Оммавий ахборот воситалари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда ошкоралигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади
  • 26 Май 2015

Оммавий ахборот воситалари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда ошкоралигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади

Фуқароларни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида хабардор қилиб бориш, бошқача айтганда, уларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш юртимизда кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Бинобарин, мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ушбу мақсадларга устувор аҳамият қаратилиб, бу борада комплекс чора-тадбирлар изчил ва тизимли рўёбга чиқарилмоқда. Аввало, оммавий ахборот воситалари ривожини таъминлайдиган, демократик талаб ҳамда стандартларга тўла мос келадиган мустаҳкам қонунчилик базаси шакллантирилди. Бу, ўз навбатида, ОАВнинг ҳаётимизда амалга оширилаётган чуқур ижтимоий-сиёсий ислоҳотларда, демократик янгиланишларда, энг муҳими, одамлар тафаккури ҳамда онгини юксалтиришда фаол иштирок этишига зарур шароит яратмоқда.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, 2014 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Дaвлaт ҳoкимияти вa бoшқaруви oргaнлaри фaoлиятининг oчиқлиги тўғрисидa”ги Қoнуни мазкур йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади. Зеро, унда давлат ҳамда жамият ишларини бошқариш жараёнига фуқаролик институтларини кенг жалб қилиш орқали давлат органлари фаолиятининг очиқлик ва самарадорлик даражасини ошириш, бунда оммавий ахборот воситаларининг кенг иштирокини таъминлаш чоралари кўзда тутилгани ижобий натижаларни бераяпти.
Шунингдек, Қонун нормаларининг жойларда изчил ижро этилаётгани аҳолининг ҳамда жамоат бирлашмаларининг давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар, авваламбор, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари билан боғлиқ қарорлари ҳақидаги ахборотлардан кенг хабардор бўлишини таъминламоқда.
Тизимда эришилаётган ютуқлар кўп. Бироқ бугунги давр, қолаверса, соҳа фаолияти таҳлили мазкур жараённи янада такомиллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлашда ОАВ ролини кучайтириш, шунингдек, давлат ва жамоат бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ахборот хизматлари фаолиятини фаоллаштиришни тақозо этмоқда. Чунончи, ўтган йили Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, йирик хўжалик юритувчи субъектлар ахборот хизматлари фаолияти ўрганилганида, айрим матбуот хизматлари раҳбарлари касбий малакага эга эмаслиги, ОАВ билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари етарлича  ўрнатилмагани маълум бўлди.
Миллий матбуот марказида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини олиб боришда ОАВнинг роли” мавзуида ўтказилган анжуманда ана шулар хусусида атрофлича сўз юритилиб, бу борадаги саъй-ҳаракатлар кўламини янада кенгайтириш, хусусан, ахборот хизматлари самарадорлигини оширишда мунтазам матбуот анжуманлари, брифинглар ўтказиш, ОАВда танқидий-таҳлилий мақола ва шарҳларни жойлаштириш, АКТдан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Матбуот ва ахборот агентлиги вакиллари, ОАВ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизматлари раҳбарлари, журналист кадрлар тайёрловчи олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари қатнашди.  

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn