Фуқаролик жамияти институтлари ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йўлида
  • 28 Май 2015

Фуқаролик жамияти институтлари ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йўлида

Мамлакатимизда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этиш учун барча ташкилий-ҳуқуқий ва моддий-техник шарт-шароит яратилган. Пировардида бугунги кунда ННТ соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит муҳофазаси, бандликни таъминлаш ҳамда аҳолининг кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш йўналишларидаги долзарб муаммолар ечимига қаратилган дастурларни амалга оширишда фаол иштирок этаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси  ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилишида ана шулар хусусида батафсил сўз юритилди.
Таъкидланганидек, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонуннинг жорий йил 1 январдан бошлаб кучга кириши муносабати билан Парламент комиссияси томонидан ушбу ҳуқуқий ҳужжат нормаларини амалиётга жорий этиш мақсадида чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Иштирокчилар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоатчилик комиссиялари регламенти муҳокама қилиниб, тасдиқланди.
Бугун Жамоат фонди томонидан қўллаб-қувватланган нодавлат нотижорат ташкилотларининг кўплаб лойиҳалари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ижтимоий шериклик, шартномалар ҳамда меморандумлар ва ҳамкорликдаги режалар асосида рўёбга чиқарилаётир. Ўтган йилда Фонд томонидан давлат грантлари, ижтимоий буюртмалар ва субсидиялар шаклида 267 та лойиҳа, жами 8,2 миллиард сўмлик маблағ билан молиялаштирилгани бунга бир мисолдир. Хусусан, 67 та муҳим йўналишни қамраб олган 5 та грант танлови ўтказилди.
Комиссия аъзолари бу йил жабҳа ривожига қаратилган маблағ ҳажми сезиларли ўсганини таъкидлашди. Давлат бюджетидан ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 10 миллиард сўм ажратилган. Айни пайтга келиб Жамоат фонди томонидан “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокини рағбатлантириш, шунингдек, давлат ва ижтимоий лойиҳаларни рўёбга чиқариш йўлида мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш бўйича иккита танлов эълон қилинди. Давлат гранти олиш бўйича яна учта танлов кейинроқ омма эътиборига ҳавола этилади. Шулар қаторида бу борада тайёрланган ижтимоий теле ва радиороликлар ойнаи жаҳон ҳамда радиоканалларда бериб борилаяпти. ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари лойиҳаларини амалга ошириш учун давлат гранти шаклида 4,8 миллиард сўм йўналтирилади.
Парламент комиссияси томонидан давлат органлари билан ҳамкорликда жойларда ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, фуқаролар ижтимоий фаоллигини юксалтиришга доир туркум семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар ҳам ташкил этилмоқда.
Йиғилиш якуни бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn