Божхона ишининг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланмоқда
  • 28 Май 2015

Божхона ишининг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланмоқда

Маълумки, яқинда қуйи палатанинг мажлисида мамлакатимизда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Хусусан, депутатлар янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.

Таъкидлаш лозимки, мамлакат иқтисодиётининг барча соҳа ва тармоқларида ислоҳотларни янада либераллаштириш ҳамда чуқурлаштириш йўналишидаги вазифаларни изчил амалга ошириш, ташқи иқтисодий фаолиятни юритиш соҳасини либераллаштиришда сўнгги йилларда муҳим таркибий ўзгаришлар ҳаётга татбиқ этилди. Соҳани модернизациялаш, диверсификация қилиш ва демократлаштириш йўлидаги чора-тадбирлар бугунги кунда ҳам изчил давом эттирилмоқда.
Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган янги таҳрирдаги Божхона кодекси ана шу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлиб, божхона ишида халқаро стандартларга мос келувчи ягона қонунчилик базасини шакллантириш, божхона бошқарувининг барча даражасида ҳуқуқий норма ҳамда муносабатларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятнинг божхона томонидан тартибга солинишида комплекс ёндашув ва шаффофликни ошириш мақсадида ишлаб чиқилди.
Божхона кодекси лойиҳаси даставвал масъул қўмиталарда ҳамда сиёсий партиялар фракцияларида депутатлар, Давлат божхона қўмитаси, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда экспертлар иштирокида кенг муҳокама қилинди. Мазкур йиғилишларда депутатлар сўнгги йилларда мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, жаҳон амалиётида мавжуд бизнес юритиш шароитларини баҳолаш мезонлари тизимини татбиқ қилиш ва шу асосда республика иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини изчил таъминлаб бориш бўйича кенг миқёсли чоралар кўрилаётганини эътироф этишди.
Қизғин муҳокамалар жараёнида сиёсий партиялар фракциялари аъзолари лойиҳанинг бугунги кундаги долзарб аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларини билдириб ўтдилар.
— Кодекс лойиҳасининг муҳокамасига бизнинг фракция депутатлари электоратимиз вакиллари, яъни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар манфаатларини кўзлаган ҳолда ёндашдилар, — дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси Ў. Бўтаев. — Бизнинг фикримизча, янги таҳрирдаги Божхона кодексининг амалга киритилиши бизнесни ривожлантириш ҳамда ташқи иқтисодий фаолият соҳасида бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратади.
Умуман олганда, депутатларимиз лойиҳани концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватладилар ҳамда иккинчи ўқишда қабул қилингунигача уни такомиллаштириш юзасидан ўз таклифларимизни берамиз.
— Товар айланмасини тартибга солиш, ташқи савдони ривожлантириш ва ички бозорни сифатсиз ҳамда контрафакт маҳсулотлардан ҳимоялаш партиямиз сайловолди дастурида белгиланган йўналишлар қаторига киради, — дейди “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси А. Ҳамраев. — Шу боис Божхона кодекси лойиҳасида айнан мана шу жиҳатларни акс эттириш фракциямиз олдида турган асосий вазифадир. Муҳокамалар жараёнида ҳам фракциядошларимиз мамлакатимиз худудида бу борада самарали божхона назоратини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратдилар. Фракциямиз йиғилишида қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида депутатларимиз фаоллик кўрсатишиб, ишчи гуруҳига уни янада такомиллаштиришга қаратилган аниқ таклифлар киритишни белгилаб олдик.
— Божхона кодексининг янги таҳрири муҳокамасида фракциямизнинг қатъий позицияси шакллантирилди. Чунончи, лойиҳа амалдаги Кодексдан тубдан фарқ қилади ва концептуал жиҳатдан божхона тизими фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга ҳуқуқий имкон яратади, — дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси С. Арзиқулов. — Хусусан, фракция йиғилишида лойиҳани такомиллаштириш жараёнида партия дастурий мақсадлари бўлган аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалаларини акс эттириш белгилаб олинди. Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида, албатта, масъул қўмитага ўзимизнинг таклифларимизни тақдим этамиз.
— Қонуности ҳужжатларининг сони ҳамда доирасини қисқартириш, қонунларнинг юқори сифатлилигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмларини яратиш депутатлик корпуси олдида турган вазифалардир, — дейди “Адолат” СДП фракцияси аъзоси А. Умиров. — Фракциядаги муҳокамалар чоғида депутатларимиз айни шу жиҳатлардан келиб чиқиб, мазкур лойиҳа тўғридан-тўғри амал қиладиган яхлит ҳужжатга айлантирилаётгани, бу ўрнатилган норма ва қоидаларнинг талқин қилиниши ҳамда қўлланилишида бир хилликни таъминлашига эътибор қаратдилар. Шунингдек, унинг айрим нормалари юзасидан партиямиз сайловолди дастурида белгиланган мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, аниқ таклифлар ўртага ташланди
— Биз қўмиталар, фракциялар йиғилишлари ва палата мажлисида иштирок этдик, — дейди Давлат божхона қўмитаси ҳуқуқий бошқарма бошлиғи А. Қурбонов. — Айтиш лозимки, муҳокамалар ишчан ҳамда конструктив руҳда кечди ва депутатлар томонидан лойиҳани янада такомиллаштиришга қаратилган фикр-мулоҳазалар ҳамда аниқ таклифлар билдирилди. Бу, албатта, қўмита ҳузурида тузилган биз, яъни депутатлар, Давлат божхона қўмитаси мутасаддилари ва экспертлардан иборат ишчи гуруҳи аъзолари учун лойиҳани кейинги ўқишга тайёрлаш жараёнида муҳим аҳамиятга эга.
Хулоса ўрнида айтганда, янги таҳрирдаги Божхона кодекси лойиҳасининг қабул қилиниши божхона фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш тизимини мустаҳкамлаш, мамлакат иқтисодий сарҳадларини ишончли муҳофаза этиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш ҳамда хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш имкониятларини кенгайтиради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси
Ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn