Аҳоли бандлигини таъминлаш — долзарб вазифа
  • 20 Май 2015

Аҳоли бандлигини таъминлаш — долзарб вазифа

Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг устувор йўналишларидан бири, халқ турмуш даражаси ва сифатини юксалтиришнинг муҳим шарти сифатида белгиланган.

Бинобарин, юртимизда ҳар йили миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, ҳудудий кесимларда меҳнат ресурсларидан янада тўлиқ ва оқилона фойдаланиш, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлашга қаратилган тегишли дастурлар қабул қилинаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг жорий йил биринчи чорагидаги ижросига бағишланди. Қатор вазирлик ва идоралар, Тошкент вилояти ҳокимлиги вакиллари қатнашган тадбирда дастурнинг жойларда бажарилиши, илгари ташкил қилинган иш ўринларининг барқарорлигини таъминлаш, бандликнинг самарали шаклларини ривожлантириш ҳамда бу борада мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш каби масалалар муҳокама этилди.
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилнинг январь — март ойларида республикамиз бўйича 141,1 мингта иш ўрни яратилди. Уларнинг 62,6 фоизи ёки 88,3 мингтаси қишлоқ жойларига тўғри келади. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадли дастурларига мувофиқ 4,6 мингта лойиҳа рўёбга чиқарилиши натижасида 28,6 мингта иш ўринлари ташкил этилди.
— Маълумки, 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб, микрофирма ва кичик корхоналар, фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов миқдори 25 фоиздан 15 фоизга қадар камайтирилди, — деди Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Бандликни таҳлил қилиш ва меҳнат миқдорини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Эркин Авезов. — Бу иш берувчиларнинг янги иш жойлари барпо этишдан манфаатдорлигини оширди. Пировардида якка тадбиркорлик, фермер ҳамда деҳқон хўжаликлари, ҳунармандчилик, оилавий бизнесни ривожлантириш ҳисобига 112,5 минг киши ишли бўлди.
Йиғилишда бандлик дастурига мувофиқ, Тошкент вилоятида 2015 йилда 87,2 мингта иш ўрни яратилиши белгилангани, шундан 11,4 мингтаси биринчи чоракда ташкил этилгани айтиб ўтилди.
— Янги объектларни ишга тушириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, саноат, қурилиш, хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, инфратузилма, коммуникация ҳамда уй-жой объектлари қурилиши кўламини ошириш ҳисобига иш ўринлари ташкил этиш устувор вазифадир, — деди Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Жамол Носиров. — Кичик бизнес, биринчи навбатда, якка тартибдаги ҳамда оилавий тадбиркорлик, деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантириш ҳамда имкониятларини кенгайтириш бу борада муҳим ўрин тутади.
Йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ижобий натижалар билан бир қаторда, айрим камчиликлар ҳам кўрсатиб ўтилди. Уларни бартараф этиш борасида ижтимоий шерикликдан самарали фойдаланиш, аниқ вазифаларга қаратилган чора-тадбирларни белгилаб олиш лозим. Депутатлар томонидан ишсиз ва банд бўлмаган аҳоли, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ҳамда хотин-қизлар, ногиронларни ишга жойлаштиришга оид фикрлар билдирилди.
Йиғилиш якунида тегишли қарор қабул қилинди.


Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn