вақтида, холислик нуқтаи назаридан ўрганилиши инсон манфаатлари устуворлигига хизмат қилади. Мурожаатлар соҳасидаги қонунчиликка биноан, эндиликда юридик шахсларнинг ариза, таклиф, шикоятларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар ҳам ҳуқуқий тартибга солинди. Бу борадаги қонун ҳужжатларини бузиш эса тегишли маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Мазкур Қонунда мурожаатларнинг шакллари, турлари, уларга қўйиладиган талаблар белгиланди. Жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш, мурожаат этиш ҳуқуқларининг кафолатлари мустаҳкамланди. Мурожаатларни бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби, муддатлари, мурожаатларни кўрмай қолдириш асослари, мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда давлат органларининг мажбуриятлари, моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилишга оид қоидалар ҳам ўз ифодасини топди.
Тадбирда ана шулар хусусида сўз юритилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 мартдаги қарори билан тасдиқланган давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низом қонун ижросини изчил таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, мурожаатларни тезкор ва қонуний кўриб чиқиш, мансабдор шахсларнинг мурожаатларни ўрганиш ва ҳал этишдаги масъулиятини янада ошириш, бу жараёндаги қонунбузарлик учун жавобгарлик билан боғлиқ масалалар қизғин муҳокама этилди.

Ф. МАҲКАМОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn