Ўзбекистон — Жанубий Корея: Ўзаро алоқалар мустаҳкамланмоқда
  • 06 Июнь 2015

Ўзбекистон — Жанубий Корея: Ўзаро алоқалар мустаҳкамланмоқда

Тошкентда Ўзбекистон — Жанубий Корея ҳамкорлигига бағишланган симпозиум бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги кўмагида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг юртимиздаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги вице-президенти Чве Сонг Хо ва бошқалар Ўзбекистон ва Корея Республикаси вақт синовидан ўтган ишончли стратегик ҳамкор эканлиги, икки давлат ўртасидаги алоқалар барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Савдо, сармоя, экспорт-импорт, ёқилғи-энергетика, кимё, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, автомобилсозлик, тоғ-кон саноати, енгил саноат, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, тиббиёт, туризм, фан-таълим ва маданият каби кўплаб соҳаларни қамраб олгани, томонлар ўртасида товар айирбошлаш ҳажми йил сайин кўпайиб бораётгани бунинг яққол далилидир.
Дарҳақиқат, бугунги кунда юртимизда Жанубий кореялик сармоядорлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 412 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 68 таси тўлиқ ушбу мамлакат капитали асосида тузилган. Шунингдек, юртимизда Корея Республикасининг 79 та компанияси ваколатхоналари очилган. Давлатимиз раҳбарининг яқинда мазкур давлатга амалга оширган расмий ташрифи давомида имзоланган ҳужжатлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаб, юқори босқичга кўтариши муқаррар.
Бундан 20 йил муқаддам мамлакатимизда Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг ваколатхонаси очилгани ва самарали фаолият кўрсатиб келаётгани ўзаро муносабатларнинг ёрқин мевасидир. Агентлик кўмагида ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантиришга қаратилган кўплаб янгиликлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ана шулар жумласидан бўлиб, ушбу йўналишларда умумий қиймати 78,9 миллион АҚШ долларилик лойиҳалар амалга оширилди.
— Бугунги тадбир ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ҳамкорлик масалаларини муҳокама этиш, яқин истиқболда амалга ошириладиган янги лойиҳалар ижроси юзасидан фикр алмашиш учун қулай имконият яратиб берди, — дейди Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари Им Жонг Хи. — Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар макроиқтисодий барқарорлик таъминланишида муҳим омил бўлмоқа. Айниқса, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳити яратилгани, таълим соҳаси, инфратузилмани ривожлантириш, саноатни модернизация қилиш, замонавий қишлоқ хўжалигини ташкил этиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда чуқур таркибий ўзгаришлар эътиборга моликдир. Агентлигимиз томонидан ҳаётга татбиқ қилинаётган лойиҳалар бу борадаги янгиланишларнинг самарадорлигини юксалтириш, ёшларнинг бандлигини таъминлашга муҳим ҳисса бўлиб қўшилади.   
Айтиш жоизки, юртимизда 2015 — 2017 йилларда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги билан ўн битта лойиҳа амалга оширилиши мўлжалланган. Умумий қиймати 58 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ушбу лойиҳалар доирасида жойларда қуриладиган IV даражали замонавий кўп тармоқли клиникалар учун юқори малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва тиббиёт ускуналарига хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш, Хоразм ва Фарғона вилоятларида техник мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш марказларини ишга тушириш, замонавий ахборот-ресурс марказини қуриш ва жиҳозлаш, электрон ўқитиш тизимини жорий қилиш ҳамда ўқув-илмий лабораторияларни жиҳозлаш каби кенг кўламли ишлар бажарилади.
Симпозиумда шу каби асосий йўналишлар бўйича олиб борилаётган ишлар аҳамияти ҳақида фикр юритилиб, долзарб мавзулардаги туркум маърузалар тингланди.


Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn