Озиқ-овқат хавфсизлиги ва қонунчилик
  • 05 Май 2015

Озиқ-овқат хавфсизлиги ва қонунчилик

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари ҳамда Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмиталари ҳамкорлигида “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Унда депутатлар, мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар масъул ходимлари, тегишли илмий тадқиқот институтлари ҳамда олий ўқув юртлари олимлари, Экоҳаракат фаоллари ва жамоатчилик экспертлари гуруҳи аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Тадбирда мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга урғу берилиб, Ер юзида аҳоли сони жадал кўпайиб бораётган бир вақтда, айрим давлатларда озиқ-овқат маҳсулотлари ўта танқислиги сезилаётгани, бу ҳолат эса, ўз навбатида, ушбу мамлакатларда ижтимоий ва сиёсий муаммоларни юзага келтираётгани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференциядаги нутқида Ўзбекистоннинг ноёб тупроқ-иқлим шароити, мамлакатимизда қуёшли кунлар бир йилда ўртача 320 кун бўлиши, тўрт фаслнинг изчил алмашинуви кенг турдаги юқори сифатли мева ва сабзавотларнинг асосий навларини етиштириш учун қулай имкониятларга эга эканлиги, қишлоқ хўжалиги мавсумининг ўзига хос хусусиятларига тўхталиб, бу мамлакатимизда ишончли озиқ-овқат базасини яратишини таъкидлаб ўтган эди.
Халқаро ташкилотларнинг маълумотларига қараганда, бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотларининг етишмаслиги сабабли дунё миқёсида ҳар саккиз одамдан бири тўйиб овқатланиш имкониятига эга эмас. Ана шу мисолнинг ўзи бугунги кунда мазкур масала нақадар жиддий эканини кўрсатмоқда.
Давра суҳбатида мамлакатимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ озиқ-овқат хавфсизлигига давлат сиёсатининг асосий устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилгани таъкидланиб, ўтган давр мобайнида соҳага оид мустаҳкам қонунчилик асослари яратилгани, бу борада Президентимизнинг махсус Фармон ва қарорлари ҳамда давлат дастурлари қабул қилингани алоҳида кўрсатиб ўтилди.
— Маълумки, бугунги кунда атроф-муҳит ифлосланиши ҳамон давом этмоқда, иқлим ўзгаришлари натижасида мислсиз оқибатлар юзага келаяпти, — деди Тошкент давлат аграр университети доценти З. Норбоев. — Масалан, қурғоқчилик, сув ресурслари тақчиллиги, турли кимёвий моддалар ва пестицидларни тинимсиз ишлатиш натижасида ерларнинг табиий ҳолатини йўқотиши кузатилмоқда. Бу, ўз навбатида, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириладиган экин майдонлари қисқаришига олиб келаётир. Юртимизда ана шундай экологик муаммоларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилаяпти. Йиғилишда ҳам мазкур чора-тадбирларни янада такомиллаштириш юзасидан депутатлар, олимлар ҳамда экспертлар ўзаро фикр алмашиб олдик.
Бугунги кунда аграр соҳани диверсификация қилиш натижасида сув кўп талаб этиладиган пахта, шоли каби қишлоқ хўжалиги экинлари майдони сезиларли даражада камайтирилди. Ушбу экинлар ўрнига ресурсларни тежайдиган технологиялар асосида интенсив мевали боғлар ва узумзорлар барпо қилинди, суғорма деҳқончиликда асосий эътибор ғалла ва сабзавот етиштиришга қаратилди. Натижада сув тежамкорлигига эришилди.
— Таъкидлаб ўтиш жоизки, мамлакатимизда нафақат ички озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланмоқда, балки қўшни давлатлар озиқ-овқат бозорига ҳам маҳсулот экспорт қилинмоқда, — деди Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси Қ. Носиров. — Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласида бугун дунёнинг айрим минтақаларида мураккаб вазият юзага келаяпти. Шу нуқтаи назардан олганда, бу борадаги халқаро қонунчилик меъёрларини ўрганиш, қолаверса, соҳанинг ҳуқуқий асосларини яна бир бор таҳлил этиш ўтказилган тадбирнинг мақсадларидан биридир.
Давра суҳбатида қуйи палатанинг 2015 йилга ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган ташкилий-ҳуқуқий тадбирлари, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил ишлари дастури доирасида соҳанинг қонунчилик асосларини янада мустаҳкамлаш, мавжуд қонунлар ижроси бўйича назорат-таҳлил тадбирларини ўтказиш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш ишларига эътиборни кучайтириш лозимлиги белгилаб олинди. Давра суҳбати якунида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.


Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси
Ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn