Экологик таълимни такомиллаштириш йўлида
  • 15 Май 2015

Экологик таълимни такомиллаштириш йўлида

Маълумки, узлуксиз экологик таълим мактабгача таълим-тарбия муассасаларида табиат ва ташқи олам билан танишувдан бошланади. Ўз навбатида, мамлакатимиздаги мактаб, лицей ва коллежларда мазкур мавзуга оид дарслар олиб борилаётган бўлса, олий ўқув юртларида экология кафедралари ташкил этилган.

Барча ўқув муассасалари ва эколог-олимлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилгани тегишли адабиёт ва қўлланмаларни тайёрлаш, экологик таълим сифатини юқори даражага чиқариш, қисқача айтганда, ёш авлоднинг атроф-муҳит муҳофазасига доир билим ҳамда кўникмаларини оширишда муҳим ўрин тутмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари ҳамда Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмиталари томонидан ўтказилган илмий-амалий конференцияда экологик таълим ва тарбияни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Унда қатор вазирлик ҳамда идоралар вакиллари, мутахассислар, экспертлар, журналистлар иштирок этди.
Тадбирда экологик таълим жараёнида фойдаланиладиган услубий ва ўқув қўлланмаларини янада такомиллаштириш, мазкур ишларни интеграциялашган ҳамда тизимли тарзда олиб бориш каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Қайд этилганидек, “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида экологик таълим ишлари изчил олиб борилмоқда. Бинобарин, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунда ҳам барча турдаги таълим муассасаларида экологик таълим мажбурийлиги белгилаб қўйилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Атроф-муҳитга масъуллик билан муносабатда бўлиш туйғусини шакллантириш экологик таълимнинг ўзига хос хусусиятларидан биридир. Унинг замирида табиатдан фойдаланиш тамойилларига риоя этиш, ҳудуд табиатини ўрганиш, асраб-авайлаш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш ва ишлаб чиқаришни мақбуллаштириш ғояларини тарғиб қилиш ишига фаол киришиш  мезонлари мужассам.
— Экологик таълим-тарбия замонавий кадрларни тайёрлашда катта аҳамият касб этади, — деди депутат Аксавли Тумишова. —  Депутатлар томонидан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирликлари билан ҳамкорликда ўқув жараёнларига узлуксиз экологик таълим тизимини татбиқ қилишга қаратилган  комплекс чора-тадбирлар таклиф этилмоқда. Бу таълим-тарбия соҳасидаги долзарб вазифаларнинг, қолаверса, БМТ Мингйиллик ривожланиш мақсадларининг рўёбига хизмат қилади. Ушбу саъй-ҳаракатлар  ёш авлодда экологик маданиятни ривожлантириш, уларда юксак маънавиятни қарор топтириш, экологик қоидаларга риоя этиш, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳиссини тарбиялашга йўналтирилгандир. Бугун мазкур ғоялар бўлажак мутахассисларни ўқитиш ва тарбиялаш амалиётига фаол жорий этилаётир. Конференция қатнашчилари томонидан аҳолининг экологик саводхонлигини юксалтиришда давлат органлари ҳамда таълим муассасалари, шунингдек, кенг жамоатчилик саъй-ҳаракатларини бирлаштириш таклиф этилди. Экология жабҳасидаги мутахассислар малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш, экологик таълим ва тарбия жараёнларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Айни чоғда сўнгги йилларда юртимиз олимлари томонидан экологик таълим-тарбия бўйича тадқиқотлар олиб бориш сезиларли даражада ўсгани айтиб ўтилди. Ушбу илмий изланишлар экология йўналишида ижтимоий-маънавий ишларни ташкил этиш каби соҳанинг турли жиҳатларини қамраб олаяпти.
Конференция якунида юртимизда узлуксиз экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантириш, соҳага оид норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилиб, тегишли тавсиялар қабул қилинди.

С. МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn