Фан, таълим, маданият ва спорт ривожи — доимий эътиборда
  • 09 Июнь 2015

Фан, таълим, маданият ва спорт ривожи — доимий эътиборда

Шу кунларда парламент қуйи палатаси қўмиталарида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йилдаги ва 2015 йил биринчи чорагидаги ижроси якунлари кўриб чиқилмоқда.

Хусусан, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши шу мавзуга бағишланди. Унда депутатлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ижтимоий йўналтирилган бозор ислоҳотларининг босқичма-босқич рўёбга чиқарилиши натижасида аҳоли турмуш фаровонлиги барқарор равишда юксалиб бораётир. Хусусан, 2014 йилда давлат бюджети харажатларининг 58,8 фоизи ижтимоий соҳага ажратилди. Бунда таълим тизимини янада ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
— Депутатлар томонидан 2014 йилда таълим тизимини ислоҳ этиш борасида амалга оширилган кенг кўламли вазифалар қаторида ёш авлоднинг чет тилларни ўрганиши масаласи ҳам муҳокама қилинди, — деди депутат О. Жамолдинова. — Шу маънода, ҳисобот даврида хорижий тиллар бўйича дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмалари, мультимедиа иловаларини етказиб бериш учун умумтаълим тизимига 6,1 млрд., ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига 1,9 млрд. сўмлик маблағ ажратилгани диққатга сазовор.
Ўз навбатида, таълим муассасаларини жорий таъмирлаш ва техник жиҳозлаш ишлари изчил давом эттирилди. Жумладан, ушбу мақсадлар учун 94,1 млрд. сўм, уларни мантиқий интеллектуал ўйинлар комплектлари билан таъминлашга 3 млрд. сўм йўналтирилди.
— Мажлисда маданият, спорт ва оммавий ахборот воситалари ривожига йўналтирилган маблағлар манзиллилигига алоҳида аҳамият қаратилди, — деди депутат Н. Мухторов. — Ўтган йили ушбу мақсадлар учун 361,5 млрд. сўм сарфланган. Бу 2013 йилдагига нисбатан 25,8 фоиз кўпдир. Бунда ахборот-кутубхона марказлари ва махсус кутубхоналар, музейлар, кўргазмалар ҳамда кўргазма заллари, маданият саройлари ва уйларини сақлаш, театрлар, мусиқа жамоалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, спортни янада равнақ топтириш каби масалалар муҳим ўрин тутди.
Илм-фан ривожи учун 187 млрд. сўм ажратилди. Мазкур кўрсаткич 2013 йилдагига қараганда 13,6 фоиз зиёддир. Ушбу маблағлар кўмагида давлат илмий-техника дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар молиялаштирилди. Шунингдек, ноёб объектлар ва фанга хизмат кўрсатувчи муассасалар, давлат архивларини сақлаш ҳамда соҳага боғлиқ бошқа харажатларга йўналтирилди.
Йиғилишда 2015 йилнинг биринчи чорагида фан, таълим, маданият ва спорт соҳасига ажратилган давлат бюджети харажатлари ижроси таҳлил этилди.
Муҳокамаларда кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет маблағларидан янада самарали ва мақсадли фойдаланишини таъминлаш, бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларда молиявий интизомга риоя этилиши ҳамда Бюджет кодекси талаблари бажарилиши юзасидан назоратни янада кучайтириш ҳамда уларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш борасида амалий таклифлар берилди.
Ушбу масалалар бўйича масъул вазирлик ва идоралар вакилларининг ахборотлари эшитилиб, якунда тегишли қарор қабул қилинди.

С. МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn