Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2014 йилдаги ҳамда 2015 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси кўриб чиқилди
  • 12 Июнь 2015

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2014 йилдаги ҳамда 2015 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси кўриб чиқилди

11 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг устувор йўналишларига бағишланган мажлисида сўзлаган нутқида истиқболда мамлакатимиз иқтисодиётида туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш орқали хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратишни, модернизациялаш ва диверсификациялаш жараёнларини изчил давом эттиришни асосий вазифалар сифатида белгилаб берди.
Депутатлар шунга таянган ҳолда, куннинг биринчи ярмида парламентнинг мамлакатимиз Конституциясида белгиланган ваколатларига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2014 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини батафсил кўриб чиқдилар.
Қайд этиш жоизки, мамлакатимиз асосий молиявий ҳужжатининг ижроси устидан парламент назорати доимо депутатлар корпусининг диққат-эътиборида туради. Ушбу йўналишда аниқ тизим йўлга қўйилган бўлиб, унга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси якунларининг қўмиталар, сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи мажлисларидаги дастлабки тарзда муҳокамаси киради. Йиғилишлар якунида депутатлар бирлашмаларининг тегишли қарорлари қабул қилиниб, нуқтаи назарлари шакллантирилди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2014 йилдаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — молия вазири Р. Азимов маъруза қилди.
Қонунчилик палатаси мажлисида иқтисодиётда 2014 йил давомида эришилган ижобий таркибий силжишлар, сифат ўзгаришлари ва ижобий тенденциялар, шунингдек, самарали пул-кредит ҳамда солиқ-бюджет сиёсатининг амалга оширилиши мамлакатимизни ривожлантиришнинг юқори суръатларини сақлашнинг муҳим шартлари бўлиб, аҳоли бандлиги ва даромадининг ўсишига кўмаклашди, давлат бюджетининг йил бошида ЯИМга нисбатан белгиланган 1 фоиз тақчиллик ўрнига ЯИМга нисбатан 0,2 фоиз профицит билан ижро этилишига имкон бергани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2014 йилдаги ижроси асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг юқори суръатларда ўсишини тавсифловчи мустаҳкам ва барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш шароитларида амалга оширилди.
2014 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 8,1 фоиз ўсди, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,3 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,9 фоиз, капитал қурилиш 10,9 фоиз, чакана савдо айланмаси ҳажми 14,3 фоиз ошди. Инфляция даражаси прогноз кўрсаткичдан паст бўлди ва 6,1 фоизни ташкил этди.
Ўтган йилда ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, мамлакатимиз аҳолисининг турмуш сифатини ва даражасини муттасил ошириб бориш масалаларига ҳукумат томонидан катта эътибор қаратилди. Хусусан, 2014 йилда фуқароларнинг реал даромадлари 10,2 фоиз, бюджет ташкилотлари ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи, пенсиялар, ижтимоий нафақа ва стипендиялар миқдори 23,2 фоиз ошди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2014 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ҳар томонлама муҳокама қилиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясидан сўзга чиққан депутатлар банк тизимининг ислоҳ этилиши иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминлашда муҳим омил бўлганлигини, бунинг натижасида тижорат банкларининг жами капитали деярли 25 фоизни ташкил этганлигини таъкидлаб ўтдилар. Банк тизимининг мустаҳкамланиши 2014 йилда Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасини 12 фоиздан 10 фоизга ва тижорат банкларининг кредитлар бўйича фоиз ставкасини ҳам шунга мос равишда камайтириш учун зарур имкониятлар яратди. Банклар томонидан фақат ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик янгилаш дастурларини молиялаштиришга йўналтирилган кредитлар ҳажми 2013 йилдагига нисбатан 1,2 баробар, айланма маблағларни тўлдириш учун ажратилган кредитлар эса 1,3 баробардан зиёд ошди.
Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун янада қулай шароитлар яратиш борасида қабул қилинаётган чора-тадбирлар партия электорати манфаатларига жавоб беради.
Саноатнинг енгил, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби кўп меҳнат талаб қиладиган тармоқларида ишчиларнинг энг кўп сони илгариги 100 кишидан 200 кишигача ошганлиги кичик бизнесни рағбатлантириш чора-тадбирлари тизимидаги муҳим қарор бўлди. Ўзбекистон 2014 йилда бизнес юритиш шарт-шароитлари бўйича рейтингда саккиз поғона юқорига кўтарилди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари ўз сайловолди платформасидан келиб чиқиб, экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва экспортни диверсификация қилиш, маҳаллий маҳсулотни сотиш учун янги бозорларни ўзлаштириш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг юқори натижаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, ўтган йилда 500 дан зиёд янги корхона, биринчи навбатда, кичик бизнес субъектлари экспорт фаолиятига жалб этилди. Ташқи савдо балансидаги ижобий сальдо 180 миллион АҚШ долларини ташкил этди, олтин валютаси захиралари 1,6 миллиард АҚШ долларига ошди, бу эса миллий иқтисодиётимизнинг янада мустаҳкамланишига кўмаклашди.
Фракция вакиллари жойларда солиқ қонунчилигига хўжалик юритувчи субъектлар томонидан риоя қилинишини таъминлаш ва тақдим этилган имтиёз ва преференциялардан самарали фойдаланиш, бюджетлараро муносабатларни янада такомиллаштириш асосида маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлаш, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан мавжуд имкониятлар ҳамда резервлардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Сўзга чиққанлар бозор талаблари асосида иқтисодий муҳитни ташкил этишга, ҳудудларнинг ишлаб чиқариш ва ресурс имкониятларидан оқилона фойдаланишга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида юқори технологик кичик саноат корхоналарини ривожлантиришга алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясидан сўзга чиққанлар ўтган йилда ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, мамлакатимиз аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини муттасил ошириб бориш масалалари ҳукуматнинг диққат марказида бўлганини қайд этди. Ҳисобот даврида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш харажатларини молиялаштириш учун давлат бюджетидан умумий харажатларнинг 58,8 фоизи миқдорида маблағ ажратилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакиллари 2014 йилда айрим бюджет ташкилотларида ва бюджет маблағларини олувчи ташкилотларда бюджет маблағларидан мақсадсиз ва самарасиз тарзда фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилганлигини ҳам таъкидладилар. Шу муносабат билан депутатлар марказда ва жойларда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланишини таъминлаш борасидаги масъулиятини ошириш, шунингдек, Бюджет кодекси нормалари ва қоидаларининг ижроси устидан назоратни янада кучайтириш бўйича бир қатор таклифлар билдирдилар.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоларининг фикрига кўра, 2014 йилда иқтисодий дастурнинг тизимли равишда амалга оширилиши натижасида ўсишнинг юқори барқарор суръатларини сақлаш, макроиқтисодий мувозийлик, мамлакат иқтисодиётини модернизациялаш ва диверсификациялаш таъминланди. Ҳисобот даврида Вазирлар Маҳкамаси илм-фанни ривожлантиришга катта эътибор қаратгани, бу эса партиянинг дастурий вазифаларига тўлиқ мос келиши алоҳида эътироф этилди. Хусусан, ҳисобот даврида илм-фанни ривожлантиришга 187 миллиард сўм ёки 2013 йилдагига нисбатан 13,6 фоиз кўп маблағ сарфланди.
Шу билан бир қаторда, фракция аъзолари давлат илмий-техник дастурларининг, тармоқлар бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотларнинг, шунингдек, инновацион ишланмалар лойиҳаларининг устувор йўналишларини молиялаштиришни мақбуллаштириш юзасидан таклифларини билдирдилар.
Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи аъзолари атроф-муҳитни ва аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишлари қаторига киритилганини таъкидлаб ўтдилар. Шу сабабли Ўзбекистонда мустақилликка эришилган илк кунлардан бошлаб табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга, ҳозирги ва келгуси авлодлар учун атроф-муҳитни сақлашга қаратилган йўналиш қабул қилинган.
Мажлисда депутатлар гуруҳи аъзолари мамлакатимизда атроф-муҳитни ва аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш вазифаларини ҳал этиш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирларни ижобий баҳоладилар. Хусусан, 2014 йилда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун Давлат бюджети харажатлари 547,2 миллиард сўмни ташкил этди. Шу жумладан, сув ва ер ресурслари муҳофазасига 18,6 миллиард сўм, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси муҳофазасига 7,1 миллиард сўм, биохилмахилликни сақлаш учун 7,3 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2014 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.
* * *
Куннинг иккинчи ярмида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар. Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари М. Мирзаев маъруза билан сўзга чиқди.
Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йил биринчи чорагидаги ижроси Бюджет кодекси асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан тасдиқланган кўрсаткичларга мувофиқ амалга оширилди. Давлат бюджети профицит билан ижро этилди.
Иқтисодиётнинг барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминловчи амалдаги стратегияни давом эттириш, бунинг учун мавжуд резервлар ва имкониятлардан кенг фойдаланиш жорий йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 7,5 фоизга ошишини таъминлагани қайд этилди. Бунда макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш инфляциянинг прогноз кўрсаткичлардан ортиқ бўлмаган паст даражада кузатилди.
2015 йилнинг биринчи чорагида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми — 7,9 фоиз, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми — 11,2 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш — 6,3 фоиз, хизматлар ҳажми — 13,1 фоиз, чакана савдо айланмаси ҳажми — 15,2 фоиз ўсди.
Йил бошидан буён минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳудудий дастурларини амалга ошириш доирасида 434 та янги ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилди. Қишлоқ жойларида 169 километр сув қувури тармоқлари, 54 километр газ тармоқлари ишга туширилди, 1,3 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди. Жорий йилда қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар бўйича зарур муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмага эга бўлган 12 мингта якка тартибдаги уй-жой қуришни ташкил этиш борасида чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар фақат жорий йилнинг биринчи чорагида 8 мингтадан ортиқ янги кичик бизнес субъектининг ташкил этилишига кўмаклашди, бу 2014 йилнинг шу давридагига қараганда 10,2 фоиз кўпдир. Кичик бизнес субъектларига 2014 йилнинг биринчи чорагидагига нисбатан 1,3 баробар кўп банк кредитлари ажратилди. Йил бошидан буён хусусий мулкдорларга 55 та давлат активи реализация қилинди, шу жумладан, 13 та объект инвесторларга 9,7 миллиард сўмлик инвестициялар киритиш мажбурияти асосида бепул берилди.
Аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш натижасида жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида 141 мингтадан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди, улардан 88 мингтадан ортиғи ёки 62,6 фоизи қишлоқ жойларига тўғри келади.
“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида кексаларга муносиб эътибор кўрсатиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини юксалтиришга доир тадбирларни фаол амалга ошириш жараёни бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ҳар томонлама муҳокама қилиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар. Улар мамлакатимиз асосий молиявий ҳужжати кўрсаткичлари жорий йилда барча давлат ва хўжалик органлари томонидан аниқ ижро этилиши зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 
Қонунчилик палатасининг 
Ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn