Глобал дастурлар рўёбига салмоқли ҳисса
  • 11 Июнь 2015

Глобал дастурлар рўёбига салмоқли ҳисса

Римда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)га аъзо давлатларни уларнинг очарчиликка барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатлари учун мукофотлаш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришган ва жорий йилда мукофотланган 14 мамлакатдан бири бўлди.

Ўзбекистонга ушбу нуфузли мукофотнинг топширилиши тарихий воқеадир. Ҳолбуки, 25 йил аввал, яъни мустақилликка эришиш арафасида мамлакатимиз асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, буғдой, ёрма, гўшт, сут маҳсулотлари, тухум ва шакарни четдан олиб келишга мажбур эди. Бугунги кунда Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ўз эҳтиёжини нафақат мустақил таъминламоқда, балки юртимизда ишлаб чиқарилган товарларни экспорт қилаётир.
Ушбу ютуқларга эришиш тарихи воқеаларга бойдир. Мустақил тараққиёт йўлини танлаган мамлакатимиз ўз умрини ўтаб бўлган маъмурий режалаштириш-тақсимлаш тизимидан тўлиқ воз кечди. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш йўли танланди. Чунончи, бу борада фермер хўжаликлари ташкил этилди, қишлоқда ишлаб чиқариш муносабатлари такомиллаштирилди, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини бошқаришнинг ташкилий тузилмалари жорий этилди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқий ҳимояси таъминланди.
Қулай табиий-иқлим шароитида амалга оширилган ушбу чора-тадбирлар самарасида юқори сифатли сархил мева-сабзавотлар етиштириш имконияти кенгайди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ривожланиши мамлакатимиз озиқ-овқат саноати корхоналари юксалишига олиб келди. Пировардида буларнинг барчаси аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш масаласини ҳал этишга хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, аҳоли томонидан истеъмол қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигига, тўлақонли овқатланиш нормаларига эришилди.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида муайян тажриба тўплаган Ўзбекистон 2001 йилда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)га аъзо бўлди. Шу тариқа мамлакатимиз халқаро илғор тажрибани ўрганиш, ўз имкониятларини намойиш этиш, долзарб масалаларни ҳал қилиш йўлларини биргаликда ишлаб чиқиш учун янги имкониятларга эга бўлди.
Мамлакатимизда ФАО билан ҳамкорлик самарасида ўнлаб миллий ва минтақавий лойиҳа амалга оширилди. Сувни тежаш ва сув ресурсларини бошқариш бўйича мутахассислар тайёрланиб, замонавий технологиялар жорий этилмоқда.  Ерга ишлов бериш, селекция ва уруғчилик, шунингдек, чўлланиш ва ер емирилишига қарши курашишнинг илғор услублари ҳаётга татбиқ қилинаяпти. Бунинг натижасида ғаллачилик, пахтачилик, чорвачилик, боғдорчилик ва бошқа соҳаларда маҳсулот ҳажми ва сифати ошаётир. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини нафақат хом ашё, балки тайёр маҳсулот сифатида экспорт қилиш борасида давлатимиз имкониятлари кенгаймоқда.
Давлатимиз раҳбари 2014 йилда “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуида бўлиб ўтган халқаро конференцияда ҳам шу ҳақда сўз юритди. Конференцияда мамлакатимизда ҳар йили 16 миллион тоннага яқин мева ва сабзавот  етиштирилаётгани, аҳоли жон бошига қарийб 300 килограмм сабзавот, 75 килограмм картошка ва 44 килограмм узум тўғри келаётгани ва бу оптимал, яъни мақбул деб ҳисобланадиган истеъмол меъёридан уч баробар кўп экани таъкидланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳар йили дунёнинг 80 давлатига 180 дан ортиқ турдаги сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотларни экспорт қилмоқда.
Президентимиз мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари олдига 2020 йилда мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари етиштиришни 2014 йилдагига нисбатан камида 2,3 марта кўпайтириш вазифасини қўйди. Бунинг учун қишлоқ хўжалигини ислоҳ этиш ва модернизация қилиш, ернинг мелиоратив ҳолатини ва ирригация тизимини яхшилаш, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишларни давом эттириш ва чуқурлаштириш зарур. Бу борада хорижий инвестицияларни жалб қилиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сотиш учун янги бозорлар топиш, уларни сақлаш, логистика ва истеъмолчиларга етказиб беришнинг замонавий тизимини шакллантириш ҳам муҳим масалалар сирасига киради.
Ўзбекистон ушбу истиқболли вазифаларни инобатга олган ҳолда, ФАО билан самарали ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга қарор қилди. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Жозе Грациану да Силванинг мамлакатимизга ташрифи бу борада муҳим қадам бўлди. Олий даражада ўтказилган музокаралар чоғида Ўзбекистонда ушбу халқаро ташкилотнинг ваколатхонасини ташкил этиш ҳақида келишувга эришилди.
Бунинг натижасида 2014 йилда ФАО ваколатхонаси ўз фаолиятини бошлади. Мамлакатимиз ва хорижий мутахассисларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари юртимиз қишлоқ хўжалиги тармоғини ривожлантириш, соҳа ходимларининг малакасини ошириш, ушбу йўналишдаги илғор жаҳон тажрибасини ўрганиш ва Ўзбекистон тажрибасини тарғиб этишга қаратилган.
ФАОнинг Марказий Осиё бўйича субминтақавий мувофиқлаштирувчиси ва Ўзбекистондаги вакили Юрико Шожининг сўзларига кўра, ўтган йили 2014 — 2017 йилларга мўлжалланган мамлакатлар ҳадли дастурининг имзолангани Ўзбекистоннинг ушбу халқаро ташкилот билан яқин ҳамкорлигининг муҳим йўл харитасига айланди. Мазкур дастур қишлоқ хўжалиги экинларини диверсификация қилиш, ишлаб чиқариш ва чорва моллари саломатлигини яхшилаш, зараркунандаларга қарши курашиш, балиқ етиштиришни кенгайтириш ва сув ресурсларидан барқарор асосда оқилона фойдаланишга қаратилган.
Хусусан, ФАО табиатга зиён етказмаган ҳолда деҳқончилик билан шуғулланиш ва бошқа янги қишлоқ хўжалиги услубларини жорий қилиш соҳасида техник кўмаклашмоқда. Сақлаш муддати ва экспорт ҳажмини ошириш мақсадида қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, йиғиштириб олиш, қайта ишлаш ва сақлаш бўйича янги технологиялар ҳаётга татбиқ этилаётир.
— Шу йилнинг март ойида Ўзбекистон билан ФАО ўртасида умумий қиймати қарийб 1,6 миллион долларлик тўртта шартнома имзолангани ушбу дастурни амалга оширишда амалий механизм бўлиб хизмат қилаётир, — дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги  вакилининг ўринбосари Алишер Шукуров. 2014 — 2017 йилларга мўлжалланган мамлакатлар ҳадли дастури доирасида Ўзбекистонда органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилмоқда. Тажриба ўтказилаётган фермер хўжаликлари мисолида органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш чоралари намойиш этилиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида фермер ва мутахассислар малакасини ошириш, бу борадаги замонавий технологияларни жорий этиш бўйича таништирув тадбирлари ўтказиш режалаштирилмоқда.
Ушбу чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизга озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўз позициясини мустаҳкамлаб, глобал озиқ-овқат дастурини амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшиш имконини беради. Жорий йилда бутун дунёда Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш якунланади. Давлатлар Барқарор ривожланиш мақсадларига босқичма-босқич ўтмоқда ва ушбу мақсадларга эришиш Ер юзида очарчилик муаммосини бартараф этиш имконини беради.
Яна бир муҳим жиҳат. Шу йилнинг март ойида БМТ “Дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ ишлар аҳволи — 2015” маърузасини эълон қилди. Ушбу ҳужжатда “очарчиликка қарши курашишда тараққиётга эришган мамлакатлар бу борадаги ишларни барқарор сиёсий шароитларда амалга оширди, инклюзив иқтисодий юксалиш, қишлоқ хўжалиги, балиқчилик ва ўрмон хўжалигининг ривожланишини таъминлади” дейилган. Бу ҳақли равишда Ўзбекистонга ҳам тааллуқлидир. Зеро, юртимизда тинчлик, хотиржамлик ҳукм сураётгани, халқимизнинг меҳнатсеварлиги ва ҳар биримизнинг янги билим ҳамда ютуқларга интилишимиз фаровонлигимиз кафолатидир.

Сардор ТОЖИЕВ,
ЎзА шарҳловчиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn