Депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти ва устувор вазифалар
  • 23 Май 2015

Депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти ва устувор вазифалар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги фаолиятини самарали ташкил этишга доир долзарб вазифалар” мавзуида семинар бўлиб ўтди.

Унда депутатлар, ҳукумат, вазирликлар ҳамда идоралар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Семинарда жорий йил Олий Мажлис палаталарининг январь ойида бўлиб ўтган қўшма мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан янги сайланган депутатлик корпусига замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда, парламент фаолиятини тубдан яхшилаш, хусусан, депутатларнинг сайловчилар билан ишлашини янада жонлантириш бўйича қатор устувор вазифалар қўйилгани алоҳида таъкидланди.
Бинобарин, Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги фаолияти ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди.
Тадбирда депутатларнинг сайлов округларидаги ишини сифатли ҳамда самарали ташкил қилиш масалалари, жумладан, сайловчилар томонидан кўтариладиган масалаларнинг тезкор ечилиши механизмлари муҳокама этилди. Қолаверса, сайловчилар билан учрашувларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини жалб қилиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, қонун ижодкорлиги ҳамда назорат-таҳлил фаолиятида долзарб таклиф ва ташаббусларни ишлаб чиқиш учун сайловчилар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш зарурлиги қайд этилди.
Тадбирда иштирокчиларга сиёсий партиялар фракциялари томонидан улар аъзоларининг сайлов округларидаги фаолиятини ташкил қилиш бўйича ҳаракат дастури тасдиқлангани ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, депутатларга мамлакат ҳаётининг турли жабҳаларида ҳукумат томонидан олиб борилаётган, хусусан, соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва коммунал хўжалик соҳаларидаги ишлар хақида ахборот берилди.
Семинар якунида билдирилган фикр ва таклифлар инобатга олинган ҳолда, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

С. МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn