Соғлиқни сақлаш ислоҳотлари ва қонунчилик
  • 02 Июнь 2015

Соғлиқни сақлаш ислоҳотлари ва қонунчилик

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар тиббий хизмат сифатини янги босқичга кўтариб, халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Айниқса, аҳолини сифатли, кафолатланган дори воситалари билан таъминлаш ҳамда фармацевтика фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилаяпти.
Мазкур тизим бугунги кунгача амалдаги “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солиниб келинади. Айтиш жоизки, ушбу Қонун 1997 йилда қабул қилинган вақтда республикамизда атиги иккита фармацевтика корхонаси томонидан 30 га яқин номда дори воситалари ишлаб чиқарилар эди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат билан юртимизда фармацевтика саноатининг ривожланишига асос солинди. Натижада бугун мамлакатимизда соҳадаги корхоналар сони 149 тага етиб, улар томонидан 1482 номдаги дори воситалари ишлаб чиқарилаяпти. Шу билан бир қаторда, дори воситалари сифатини назорат қилиш тизими яратилган бўлиб, уларнинг таркибида 8 та тиббий маҳсулотларни сертификатлаштириш органи, 15 та назорат-таҳлил лабораторияси фаолият кўрсатмоқда. Ўз навбатида, соҳада рўй бераётган ўзгариш ҳамда ислоҳотлар амалдаги Қонуннинг айрим нормаларини сезиларли даражада янгилашни тақозо этди.
Шу муносабат билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган янги таҳрирдаги “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланиб, биринчи ўқишда қабул қилинди. У даставвал сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияларида, Экоҳаракат депутатлар гуруҳи йиғилишларида муҳокама этилиб, таклифлар олинди.
Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳузурида тузилган ишчи гуруҳи қонун лойиҳасини биринчи ўқишга киритиш олдидан фракцияларнинг нуқтаи назарини ўрганди, уларнинг ушбу йўналишдаги таклиф-мулоҳазаларини инобатга олди. Палатанинг навбатдаги ялпи мажлисида эса мазкур қонун лойиҳаси депутатлар, ҳукумат аъзолари, вазирлик ҳамда идораларнинг масъул ходимлари иштирокида қизғин муҳокама қилинди.
— Ушбу қонун лойиҳаси фракциямиз йиғилишида атрофлича кўриб чиқилиб, партиянинг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда фикрлар билдирилди, — дейди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси О. Эгамов. — Жумладан, депутатлар қонун лойиҳасининг ўта долзарб аҳамиятга эга эканлиги, унинг хусусий сектор ривожланишига қўшадиган ҳиссасига алоҳида тўхталдилар. Зеро, аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлаш мақсадида ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, хусусий фармацевтик корхоналар фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун мавжуд тўсиқларни бартараф қилиш, уларга кенг ҳамда тенг шароитлар яратиш каби масалалар бу борада устуворлик касб этади.
— Муҳокамалар чоғида фракциямиз аъзолари қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида эътиборга олиниши лозим бўлган масалалар мавжудлигини қайд этдилар, — дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси К. Тожиев. — Фикримизча, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш механизмларини халқаро стандартлар талаби билан уйғунлаштириш алоҳида аҳамиятга эга. Шу боис қонун лойиҳасининг айрим моддалари юзасидан тегишли таклифлар берилди. Албатта, мазкур ҳуқуқий ҳужжат “Миллий тикланиш” демократик партиясининг ҳаракат дастурига муштарак тарзда аҳоли турмуш сифатини ошириш, жисмонан соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш каби вазифаларни амалга оширишда муҳим роль ўйнайди.
— Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида ҳам дори воситалари муомаласи ҳамда фармацевтика фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган, — дейди фракция аъзоси З. Акрамова. — Албатта, қонун лойиҳаси камчиликлардан холи эмас. Уни янада такомиллаштириш зарур. Унда айрим нормаларнинг аниқ белгиланиши эса партиянинг Сайловолди дастурига ҳамоҳанг тарзда аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоий-ҳуқуқий муҳофазаси кучайтирилишига олиб келади.
— Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида батафсил таҳлил этилди. Палата мажлисида ҳам депутатларимиз томонидан лойиҳани маромига етказиш юзасидан фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди, — дейди фракция аъзоси Р. Матқурбонов. — Дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш, бу орқали фуқаролар саломатлигининг ҳимоясини кучайтириш, аҳолини давлат дорихоналари муассасалари орқали эҳтиёжни қоплайдиган ҳажмда дори воситалари билан таъминлаш каби устувор вазифаларни қонун лойиҳаси нормаларида акс эттиришга ҳаракат қиламиз. Бу, албатта, партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган мақсадларимизга уйғундир.
— Мазкур қонун лойиҳасининг аҳоли саломатлигини сақлаш, фармацевтика саноатини ривожлантиришда ўрни катта, — дейди Экоҳаракат депутатлар гуруҳидан сайланган депутат С. Жакбаров. — Гуруҳ мажлисларида ушбу масала юзасидан муҳокамалар ўтказдик. Уларда қонун лойиҳасининг экология ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли генофондига таъсири масалаларида нуқтаи назаримиз шакллантирилди. Улар қонун лойиҳасини кейинги ўқишга тайёрлаш жараёнида инобатга олинишига ҳаракат қиламиз.
Муҳокамаларда депутатлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олиб, уларнинг фикрларига мутахассислар, ишчи гуруҳига жалб этилган экспертлар томонидан муносабатлар билдирилди. Йиғилишларда айтилган барча фикр-мулоҳазалар, кўплаб таклифлар ва нуқтаи назарлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида албатта инобатга олиниши таъкидланди ҳамда масъул қўмитага уни маромига етказиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn