Аҳоли фаровонлиги, юрт равнақи сенаторлар томонидан кўриб чиқилган қонунларнинг мазмун-моҳиятини ташкил этади
  • 16 Май 2015

Аҳоли фаровонлиги, юрт равнақи сенаторлар томонидан кўриб чиқилган қонунларнинг мазмун-моҳиятини ташкил этади

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Мажлисда қайд этилганидек, Президентимиз Ислом Каримов томонидан парламент палаталарининг шу йил 23 январь куни бўлиб ўтган мажлисида уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш, қонунчилик ва назорат-таҳлил фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

Хусусан, қонунларни давлат бошқаруви, фуқаролик жамияти институтларининг турли бўғинларида кенг ҳамда амалий муҳокама қилишни таъминлаш муҳимлиги алоҳида кўрсатиб ўтилган эди. Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида Сенатнинг 2015 йил ва келгуси йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури қабул қилиниб, бугунги кунда ҳаётга изчил татбиқ этиляпти. Бу ҳақда сенаторлар мухбиримизга берган интервьюси чоғида алоҳида таъкидлаб ўтди.

Тожибар ЮЛДАШЕВА,
Хўжаобод туманидаги “Шаҳрихонсой” шаҳарча фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси, сенатор:
— Сенатнинг иккинчи ялпи мажлиси халқимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган Хотира ва Қадрлаш куни шукуҳи кезиб юрган бир пайтда бўлиб ўтмоқда. Ҳар бир масала юзасидан муҳокамага чиқаётган, фикр билдираётган сенаторларимиз юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни, одамларимизнинг бугунги кунидан розилигини алоҳида қайд этишмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки мустақиллик йилларида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳити мустаҳкам қарор топди. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, меҳр-оқибат туйғулари одамлар қалби ва шууридан чуқур жой эгаллади. Ўтганларни хотирлаб, уларнинг эзгу ишларини давом эттириш, бугун сафларимизда юрган, элу юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.
Энг муҳими, Президентимиз 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда таъкидлаганидек, истиқлол даврида туғилиб вояга етган, мустақил ва янгича фикрлайдиган, буюк мақсадлар сари интилаётган фарзандларимиз ота-боболаридан мерос бўлиб қолган ўз юртини, туғилган тупроғини муқаддас деб билмоқда, унинг эртанги ёруғ куни учун бутун борлиғини бағишлашга, керак бўлса, жонини фидо қилишга тайёр бўлмоқда. Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилаётган ҳар бир масала ана шу эзгу ютуқ ва марраларимизни янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, демократик тараққий этган давлатлар қаторидан жой олишдек улуғвор мақсадларга йўналтирилгани билан жуда муҳимдир.

Мирзаҳмад ШОИМОВ,
“Сирдарё иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамияти бош директори, сенатор:
— Бугун юртимизда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, қимматли қоғозлар бозори фаолиятини кенгайтириш ва самарадорлигини тубдан ошириш, бўлажак инвесторлар учун уларнинг очиқлиги ҳамда жозибадорлигини таъминлаш, замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш, корхоналарни стратегик бошқаришда акциядорлар ролини кучайтириш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада қонунлар, фармон ва қарорлар амалиётга татбиқ этилаяпти. Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган янги таҳрирдаги “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонун ҳам ушбу йўналишдаги мақсад ва вазифаларга эришишга қаратилгандир.
Ушбу Қонун Президентимиз томонидан парламент палаталарининг шу йил январь ойидаги қўшма мажлисида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, акциядорлик жамиятлари, тадбиркорлик субъектлари, соҳа мутахассислари, жамоат ташкилотлари иштирокида республикамизнинг барча ҳудудларида кенг муҳокама қилинди. Сенаторларимиз ва мутахассисларнинг фикрича, янги таҳрирдаги Қонун инвесторлар учун қўшимча кафолатлар механизмини яратиб, инвестиция воситачиларининг масъулиятини янада оширади. Натижада ҳудудларга жалб этилаётган инвестиция оқими кўпайиб, ижтимоий инфратузилма, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизациялаш борасидаги лойиҳаларни ҳаётга муваффақиятли татбиқ қилишнинг ҳуқуқий пойдевори мустаҳкамланади.

Тоҳир БАҲРОНОВ,
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг “Бухоро” халқаро аэропорти директори, сенатор:
— Халқаро экспертлар республикамизни улкан бунёдкорликлар, беқиёс ўзгаришлар мамлакати сифатида ҳақли равишда эътироф этишмоқда. Ҳақиқатан ҳам, юртимизнинг қайси бир гўшасига борманг, ҳудудлар қиёфаси тубдан ўзгараётганига, аҳоли учун кўплаб қулайликлар яратилаётганига гувоҳ бўласиз. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида нафақат шаҳарларимиз кўркига кўрк қўшилмоқда, айни пайтда йўловчилар, ташувчилар учун ҳам қатор қулайликлар яратилаяпти, аҳоли ҳаёти ва соғлиғини муҳофазалаш чоралари кучайтирилаётир. Пировардида транспортда йўловчиларни ташиш жараёнида уларнинг ҳаёти, соғлиғи ҳамда мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масаласига кундан-кун эътибор ошмоқда.
Бугун сенаторлар атрофлича кўриб чиққан “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонун ҳам аҳолига, айниқса, йўловчиларга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик, эътиборнинг мантиқий давоми, деб баҳолаш мумкин.
Шуни айтиш керакки, вилоятимизда сенаторлар мутахассислар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларини жалб этган ҳолда, уни ҳудудимиз ва аҳолимиз манфаатларига мослиги нуқтаи назаридан ўрганиб чиқдик.

Турғун ИСКАНДАРОВ,
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор:
— Сенаторлар томонидан маъқулланган янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонун Президентимизнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар доирасида ишлаб чиқилган. Қонун Сенатга келиб тушгач, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакиллари, соҳа вакиллари иштирокида кенг муҳокама қилинди. Шунингдек, қўмитамиз Қонуннинг сифати ҳамда таъсирчанлигини ошириш учун олимлар, юқори малакали мутахассис ва экспертларни кенг жалб этган ҳолда, ушбу ҳужжатни батафсил ўрганиб чиқди.
Шуни қайд этиш керакки, янги таҳрирдаги Қонун юртимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, истеъмолчилар билан ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, хўжалик юритувчи, хусусан, кичик бизнес ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида электрон тижорат имкониятларидан самарали фойдаланиш, уларнинг юқори иқтисодий натижаларга эришишида мустаҳкам асосга айланади. Экспертларнинг фикрича, ушбу ҳужжат мамлакатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг молиявий барқарорлиги, инвестициявий фаоллигини юксалтириб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳамда кўрсатилаётган хизматларнинг жаҳон бозоридаги рақобатдошлиги ва сифати ошишида айни муддао бўлади.

Гулчеҳра САТТОРОВА,
Кармана туманидаги 4-умумий ўрта таълим мактаби директори, сенатор:
— Сенат ялпи мажлисида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор қонунлар кўриб чиқилди. Шу жумладан, сенаторлар “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиш киритиш ҳақидаги масалани атрофлича муҳокама қилишди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда ҳокимият ва бошқарув тизимини янада демократлаштириш, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили босқичма-босқич амалга оширилишини таъминлаш, парламентнинг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги ролини, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, ҳокимият вакиллик органларининг назорат функцияларини кучайтиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётир.
Хусусан, мамлакатимиз Конституциясига ўтган йили киритилган тузатишларга мувофиқ, ижроия ҳокимият органлари, ҳокимларнинг вакиллик органлари олдидаги масъулияти оширилди. Мазкур демократик меъёрларни ҳаётга татбиқ этиш механизмларини яратиш мақсадида “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонун янги модда билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг ҳисоботлари тегишли халқ депутатлари Кенгашининг вилоят, туман ва шаҳарнинг ўтган йилда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг якунлари ва жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида тақдим қилинади. Бу ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим масалаларини кўриб чиқишда узвийликни, юқори турувчи органлар томонидан белгиланган баҳоларни ҳисобга олган ҳолда, самарали муҳокамалар ташкил этилишини, ҳокимлар томонидан ҳисоботлар тақдим қилинишида такрорийликни истисно этишни таъминлашга ва пировардида маҳаллий вакиллик органларининг ролини янада оширишга хизмат қилади.

Қобил ХИДИРОВ
ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn