Тинчлик ва ҳамкорлик самаралари
  • 10 Июнь 2015

Тинчлик ва ҳамкорлик самаралари

Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамкорлиги кенг қамровли. Мамлакатимиз ушбу нуфузли халқаро тузилма билан тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, экологик муаммоларни бартараф этиш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъатни ривожлантириш борасида изчил ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Пойтахтимизда БМТнинг қатор таркибий тузилмалари — Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Болалар жамғармаси, Аҳолишунослик жамғармаси, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти, Гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси, Тараққиёт дастури, ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури ваколатхоналари фаолият кўрсатаётир.
БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти — ЮНЕСКО билан ўзаро ҳамкорлик алоҳида эътиборга молик. Халқларнинг маънавий дунёсини юксалтириш, улар ўртасида ўзаро маданий ва маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш орқали жаҳонда тотувлик ва бағрикенглик ғояларини қарор топтиришга қаратилган мазкур ташкилотнинг мақсад ва вазифалари мамлакатимизда амалга оширилаётган эзгу ишлар билан ҳамоҳангдир.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий қадриятларимизни тиклаш, маданий ёдгорликлар, тарихий обидалар, муқаддас қадамжоларни асраб-авайлаш, аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, илм-фан ва таълим соҳаларини изчил ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар халқаро миқёсда кенг эътироф этилмоқда. 1998 йилда ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 155-сессиясида Президентимиз Ислом Каримов миллий маданиятни ривожлантириш, маданий-тарихий ёдгорликларни асраб-авайлаш ва ЮНЕСКО билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун ташкилотнинг олий мукофоти — “Абу Али ибн Сино” олтин медали билан тақдирланди. 2006 йилда давлатимиз раҳбарига халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маданиятлараро ва динлараро мулоқотни ривожлантириш ҳамда маданий ранг-барангликни қўллаб-қувватлаш борасидаги улкан хизматлари учун ЮНЕСКОнинг “Боробудур” олтин медали топширилди.
ЮНЕСКО Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнига, юртимиздаги тарихий обидалар, қадимий шаҳарлар, ёзма ва оғзаки халқ ижодиёти, умуман, ўзбек халқининг бой меросига катта қизиқиш билан қарайди. Мамлакатимизда муқаддас қадамжоларни таъмирлаш, улуғ аждодларимиздан қолган бой маданий ва маънавий меросни асраб-авайлаш, ўрганишга қаратилаётган юксак эътибор ташкилот томонидан доимо эътироф этилади.
ЮНЕСКО фан, таълим ва маданият соҳаларини ривожлантириш, қадимий обидаларни асраб-авайлаш борасида Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида ЮНЕСКО шафелигида Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Камолиддин Беҳзод каби буюк аждодларимиз, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши, Тошкент, Марғилон сингари қадимий шаҳарларимиз, “Алпомиш”, “Авесто” каби бебаҳо адабий ёдгорликлар, Хоразм Маъмун академиясининг юбилейлари халқаро миқёсда кенг нишонланди. Маданий ва табиий меросни аниқлаш, муҳофаза қилиш ва сақлаш ЮНЕСКО фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий-маданий объектлари ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. ЮНЕСКО қарорига мувофиқ, 2001 йилда Бухоро “Тинчлик шаҳри” деб эълон қилинди. Шашмақом, Катта ашула, Наврўз ва Аския инсониятнинг энг дурдона кашфиётлари сифатида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон номоддий мероси рўйхатига киритилган.
Мамлакатимизда ЮНЕСКО иштирокида кўплаб халқаро анжуманлар ўтказилаётгани халқимизнинг бой маънавий меросига, юксак маданиятига, улкан бунёдкорлик салоҳиятига ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2014 йил 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуида халқаро конференция ўтказилди. Унда иштирок этган ЮНЕСКО Бош директорининг ўринбосари Хуберт Гизен ЮНЕСКО учун катта аҳамиятга эга бўлган ушбу муҳим тадбирни ташкил этгани ҳамда таълим-тарбия, илм-фан, маданият, коммуникация ва ахборот соҳаларини ривожлантиришга қаратаётган эътибори учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. У юртимиз ёшлари — ўқувчилар, талабалар, ёш олимлар ва оддий одамларнинг мамнун чеҳрасига алоҳида эътибор қаратиб, Ўзбекистон — келгуси тараққиёт учун ишончли пойдевор сифатида хизмат қиладиган ёшлардан иборат, ўқимишли, руҳи ва маънавияти юксак инсонлар мамлакати эканини алоҳида таъкидлади.
ЮНЕСКО юртимизда ўтадиган кўплаб маданий тадбирларнинг меҳмони, ташкилотчиси ва иштирокчисидир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган, ЮНЕСКО шафелигида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали халқлар ўртасида ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш, мусиқа ва қўшиқ орқали одамлар қалбида эзгу туйғуларни уйғотишдек олижаноб мақсадларга хизмат қилмоқда. Мазкур фестивалнинг ЮНЕСКО халқаро маданий тадбирлари доирасига киритилиши унинг сиёсий-маънавий аҳамияти нақадар юксаклигидан далолатдир.
Мазкур фестиваль нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё номоддий маданий меросини тиклаш, асраш, тарғиб қилиш ва авлоддан-авлодга етказишга ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшмоқда. 2013 йилда бўлиб ўтган “Шарқ тароналари” тўққизинчи халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросимида ЮНЕСКО Бош директори Ирина Бокова буни алоҳида қайд этди: “Ўзбекистонда маданият ва санъатни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Президент Ислом Каримов томонидан асос солинган “Шарқ тароналари” фестивали ана шу эътиборнинг юксак намунасидир. Минг йиллар давомида Ер юзининг турли ўлкаларидан одамлар бутун дунё таниган буюк астроном Улуғбек заковатининг маҳсули бўлмиш илм-фан, фалсафа, диншунослик, астрономия ва адабиёт сирларини ўрганиш мақсадида Самарқандга келганлар. Улар бу ерга илм олиш, мусиқа, рақс ва мингйиллик урф-одатларни ўрганиш учун келишган ва бугун биз ҳам ана шу қадимий анъаналарни давом эттирмоқдамиз. Глобаллашаётган дунёда инсонларни бирлаштириш учун бизга катта восита керак. Мусиқа шу воситаларнинг биридир. Бу шундай кучки, барча чегаралардан ошиб, юракларга жо бўлади — ҳар биримизга турлича таъсир этиб, ягона бир оила сифатида бирлаштиради”.
Ўзбекистон ва ЮНЕСКОнинг фаол ҳамкорлиги таълим соҳасида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар самарасида ҳам ўз аксини топган. Мазкур ташкилотнинг Бирлашган мактаблар дастури тармоғи таълим соҳасидаги асосий дастур ҳисобланиб, дунёдаги олти мингдан зиёд мактаб унинг аъзосидир. Дастурнинг асосий мақсади халқаро ҳамжиҳатлик, тинчлик, маданиятлараро мулоқот ва барқарор тараққиёт ғояларини тарғиб этиш ҳамда таълим сифатини оширишга қаратилган. ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси мамлакатимизда ушбу тармоқни ривожлантириш бўйича фаол иш олиб бормоқда. 1996 йилдан буён мазкур тармоққа юртимизнинг элликка яқин таълим муассасаси аъзо бўлган. Ушбу таълим муассасалари бир қатор халқаро дастурларда муваффақиятли қатнашиб, “Таълим барча учун” мақсадларини тарғиб этмоқда.
ЮНЕСКО билан ҳамкорликда аҳолининг тил ўрганиш имкониятларини кенгайтириш, маънавият ва маърифат йўналишлари бўйича таълимни ривожлантириш, фан-техника ютуқларидан янада кенг фойдаланишни таъминлаш каби вазифалар изчиллик билан амалга оширилмоқда. ЮНЕСКОнинг фан дастурлари доирасида биологик хилмахилликни асраш ва табиий манбалардан оқилона фойдаланиш, ижтимоий ва иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш, маданий қадриятларни ривожлантиришга бағишланган қатор лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
Ўзбекистон билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тузилмалари, жумладан, ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорлик бундан буён ҳам изчил ривожланиб, қамров доираси кенгайиб бораверади. Бу ҳамкорлик жаҳонда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга, халқлар ўртасида дўстликни ривожлантиришга, Ватанимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигининг янада ошишига хизмат қилади.

Нодира МАНЗУРОВА,
ЎзА шарҳловчиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn