Ислоҳотларнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш йўлида
  • 22 Май 2015

Ислоҳотларнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш йўлида

21 май куни Ўзбекистон РеспубликасиОлий Мажлиси Қонунчилик палатасинингнавбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Депутатлар мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Даставвал Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг  ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг йиғилишлари ўтказилиб, уларда қуйи палата мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар дастлабки тартибда кўриб чиқилганди. Қонун лойиҳаларининг ҳар томонлама муҳокамаси натижалари бўйича уларни такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқилган ва ­тавсиялар берилган эди.

Депутатлар ўз ишларини янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилишдан бошладилар.

Халқаро стандартларга мос келадиган божхона ишининг ягона қонунчилик базасини янада шакллантириш, божхона маъмуриятчилигининг барча босқич­лари ва даражаларида ҳуқуқий нормалар ҳамда ёндашувларнинг бир хил шаклда қўлланилишини таъминлаш, ташқи иқтисодий фао­лиятни божхона томонидан тартибга солишнинг уйғунлиги ва шаффофлигини ошириш мақсадида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Божхона ­кодекси ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши “Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги бир қатор янги қонунлар қабул қилинганлиги билан ҳам боғлиқ бўлди.

Кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиш давомида сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбе­кистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг ­вакиллари сўзга чиқдилар.

— Янги таҳрирда ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси амалдагисидан концептуал жиҳатдан фарқ қилади, — дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси И. Ҳожиев. — ­Кодекс лойиҳаси мамлакатимиз ҳудудида самарали божхона назоратини таъминлаш ва товар айирбошлашни тартибга солиш, ­ташқи савдони ривожлантириш ҳамда ташқи савдо операцияларини амалга ошириш учун шарт-­шароитлар яратиш борасида муҳим аҳамиятга эга. Унинг қабул қилиниши ­ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда ­бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча қулай шароитларни яратади.

— Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объектларига, товар белгиларига, хизмат белгиларига бўлган интеллектуал мулк ҳуқуқларининг  эгасини, товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи эгасини ҳимоя қилиш билан боғлиқ янги тартибнинг жорий этилаётганлигини янги таҳрирдаги  Божхона кодекси лойи­ҳасидаги муҳим ижобий жиҳат сифатида қайд этиш жоиздир, — дея таъкидлади “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси А. Ҳамроев. — Унда махсус муҳофаза қилиш чораларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинадиган интеллектуал мулк объектлари божхона реестрига киритилиши назарда тутилган.

— Янги таҳрирдаги Божхона кодексининг лойиҳасида божхона тўловлари билан боғлиқ масалалар батафсилроқ тартибга ­солинган, — деди Ўзбе­кистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Қ. Мирзаев. — Лойиҳада божхона тўловларини тўлаш бўйича мажбуриятларнинг инсофли бўлиши ва тўхтатилиши жиҳатлари аниқ белгиланган, шунингдек, товарнинг бож қийматини аниқлаш ва баён қилиш масалалари ҳам ­қатъий тартибга солинган. Ташқи иқтисодий фао­лиятнинг инсофли иштирокчиларини ҳимоя қилиш мақсадида янги таҳрирдаги Божхона кодекси лойиҳасида ­ортиқча тўланган божхона тўловларини қайтариш тартиб-­таомиллари батафсил ёзиб қўйилмоқда. Божхона тўловларининг тўланишини ­таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, таъминлаш шароитлари ва миқдорлари белгилаб қўйилмоқда.

— Ягона ахборот маконини шакллантиришнинг умумжаҳон тенденциялари ҳисобга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланишга мўлжалланган, — дея таъкидлади Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Д. Тангиров. — Шу муносабат билан лойиҳанинг махсус боби божхона ишида ахборот тизимлари ва ахборот технологиялари муаммоларига бағишланган бўлиб, уларни жорий этиш, қўллаш ва ҳимоя қилиш масалалари кўриб чиқилган. Бундан ташқари, лойиҳага “ягона ойна” ­тамойили бўйича божхона тартиб-таомилларини татбиқ этишнинг янги механизми киритилган, бу эса ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун барча тўсиқларни бартараф этиш, сарф-харажатларни қисқартириш ва вақтни тежаш ­имконини беради.

Депутатлар, шунингдек “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбе­кистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар. Ҳужжат ­халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини, Жаҳон ­соғлиқни сақлаш ташкилоти, етакчи хорижий мамлакатларнинг тегишли ҳуқуқий муносабатларни қонунчилик йўли билан тартибга солиш тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, амалдаги норматив базани такомиллаштиришга, дори воситаларига нисбатан техник талабларни ­халқаро амалиёт билан уйғунлаштиришга, фар­мацевтика соҳасининг ­ривожланишига ғов бўлиб турган ортиқча маъмурий тўсиқларни бартараф этишга қаратилган.

Сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи таъкидладиларки, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолини сифатли ва самарали дори воситалари, тиббий буюмлар билан таъминлашни янги босқичга кўтаради.

Янги таҳрирдаги Ўзбе­кистон Республикаси Божхона кодекси, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаларининг асосий қоидалари ҳар томонлама муҳокамадан сўнг маъқулланди ва депутатлар уларни биринчи ўқишда қабул қилдилар. ­Келиб тушган таклифларни инобатга олиб, ҳужжатларни кейинги ўқишга тайёрлаш масъул қўмиталарга топширилди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг

Ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn