Қонун ҳужжатлари тарғиботи жойларда ўтказилаётган учрашувларнинг мазмун-моҳиятини ташкил этаяпти
  • 28 Май 2015

Қонун ҳужжатлари тарғиботи жойларда ўтказилаётган учрашувларнинг мазмун-моҳиятини ташкил этаяпти

Мамлакатимиз парламенти томонидан қабул қилинаётган қонунлар одамлар ҳаётига, сиёсий, иқтисодий тараққиётга қандай таъсир кўрсатаётганини билиш, бунинг учун эса жойларда турли тадбир, учрашув, мулоқотлар ўтказиш, ҳуқуқий ҳужжатлар тарғиботини олиб бориш, ижросини назорат-таҳлил этиш, шу орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, уларнинг турмуш даражасини янада яхшилашга эътибор қаратиш айни заруратдир.

Бинобарин, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент палаталарининг қонунчилик фаолиятини тартибга соладиган ҳуқуқий ҳужжатларда қонунларни ижрочиларга етказиш ва шунингдек, ҳуқуқни қўллаш ҳамда амалга ошириш самарадорлигини, албатта, ўрганишни ва шу асосда парламент палаталарининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ишлари дастурларига зудлик билан тузатишлар киритишни кўзда тутадиган меъёрий-ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлаш — бугунги кунда долзарб вазифага айланиши кераклиги алоҳида белгиланган.
Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари, фуқаролик институтлари вакиллари иштирокида ўтказилаётган учрашувларда юқорида қайд этилган муҳим масалалар ўз ифодасини топмоқда.
Чунончи, Жиззах вилоятида бўлиб ўтган тадбирда Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунларнинг мазмун-моҳияти, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган Фармон ва қарорлар аҳамияти хусусида батафсил маълумотлар берилди.
— Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар, хусусан, куни кеча Президентимиз томонидан имзоланиб, матбуотда эълон қилинган янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонуннинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётидаги аҳамияти ниҳоятда катта, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси А. Эшматов. — Мазкур ҳуқуқий ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган йиғилишида белгилаб берилган вазифалар доирасида ишлаб чиқилган бўлиб, у электрон тижоратни ривожлантириш учун янги ҳуқуқий, иқтисодий, ташкилий ва техник шароитларни яратиб беради. Сенаторлар жойларда ўтказилаётган тадбирларда ушбу Қонун билан боғлиқ жуда кўплаб саволларга жавоб беришаяпти. Ўз навбатида, фуқаролар ва тадбиркорлар Қонунга биноан электрон тижорат соҳасига жорий қилинган бир қатор янгиликлардан хабардор бўлишмоқда.
— Мамлакатимизда биз, тадбиркорларнинг самарали фаолият юритишимиз учун барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароит яратилган, — дейди ўаллаорол туманидаги “Сарафроз плюс” хусусий корхонаси раҳбари Г. Муродова. — Айниқса, ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган хотин-қизларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш — доимий эътиборда. Сенаторлар билан бўлиб ўтган учрашувларда янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти билан яқиндан танишдик. Қонун нормаларининг фаолиятимиздаги аҳамияти ҳақида яна бир карра мушоҳада қилдик. Айтиш жоизки, мазкур ҳуқуқий ҳужжат кичик бизнес вакилларининг ички ва ташқи бозорда янада кучли рақобатдош бўлишида долзарб аҳамият касб этади. Шубҳасиз, ушбу Қонундаги афзалликлар тадбиркорларнинг ишни жадал давом эттиришида, буюртмачилар билан ўзаро муносабатларини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Самарқанд вилоятида ўтказилган учрашувларда Сенатда маъқулланган қонунлар билан бирга, Президентимизнинг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти аҳоли, хусусан, кичик бизнес вакиллари ва ёш тадбиркорлар ҳамда ишбилармон хотин-қизларга етказилди.
— Юртимизда ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча жабҳасини изчил ислоҳ қилиш, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, иқтисодиётни эркинлаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Н. Раббимова. — Бу борада қабул қилинаётган қонунлар, Президентимиз Фармон ва қарорларининг аҳамияти жуда катта бўлиб, уларни кенг тарғиб қилиш айни заруратдир. Зеро, аҳоли ушбу ҳуқуқий ҳужжатларнинг аҳамиятини ўз ҳаётида кўриб, ҳис қилиб турибди. Сайловчиларнинг фикрича, Президентимизнинг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони юртимизда тадбиркорлик ва хусусий мулкни иқтисодиётнинг ҳал қилувчи омилига айлантиришга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Учрашувларда қонунларнинг жойлардаги ижросини таъминлашда мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш, бу борада парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган таклиф ва мулоҳазалар билдирилмоқда. Бундай тадбирлар мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилаяпти.

«Халқ сўзи» мухбирлари
хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn