Сиёсий партиялар фракциялари Давлат бюджети ижроси якунларини муҳокама қилмоқда
  • 11 Июнь 2015

Сиёсий партиялар фракциялари Давлат бюджети ижроси якунларини муҳокама қилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг Давлат бюджети ҳамда давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2014 йил ва 2015 йил биринчи чорагидаги ижроси якунлари муҳокамасига бағишланган йиғилишлари бўлиб ўтди.

Уларда  тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Маълумки, парламент назорати Олий Мажлис қуйи палатаси фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлиб, бу борада ўзига хос тизим шакллантирилган. Хусусан, Давлат бюджети ижроси якунларини муҳокама қилиш ҳам ушбу соҳадаги долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Депутатлар мазкур масалани Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси талабларидан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқдилар.
Таъкидланганидек, иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари мақсадли ва тизимли асосда рўёбга чиқарилиши натижасида ҳисобот даврида ўсишнинг барқарор юқори суръатлари, макроиқтисодий мувозанат, модернизация ва диверсификация жараёнлари таъминланди. Бу эса аҳоли бандлиги ва даромадлари даражаси ошиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети профицит билан ижро этилишига замин яратди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси йиғилишида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қабул қилинган чораларга алоҳида тўхталиб ўтилди. 
Эътироф этилганидек, ишлаб чиқаришнинг енгил, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари саноати каби тармоқларини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар доирасида улардаги ишчи-ходимларнинг чекланган сони 100 нафардан 200 нафаргача кўпайтирилгани бу борадаги муҳим қарорлардан бирига айланди.
Пировардида Ўзбекистон 2014 йилда бизнес юритиш шароитларини таснифловчи рейтингда саккиз, солиқ солишда эса 61 поғона юқорига кўтарилди.
Хусусий секторни янада ривожлантириш бўйича қўлга киритилган ютуқлар диққатга сазовордир. Қабул қилинаётган тизимли чоралар 2015 йилнинг биринчи чорагида 8 мингдан ортиқ янги кичик бизнес субъектларини ташкил қилиш имконини берди. Бу 2014 йилнинг шу давридагига нисбатан 10,2 фоиз кўпдир. Кичик бизнес субъектларига  2,8 трлн. сўм миқдорида ёки 2014 йилнинг биринчи чорагидагига нисбатан 1,3 маротаба кўп банк кредитлари берилди. Йил бошидан хусусий мулкдорларга умумий қиймати 28,3 млрд. сўм бўлган 55 та давлат активи,  жумладан, сармоядорларга 9,7 млрд. сўм инвестиция киритиш мажбурияти билан 13 та объект “ноль” қийматида сотилди.
— Фракциямиз йиғилишида 2014 йил ва жорий йилнинг биринчи чорагида Давлат бюджети ижроси якунларини партиямиз сайловолди дастури нуқтаи назаридан кўриб чиқдик, — деди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Н. Саидахметова. — Ўтган даврда мамлакат ялпи ички маҳсулоти шаклланишида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан 56 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда эса 12,9 фоиздан 31,1 фоизга ўсгани алоҳида эътиборга молик. Давлат томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган чора-тадбирлар натижасида микрофирмалар ва кичик корхоналарда ишлаб чиқариш ҳажми кўпайди.
“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари жадал ва мувозанатли иқтисодий ўсиш, чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва иқтисодиётни диверсификация қилишнинг энг муҳим мезонларидан саналган фаол, манзилли инвестиция сиёсатини амалга ошириш масалаларига эътибор қаратдилар. Алоҳида қайд этилганидек, 2014 йилда марказлаштирилган инвестицияларни молиялаштиришга Давлат бюджетидан 1616,5 млрд. сўм, 2015 йил биринчи чорагида эса 411,9 млрд. сўм маблағ ажратилди.
— Тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштириш сайловолди дастуримизнинг муҳим вазифаларидандир, —  деди МТДП фракцияси аъзоси С. Намозов. — Шунинг учун Давлат бюджети ижросининг 2014 йил ва 2015 йил биринчи чорагидаги якунларини таҳлил қилишда айнан шу жиҳатларга эътибор қаратдик ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ижобий натижаларни  бермоқда, деган хулосага келдик. Чунончи, ўтган йили иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида умумий қиймати 4,2 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган ҳамда замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланган 154 та йирик объект фойдаланишга топширилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида фаол инвестиция сиёсати давом эттирилиб, ишлаб чиқариш саноатини модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш, илғор инфратузилма яратиш жараёнини жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилди.
Йиғилишларда депутатлар, шунингдек, 2010 йилда қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси босқичма-босқич рўёбга чиқарилиши масаласини муҳокама қилдилар.
Бинобарин, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан юртимизнинг ижтимоий-сиёсий тараққиётига доир муҳим вазифаларни ҳал қилиш, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашда фуқаролик институтларининг сезиларли даражада юксалиб бораётган роли ҳамда аҳамияти алоҳида таъкидланди. Хусусан, 2014 йилда Давлат бюджетидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини молиялаштиришга 346,6 млрд. сўм ёки 2013 йилдагига нисбатан 22,4 фоиз кўп маблағ йўналтирилди. 2015 йилнинг биринчи чорагида эса ушбу мақсадлар учун 78,4 млрд. сўм ажратилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси Давлат бюджети ижроси якунлари муҳокамаси чоғида Ҳукумат ҳаракатлар дастурида назарда тутилган қатор муҳим иқтисодий ва ижтимоий вазифаларни ҳал қилиш йўллари тўғрисида ўз сайловолди дастурида баён этилган нуқтаи назарига амал қилди.
Фракция аъзолари айтиб ўтганидек, 2014 йилда ва жорий йилнинг биринчи чорагида ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, мамлакатимиз аҳолиси даромадлари ва турмуш даражасини узлуксиз юксалтириш масалалари диққат-эътиборда бўлди. Ўтган йили ижтимоий соҳа харажатларини молиялаштириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга 18493,8 млрд. сўм маблағ ажратилди, бу давлат бюджети харажатлари умумий ҳажмининг 58,8 фоизини ташкил этади. Жорий йилнинг биринчи чорагида мазкур кўрсаткич қарийб 56,7 фоизни ташкил қилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар фуқаролар, айниқса, аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламлари турмуш даражаси ҳамда сифатини оширишга имкон берди.
2015 йилда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида назарда тутилган вазифаларга, хусусан, кексаларга муносиб эътибор қаратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тиббий ва ижтимоий хизмат даражаси ва сифатини ошириш бўйича тадбирларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобидан қарийб 593 миллиард сўм йўналтирилди.
— Аҳоли бандлиги даражасини ошириш давлат ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади, — деди ЎзХДП фракцияси аъзоси А. Юнусова. — Бинобарин, фракциямиз партиямиз сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда  фуқаролар, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришнинг мутлақо янги ва замонавий усулларини жорий этиш тарафдоридир. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланган 2014 йилда иш ўринлари ташкил қилиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури асосида 980 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилди. Бунда ёшларнинг бандлигига алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йили аҳолининг реал даромадлари 10,2 фоиз кўпайгани ҳам эътирофга лойиқдир.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси йиғилишида соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича олиб борилаётган изчил ҳамда аниқ мақсадли ишларга алоҳида аҳамият берилди. Айтиб ўтилганидек, ўтган йили ушбу соҳа равнақи учун 4507,2 млрд. сўм ёки ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича барча харажатларнинг 24,4 фоизи йўналтирилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида мазкур йўналишга 1037,9 млрд. сўм ёки ижтимоий соҳа харажатларининг 24,1 фоизи ажратилди.
Қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилди. Уларнинг фаолиятини янада оптималлаштириш, замонавий диагностика ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш чоралари кўрилди, уларни малакали тиббий кадрлар билан таъминлаш ва меҳнатини рағбатлантириш янада кучайтирилди.
Фракция аъзолари сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда қайд этганидек, таълим тизимини янада такомиллаштириш, таълим стандартлари ва дастурларини яхшилаш бўйича самарали чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Булар эса таълим жараёни даражаси ва сифатини юксалтириш, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашни давом эттиришга қаратилгани билан муҳимдир.
— Давлат бюджети ижроси якунларини кўриб чиқиш жараёнида соғлиқни сақлаш, таълим, фан, инновацияларни ривожлантириш соҳаларидаги харажатларга батафсил тўхталиб ўтдик, — деди “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Р. Матқурбонов. — Зеро, улар партиямиз сайловолди дастурида устувор йўналишлар сифатида белгиланган. Таъкидлаш лозимки, ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши натижасида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни дунёга келтириш ва вояга етказишда ижобий кўрсаткичларга эришилди. Сўнгги ўн йилда ривожланишида туғма нуқсони бўлган болалар сони 1,3 баробар камайди. 6 — 15 ёшли болалар орасида ўткир юқумли касалликлар билан оғриш 34,4 фоиз, пневмонияга чалиниш 49,7 фоиз, бронхит билан хасталаниш 32,8 ва сколиоз 32,7 фоиз камайди.
Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг йиғилишида ўтган йили ва жорий йилнинг биринчи чорагида Давлат бюджетидан муҳим экологик вазифаларни ҳал қилиш учун молиявий маблағлар ажратилганига тўхталиб ўтилди. Давлат бюджетининг атроф-муҳитни муҳофаза қилишга йўналтирилган харажатлари 2014 йилда 547,2 млрд. сўм, 2015 йил биринчи чорагида эса 158,5 млрд. сўмни ташкил қилди. Улар аҳоли яшаш пунктларини ободонлаштириш, маҳаллий даражадаги автомобиль йўлларини сақлаш, шаҳарлар, шаҳарчалар, туманларнинг бошқа инфратузилмаларини ривожлантириш, қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш дастурларини амалга ошириш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, сув ва ер ресурсларини муҳофаза қилиш ҳамда бошқа тадбирларга йўналтирилди.
Мазкур саъй-ҳаракатлар пировардида жойлардаги ободонлаштириш бошқармалари модий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳоли яшаш пунктлари қиёфасини яхшилаш имконини берди. Бу, ўз навбатида, мақбул экологик шароит, мамлакатимиз биохилмахиллигини самарали ҳимоя қилишда яққол ифодасини топди.
— Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзолари томонидан Давлат бюджети ижроси якунларини муҳокама қилишда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирлари молиялаштирилиши билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилди, — деди Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзоси С. Абдубакиев. — Юртимизда қабул қилинаётган чора-тадбирлар туфайли экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилашга қаратилган дастур ҳамда лойиҳалар амалиётга жорий этилди. 2014 йилнинг ўзида ҳайвонлар ва ўсимликларни муҳофаза қилишга 7,1 млрд. сўм, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга 264,2 млрд. сўм, ерларни сув ва шамол эрозиясидан ҳимоялашга 1,3 млрд. сўм ажратилди. Булар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи давлатимиз сиёсатининг диққат-эътиборида эканлигидан далолат беради.
Йиғилишларда бу борадаги масалалар юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар вакилларининг ахборотлари эшитилди.
Давлат бюджетининг 2014 йил ва 2015 йил биринчи чорагидаги ижроси якунларини муҳокама қилиш чоғида фракциялар аъзолари бюджет маблағларидан янада самарали ва мақсадли фойдаланиш, бюджет ташкилотларида молиявий интизомга риоя қилиш, Бюджет кодекси қоидалари сўзсиз бажарилишида давлат органларининг масъулиятини ошириш юзасидан  амалий тавсиялар бердилар.
Йиғилишлар якунлари бўйича сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи қарорлари қабул қилинди.

Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn