Атроф-муҳит муҳофазаси ва жамоатчилик назорати
  • 09 Июнь 2015

Атроф-муҳит муҳофазаси ва жамоатчилик назорати

Республикамизнинг барча ҳудудида “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жойларда жамоатчилик назоратини амалга оширишда аҳоли фаоллигини кучайтиришда фуқаролик жамияти институтларининг роли” мавзуида семинарлар ўтказилди.

Мазкур тадбирлар Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлари гуруҳи, Экоҳаракат, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамкорлигида ташкил этилган.
Семинарларда депутатлар, Экоҳаракат фаоллари, ҳудудлардаги табиатни муҳофаза қилиш қўмиталари мутахассислари, экология ва тиббиёт соҳасида фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, журналистлар иштирок этди.
Дарҳақиқат, юртимизда табиат ва унинг неъматларини асраб-авайлаш, мусаффоликни таъминлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини  қарор топтириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан  ҳисобланади. Айни соҳадаги ишлар самарадорлигини оширишни кўзда тутган семинарларда мавжуд экологик муаммоларни бартараф этиш ҳамда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш масалалари қизғин муҳокама қилинди. Бунда экологик назорат механизмларини амалиётга янада самарали жорий этишда фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш устувор вазифалардан бири эканига алоҳида урғу берилди. Бинобарин, соҳанинг тегишли қонунчилик асослари, хусусан, “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳиятини халқимизга чуқур етказиш ва унинг сўзсиз бажарилишига эришиш, бу борада фуқаролик институтлари фаоллигини ошириш долзарб аҳамиятга эга.
— Мамлакатимизда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили ҳаётга изчил татбиқ этилаяпти, — дейди депутат Ф. Қувватов. — Атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга оид ташкилий-ҳуқуқий базани маромига етказиш, бу борада нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни янада кенгайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида қатор қонунчилик ташаббуслари, жумладан, “Экологик назорат тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунлар қабул қилингани бунинг тасдиғидир. Уларда нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, кенг жамоатчиликнинг табиат ресурсларини асраш, улардан оқилона фойдаланиш, эл соғлиғини мустаҳкамлаш, тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашдаги фаолиятини янада кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
— Республикамизда барча йўналишдаги жамоат ташкилотлари, хусусан, экология ва тиббиёт жабҳасида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаяпти, — дейди Қашқадарё вилоятидаги “Экосфера” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари С. Мустафоев.— Биз фуқаролик жамияти институти сифатида  парламент эшитувларида қатнашиш ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш, жамоатчилик экологик мониторинги ва экспертизасини амалга ошириш, экологик рейдлар ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси назорат-таҳлил тадбирларида иштирок этиш имкониятларидан фойдаланаяпмиз.  Пировардида тажрибамиз янада бойиб, фаолиятимиз изчил такомиллашиб бораяпти.
— Жамоатчилик экологик назоратни амалга оширишда ижтимоий сўровлар ўтказишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда, — дейди Экоҳаракатнинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбари А. Бегимова.  — Шунингдек, “Ишонч телефонлари” имкониятларидан ҳам кенг фойдаланилаётир. Бу каби усуллар қонунлар ва уларнинг бажарилиши механизмларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифларни ўрганиш, ҳудудлардаги экологик вазиятдан ўз вақтида хабардор бўлиш имконини бермоқда. Мазкур саъй-ҳаракатлар натижалари ОАВда мунтазам ёритиб борилаяпти. Бу эса юртимизда атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини асраб-авайлашга қаратилган ислоҳотлар самаралари ҳақида жамоатчиликни яқиндан хабардор қилиш, уларнинг муносабатларини билиш, фуқароларнинг ижтимоий-экологик фаоллигини оширишда айни муддао бўлмоқда.
— Аҳоли, айниқса, ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш давр талабига айланган, — деди педагог, Экоҳаракат фаоли Н. Баҳриддинов. — Бу каби семинарларнинг мунтазам ўтказилиши ана шу нуқтаи назардан ҳам долзарбдир. Эътиборлиси, тадбирларда ёш авлод вакиллари фаол иштирок этди. Улар мутасадди ва мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар. Ёшларимиз ўзларининг соҳадаги ислоҳотларга бефарқ эмасликлари, аксинча, атроф-муҳит муҳофазаси ва табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида чуқур масъулият ҳамда дахлдорлик ҳиссини намоён этди. Умуман, ушбу соҳада тушунтириш ва тарғибот ишлари қанча кўп бўлса, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш юзасидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда аҳоли шунча фаол қатнашади.
Республикамизнинг барча ҳудудида ўтказилган тадбирларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг соҳага доир қонун ҳужжатлари ҳамда давлат дастурлари рўёбидаги ўзаро ҳамкорлиги, мазкур йўналишдаги ишларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар алмашилди, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn