Самарали алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида
  • 09 Май 2015

Самарали алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Хитой халқ сиёсий маслаҳатлашув кенгаши Умумхитой қўмитаси раисининг ўринбосари, Марказий Осиё мамлакатлари билан Хитой дўстлик жамияти фахрий раиси Чэнь Юань раҳбарлигидаги Хитой Халқ Республикаси делегацияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, икки давлат ўртасидаги алоқалар изчил ривожланмоқда. Мамлакатларимиз ўртасида икки ва кўп томонлама кенг ҳамкорлик бўйича очиқ ҳамда самарали сиёсий мулоқот олиб борилаётир. Уларнинг асосини олий даражадаги, шу жумладан, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитлари доирасидаги  муносабатлар ташкил қилади.
Президент Ислом Каримовнинг 2012 йил июнь ойида Хитойга амалга оширган расмий ташрифи бу борада муҳим аҳамият касб этиб, нафақат ўтган давр мобайнида ўзаро муносабатларда эришилган салмоқли натижаларни мустаҳкамлади, балки уларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқди. Мазкур ташриф якунида икки давлат раҳбарлари томонидан Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация имзоланди.
2013 йилнинг сентябрь ойида  ХХР раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Бундан ташқари, 2014 йилнинг август ойида Президентимизнинг ХХРга ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли ҳамкорлик суръатларига юқори баҳо бериб, стратегик шерикликни чуқурлаштиришга интилиш кучли эканини билдирдилар.        
Парламентлараро алоқалар ўзаро муносабатларнинг салмоқли қисмини ташкил этади. Унинг доирасида мулоқот алмашувлари мунтазам ўтказиб келинаяпти, демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари таъминланишини ўрганишга йўналтирилган учрашувлар ҳамда парламент делегациялари ташрифлари уюштирилмоқда. 
Навбатдаги учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги парламентлараро алоқаларнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболлари, уларни янада ривожлантириш бўйича тадбирлар ташкил этиш, қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Чэнь Юань икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш катта аҳамиятга эга эканлигини қайд этар экан, Олий Мажлисда бўлиб ўтган мазкур учрашув алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Шу куни Хитой делегацияси аъзолари Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари Кенгашида ҳам учрашув ўтказишди.


Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn