Демократик ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси
  • 19 Май 2015

Демократик ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси

Аввал хабар қилинганидек, Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг турли жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, иқтисодиётни ривожлантириш, хусусий тадбиркорликни тараққий топтириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган қонунлар ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Ҳар бир масала муҳокамасига Олий Мажлис Сенатининг шу йил январда ўтказилган биринчи ялпи мажлиси ҳамда парламент палаталарининг қўшма мажлисида Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб ёндашилди. Буни мухбиримиз билан суҳбатда бўлган сенаторлар алоҳида қайд этишди.

Р. МАЖИДОВ,
Бешариқ туманидаги “Рапқон” болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори, сенатор:
— Парламентимиз юқори палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар, хусусан, қонунлар мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг бугунги суръатларини янада жадаллаштиришга, аҳоли турмуш фаровонлигини изчил юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Дарҳақиқат, бугун юртимизда тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида олиб борилаётган ислоҳотлар юксак самара бермоқда. Пировардида одамларимиз ҳаётдан рози бўлиб, тинч ва осуда, бахтли турмуш кечирмоқда. Бу халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этиб келинаяпти. Хусусан, яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан ўтказилган “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” мавзуидаги тадқиқотга кўра, Ўзбекистонимиз 158 мамлакат орасида 44-ўринни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ўртасида эса биринчи ўринни эгаллади. Бу, Президентимиз 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда таъкидлаганидек, мустақиллик даврида биз эришган улкан марраларни, иқтисодиётимиз барқарор суръатлар билан ривожланаётгани, одамларимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати ошиб бораётгани ва бу ютуқларни дунё ҳамжамияти яна бир бор тан олаётганини кўрсатади.
Ишончимиз комилки, Сенат ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар ана шу ютуқ ҳамда марралар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

И. КАРАТАЕВ,
Сайхунобод тумани Фермерлар кенгаши раиси, сенатор:
— Мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг эмин-эркин фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Буни Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мисолида ҳам кўриш мумкин.
Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида ҳам ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлган, иқтисодиётимизда эришилаётган бугунги натижа ва марраларни янада мустаҳкамлашга қаратилган қонунлар кўриб чиқилди. Жумладан, сенаторлар томонидан маъқулланган янги таҳрирдаги “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги, “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонунлар ана шу мақсадларга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. Қимматли қоғозлар бозори ҳуқуқий асосларининг янада такомиллаштирилиши давлат корхоналари ва хўжалик жамиятларига ишлаб чиқариш ҳамда бошқа инфратузилмаларни барпо этиш ва қайта тиклашни молиялаштириш учун пул маблағларини жалб қилишга қулай шарт-шароит яратади. Шу маънода айтганда, асосий ғояси молия бозорида ва умуман, иқтисодиётда қимматли қоғозлар роли ҳамда аҳамиятини ошириш, унинг рақобатбардошлигини таъминлаш бўлган мазкур ҳуқуқий ҳужжат республикамизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ҳудудлар ва умумдавлат манфаатлари билан уйғундир.

Б. МАТМУРАТОВ,
Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси:
— Юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ҳамда очиқ фуқаролик жамиятини барпо этиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, ҳокимиятнинг вакиллик органлари ваколатларини кенгайтириш, жойларда ижро органлари ҳисобдорлигини оширишга қаратилган тизимли ҳамда тадрижий ислоҳотлар рўёбга чиқарилмоқда.
Сенаторлар томонидан маъқулланган “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тўғрисида”ги Қонунга тегишли қўшимчалар ҳам ушбу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми эканини айтиш зарур. Қонунга биноан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлисидан сўнг ўтказиладиган минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига бағишланган мажлисларида халқ депутатлари Кенгаши томонидан ҳоким ҳисоботини эшитишнинг ҳуқуқий механизми белгилаб берилмоқда. Бунда вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимининг ҳисоботи Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида белгиланган вазифаларни инобатга олган ҳолда, туман ва шаҳар ҳокимининг ҳисоботи эса Вазирлар Маҳкамасининг, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг мажлисларида белгиланган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда муҳокама этилади. Бу маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлашга хизмат қилади.

Ш. МАМАТҚУЛОВ,
Олтинкўл туманидаги Олтинкўл иқтисодиёт коллежи директори, сенатор:
— Президентимиз парламент палаталарининг шу йил январь ойидаги қўшма мажлисида Олий Мажлис палаталарининг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий давлат дастурлари ижросини сўзсиз таъминлаш борасидаги фаолияти сифат жиҳатидан янги асосда қурилиши лозимлигини таъкидлаган эди. Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2014 йилдаги фаолияти ҳисоботини кўриб чиқишда ана шу мезонлар асосида ёндашганини қайд этиш лозим. Бинобарин, парламент назорати тадбирлари нечоғли самарали ташкил қилинса, қонунларнинг сўзсиз ижро этилиши таъминланади, мансабдор шахсларнинг масъулияти ошади. Шу боис сенаторлар Ҳисоб палатасининг 2014 йилдаги фаолияти ҳисоботини кўриб чиқишда давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан назоратни янада кучайтириш, бу борадаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича аниқ таклифларни билдиришди.

Ш. АРИПОВА,
Термиз шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернати директори, сенатор:
— Сенат ялпи мажлисида юртимизда кечаётган социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, фуқаролар соғлиғини сақлашга доир қонунлар, долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Биз, сенаторлар ушбу ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка тушунтиришимиз, аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишимиз, бу борада жойларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, соҳа мутахассислари, оммавий ахборот воситалари имкониятларидан самарали фойдаланишимиз зарур. Негаки, ушбу қонунлар мамлакатимизда демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуришга қаратилган, инсон ҳуқуқи ҳамда эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳаётимизга жорий этилаётган демократик ўзгариш ҳамда ислоҳотларнинг амалий ва узвий давоми бўлиб, ҳар бир фуқаронинг шуурига етиб борсагина, ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади, амалий ифодасини топади.

Қобил ХИДИРОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn