Ҳукуматлараро комиссия мажлиси
  • 06 Июнь 2015

Ҳукуматлараро комиссия мажлиси

Пойтахтимизда Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Эрон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Унда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, нефть-газ, кимё, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фан ва технологиялар, транспорт ва транспорт-коммуникациялари, божхона, сайёҳлик, электротехника каби соҳалар учун масъул вазирлик ҳамда идоралари, уюшма ва компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири, комиссия ҳамраиси Элёр ўаниев давлатларимиз ўртасидаги алоқалар кўп йиллик тарихга эгалиги, истиқлол йилларида у юқори босқичга кўтарилгани, пировардида ҳамкорлик кўплаб соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, Эрон Ўзбекистоннинг ишончли иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда юртимизда ушбу мамлакат инвесторлари иштирокида қарийб 120 та қўшма корхона фаолият юритмоқда.
Шундан 19 таси тўлиқ хориж инвестицияси ҳисобига ташкил этилган. Томонлар ўртасида савдо-иқтисодий муносабатлар ҳам йил сайин мустаҳкамланиб бораётир. 2014 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 37,7 фоиз ўсиб, 374,9 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 140,9 миллион долларга етказилди. 
Мажлисда савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга доир масалалар атрофлича муҳокама этилди. Бунинг учун ўзаро истиқболли соҳаларда кўпроқ преференциялар қўллаш, икки томонлама солиққа тортишга йўл қўймаслик, инвестицияларни ҳимоялаш ва рағбатлантириш борасидаги ишларни янада кенгайтириш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
— Ўзбекистонда кузатилаётган барқарор ўсиш суръатлари, қулай ишбилармонлик муҳити, айниқса, хорижлик инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар эронлик ишбилармонларнинг юртингиз иқтисодиётига бўлган қизиқишини оширмоқда, — дейди Эрон саноат, кончилик ва савдо вазири, комиссия ҳамраиси Муҳаммадризо Неъматзода. — Бугунги анжуман эса ишбилармонларимиз ўртасида амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун қулай имкониятдир. Шу боис унда 30 дан зиёд компаниялар раҳбарлари қатнашмоқда.
Шу куни Ўзбекистон ва Эрон ишбилармон доираларининг учрашувлари ҳам бўлиб ўтди. Унда томонлар илмий-техникавий, транспорт-коммуникацияси, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, шунингдек, бошқа соҳалардаги ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолатини муҳокама қилиб, мавжуд имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш юзасидан фикр алмашдилар.


С. ИБОДУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn