Парламентаризм тараққиёти: Миллий тажриба ва халқаро амалиёт
  • 10 Июнь 2015

Парламентаризм тараққиёти: Миллий тажриба ва халқаро амалиёт

Пойтахтимизда “Ўзбекистонда парламент демократиясини ривожлантириш: миллий тажриба ва халқаро амалиёт” мавзуида халқаро давра суҳбати ўтказилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти ҳамда Германиянинг Ф. Эберт номидаги жамғармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда парламент аъзолари, давлат тузилмалари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар ходимлари, шунингдек, журналистлар қатнашди. Қайд этилганидек, юртимизда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчил ва босқичма-босқич амалга оширилаётир. Бу борада яратилган мустаҳкам қонунчилик базаси парламентнинг профессионал фаолият юритишини таъминлаш, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтларининг жамиятдаги ролини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Давра суҳбатида иштирокчилар томонидан Ўзбекистонда замонавий парламентаризм тараққиётининг босқичлари, унинг ўзига хос хусусиятлари таҳлил этилиб, Олий Мажлиснинг парламент назорати бўйича фаолиятига тўхталиб ўтилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Олий Мажлис қонунлар, давлат дастурлари, қисқача айтганда, муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан парламент назоратини самарали амалга ошириб келмоқда.
Тадбир доирасида мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган Демократия ва инсон ҳуқуқлари институтининг тақдимоти бўлиб ўтди. Жорий йилнинг март ойида иш бошлаган мазкур институт фаолияти кенг қамровли бўлиб, давлат бошқаруви ва жамият қурилишини демократлаштириш, сўз эркинлиги, очиқлик ҳамда ошкораликни таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, тадбиркорлар ҳуқуқларини таъминлашга кўмаклашиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш ва ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ҳамда дастурларни амалга ошириш унинг асосий йўналишларидан ҳисобланади.
Давра суҳбатида парламент демократиясини ривожлантириш бўйича халқаро тажриба хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn