Йўловчилар манфаатларини таъминлашнинг муҳим шарти
  • 15 Май 2015

Йўловчилар манфаатларини таъминлашнинг муҳим шарти

Олий Мажлис Сенатида парламент юқори палатасининг бугун очиладиган иккинчи ялпи мажлисига қизғин ҳозирлик кўрилди. Сенаторлар ялпи мажлис кун тартибига киритилиши кутилаётган масалаларни атрофлича кўриб чиқиб, жамоатчилик иштирокида муҳокамадан ўтказди.

Бинобарин, қонунларни давлат бошқаруви, фуқаролик жамияти институтларининг турли бўғинларида кенг ва амалий муҳокама қилишни таъминлаш бугуннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида кўрилиши кутилаётган “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонун ҳам ушбу талаблар асосида тайёрланган. Парламент юқори палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳузурида ташкил қилинган ишчи гуруҳи Қонунни ҳар томонлама ўрганиб чиққан бўлса, сенаторлар томонидан ушбу ҳуқуқий ҳужжат жойларда соҳа мутахассислари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида муҳокама этилди. Бу саъй-ҳаракатлар, шак-шубҳасиз, қонунларни амалиёт билан ҳар томонлама чуқур қиёсий таҳлил қилиш асосида муҳокама этишга замин яратади.
Шуни айтиш керакки, “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонун республикамиз ҳудудида транспорт воситаларининг барча турида ташишни амалга оширишда йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига етказилган зарарнинг қопланишини кафолатлашга қаратилгани билан ниҳоятда муҳимдир.
Иқтисодиёт тармоқларида рўй бераётган сўнгги ўзгаришлар, транспорт-коммуникация тизими ва ижтимоий суғурта хизматларининг тобора ривожланиб бораётгани ҳам соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришни тақозо этаяпти. “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонун бугунги куннинг ушбу талабларидан келиб чиқиб, Президентимизнинг 2010 йил 26 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган 2011 — 2015 йилларда республика микромолиялаш соҳасини ва нобанк молия секторини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирларга мувофиқ ишлаб чиқилган.
Қонуннинг мақсади ташувчининг йўловчилар ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Фуқаролик кодексига мувофиқ, ташувчи йўловчининг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилгани ҳамда юк ёки багаж йўқолгани, миқдори камайгани ва уларга шикаст етгани (бузилганлиги) учун жавобгар ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, Қонун билан ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш орқали республикамиз ҳудудида транспорт воситаларининг барча турида ташишни амалга оширишда йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар ўрни қопланиши кафолатланмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, бугунги кунда дунёнинг ривожланган мамлакатларида йўловчи ташиш жараёнида йўловчиларнинг манфаатларини тўлақонли муҳофаза этиш мақсадида ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш механизми кенг қўлланилади. Автомобиль, дарё, темир йўл, ҳаво йўллари орқали бирор манзилга отланган йўловчининг ҳаёти, соғлиғи ҳамда мол-мулкига зарар етса, уни ташувчи компания ижтимоий суғурта орқали қоплаб бериши йўлга қўйилган. Бу тизим, бир томондан, йўловчи учун қулайлик яратса, иккинчи томондан, суғурта бозори ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, мазкур йўналишларда кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, ташувчи компания ҳамда ташкилотларнинг мулкий манфаатларини муҳофазалашга хизмат қилади.
Қонунга мувофиқ, темир йўл, ҳаво, автомобиль, дарё ва бошқа турдаги транспортда тижорат асосида йўловчилар ҳамда уларнинг мулкларини ташиш хизматини кўрсатадиган ва бунинг учун махсус рухсатнома (лицензия) олган юридик ёки жисмоний шахс ташувчи сифатида белгиланмоқда. Ташувчи, ўз навбатида, йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ҳамда мол-мулкига зарар етказганлик учун ўз фуқаролик жавобгарлигини ташиш бўйича хизматлар кўрсатиш бошлангунига қадар тегишли шартлар асосида ва тартибда суғурталаши шарт.
Қонунда суғурталовчига ҳам муайян талаблар қўйилмоқда. Чунончи, у махсус лицензияга эга бўлиши, ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта шерикчилигида мажбурий иштирок этиши ҳамда ҳар бир ҳудудда мажбурий суғурта шартномаси тузишга ваколатли филиалларига эга бўлиши керак.
Қонунда соҳадаги асосий тушунчаларга таъриф берилган, ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси, бу суғурта ҳодисаси ҳисобланмайдиган фуқаролик жавобгарлигининг юзага келиши, суғурта полиси, пули, тарифлари, мукофоти, суғурта товони аниқ ифодалаб берилган, уни олиш ва тўлаш тартиблари белгиланган.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, мазкур меъёрларнинг ҳаётга татбиқ этилиши умумдавлат миқёсида йўловчиларга етказилган зарарнинг қопланишини кафолатлаш, ташувчиларнинг мулкий манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, суғурта бозори ҳамда транспорт инфратузилмасининг ривожланишига, кўрсатилаётган хизматлар сифатининг ошишига имкон яратади.

Исломиддин АБРОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn