Фуқаролар мурожаатлари эътибор ва масъулият билан кўриб чиқилмоқда
  • 30 Май 2015

Фуқаролар мурожаатлари эътибор ва масъулият билан кўриб чиқилмоқда

Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бераётир.

Фуқароларнинг Конституция асосида кафолатланган ваколатли органларга мурожаат этиш ҳуқуқи амалда тўла таъминланаётгани бунга яққол мисолдир.
2014 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни жисмоний ҳамда юридик шахслар ҳуқуқларининг кафолатларини мустаҳкамлаш билан бир қаторда, уларнинг давлат органларига мурожаат этиш тартибини янада такомиллаштирди.
Бугунги кунда жамият ҳаётини электрон ахборот алмашинувисиз, ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур қилиш қийин. Шунга кўра, ушбу Қонунда замон талабларидан келиб чиқиб, электрон шаклда мурожаат этиш ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Қонунга биноан, жисмоний ва юридик шахслар АКТ имкониятларидан фойдаланган ҳолда, белгиланган тартибда тегишли идора ёки мансабдор шахсларга мурожаат қилишлари мумкин. 
Албатта, мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг ижросини таъминлаш биз, депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Яқинда ҳудудимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилиб, бу борадаги мавжуд ҳолатни ўргандик.
Айтиш лозимки, вилоят ҳокимлиги томонидан фуқароларнинг ёзма ва оғзаки мурожаатларини кўриб чиқиш, улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида аҳамият қаратилаяпти.
Кузатишларда маълум бўлишича, мурожаатлар сони ортиб бормоқда. Буни аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ошгани билан ҳам изоҳлаш мумкин. Чунончи, Жондор тумани ҳокимлигига 2014 йилда 877 та ёзма мурожаат келиб тушган ва 477 нафар фуқаро қабул қилинган. Шу йилнинг дастлабки чорагида эса 391 ёзма мурожаат келиб тушган, 192 нафар фуқаро ҳокимлик қабулида бўлган.
Фуқаролар мурожаатларининг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб таҳлил қиладиган бўлсак, улар бундан ўн йил аввалгиларидан мутлақо фарқ қилади, яъни аҳоли, асосан, фермер хўжалиги ташкил қилиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, паррандачилик, балиқчилик, чорвачиликни ривожлантириш масалаларини ўртага ташлаган.
Шунингдек, қишлоқ аҳолисининг турмуш шароити яхшиланиб бораётгани, ижтимоий инфратузилманинг ривожланиши натижасида мурожаатларда сув ҳавзаси, минифутбол майдони барпо этиш, замонавий музлаткич омборлари, маиший хизмат биноси қуриш, ҳуқуқий маслаҳатхона ташкил этиш каби ташаббус ва таклифлар ўз ифодасини топган. Бу фуқароларнинг мамлакатимизда қабул қилинаётган қонунларга ишончи ортаётгани, ҳуқуқий билими, онги, маданияти тобора юксалаётганидан далолатдир.
Шу ўринда ҳудудимизда мазкур Қонуннинг ижросини таъминлашда ижобий ишлар билан бир қаторда, айрим камчиликларга йўл қўйилаётганини ҳам қайд этиш жоиз. Масалан, “ўарбгазтаъминот” унитар корхонасига шу йилнинг биринчи чорагида 187 та ёзма, 35 та оғзаки мурожаат бўлган. Ўрганиш жараёнида корхона масъул ходимлари аризаларга назорат карточкалари тўлдиришмагани, баъзи ҳолларда уларга уч кундан беш кунгача кечиктириб жавоб хатлари ёзгани аён бўлди. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатиб, Қонун ижросини тўлиқ таъминлашга қаратилган таъсирчан чораларни кўраяпмиз.
Хулоса ўрнида айтганда, фуқаролар мурожаатлари маҳаллий Кенгашларда атрофлича кўриб чиқилмоқда. Муҳими, уларда келтирилаётган муаммолар вақтида ижобий ҳал қилинаётир. Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг конституциявий  ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя этишга хизмат қилмоқда. Зеро, инсон ҳамда унинг манфаатларини таъминлаш юртимизда олиб борилаётган сиёсатнинг устувор вазифаларидан биридир.

Зафар ТАИРОВ,
Асрор ТУРСУНОВ,
халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутатлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn