Фаровон ҳаётимизнинг халқаро эътирофи
  • 30 Апрель 2015

Фаровон ҳаётимизнинг халқаро эътирофи

Яқинда БМТнинг бир гуруҳ нуфузли олим ва таҳлилчилари томонидан жаҳоннинг энг бахтли мамлакатлари янги рейтинги тузилиб, эълон қилинди. Уни тайёрлаш чоғида дунёнинг 158 та давлатидаги тегишли кўрсаткичлар таҳлил этилди.

Эътиборлиси, мазкур рўйхатда республикамиз 44-ўринни эгаллади. МДҲ давлатлари орасида Ўзбекистон биринчи поғонада қайд этилди, Осиё мамлакатлари ичида эса етакчилар қаторидан жой олди. Буларнинг барчаси юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар самараларидан далолатдир. 
Жаҳоннинг бахтли мамлакатлари рейтинги давлат ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари, аҳоли жон бошига даромадларнинг бўлиниши, у ердаги тинчлик ва барқарорлик, ижтимоий соҳага қаратилаётган эътибор, коррупцияга қарши кураш бўйича амалий чора-тадбирлар, жиноятчилик даражаси, бағрикенглик, аҳоли фаровонлиги, фуқароларнинг давлат томонидан олиб борилаётган сиёсатга муносабати ва бошқа қатор мезонлар асосида аниқланади. Кўрсатиб ўтилган мезонлар бўйича маълумотлар тўплаш ҳамда уларни комплекс таҳлил қилиш 2012 — 2014 йиллар мобайнида  амалга оширилгани диққатга сазовор. 
Шубҳасиз,  қисқа давр ичида юртимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, фуқароларимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида салмоқли ютуқларга эришилди. Дунёда молиявий-иқтисодий инқироз ҳали-ҳануз давом этаётганига қарамай, Ўзбекистонда иқтисодиёт ва унинг етакчи тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Сўнгги 10 йилда  мамлакатда ялпи ички маҳсулот даражаси ҳар йили 8 фоиздан зиёдни ташкил этаяпти. Мана, жорий йилнинг биринчи чорагида ҳам бу борада 7,5 фоиз  ўсишга эришилди. Айни пайтда ишлаб чиқариш сектори, саноат жадал равнақ топаётир, инвестициялар ҳажми ва аҳолининг реал даромадлари ошиб бормоқда. 
Табиийки, Ўзбекистон ютуқларининг жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олиниши фақатгина рақамлар таҳлилида ўз ифодасини топмаган.  Унинг ортида ҳамюртларимизнинг юқори кайфияти, юксалиб бораётган ҳаёт даражаси, диёримизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, олиб борилаётган оқилона сиёсат яққол кўриниб турибди.
Таъкидлаш жоизки, мустақилликнинг илк йиллариданоқ Ўзбекистон ўзи танлаган йўлдан қатъият ва ишонч билан олға бораяпти. Пировардида салмоқли муваффақиятларга эришилди.
Биз танлаган ва дунёда тараққиётнинг “ўзбек модели” дея эътироф этилган йўл нақадар тўғри эканлигини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб берди. Зеро, бозор иқтисодиётига ўтишнинг беш тамойилига асосланган ислоҳотларни изчил рўёбга чиқариш унинг мазмун-моҳиятини ташкил қилади. Одамларимиз дунёқараши ва тафаккуридаги туб ўзгаришлар, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ўсиб бораётгани, ҳаётида кўпни кўрган фидойи ҳамда мард халқимиз мазкур ютуқлар асоси ҳисобланади, десак, айни ҳақиқатдир.
Албатта, дунёнинг энг бахтли мамлакатлари қаторидан муносиб жой олиш ҳар бир ўзбекистонлик қалбига ўз Ватанидан чексиз ғурурланиш ва фахрланиш туйғусини бахш этади. Бу, ўз навбатида, хусусан, биз, депутатлар зиммасига амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, уларни амалиётга самарали татбиқ этиш, сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилишдек катта масъулият юклайди.
Яна бир муҳим жиҳатга тўхталиб ўтиш жоиз. Яъни Президентимиз Ислом Каримов томонидан қайд этилганидек, агарки биз эришган ютуқ ва марраларимиз билан чегараланиб, хотиржамлик, ҳаволаниш ва бепарволик кайфиятларига берилиб кетсак, бундай ҳолат барчамиз йўл қўйган, кечириб бўлмайдиган катта хатога айланиб кетиши мумкин. Барчамиз ушбу ҳақиқатни яхши англаб етган ҳолда, атрофимизда рўй бераётган ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси билан, қисқа қилиб айтганда, бу саховатли, тенги йўқ замин — менинг ягона Ватаним, унинг қувончи ва ғамхўрлиги — менинг қувончим ва ғамхўрлигим эканлигини чуқур ҳис қилган ҳолда яшашимиз мақсадга мувофиқдир.  
Шулар билан бир қаторда, мамлакатимиз олдида турган устувор вазифаларни дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни инобатга олган ҳолда амалга ошириш биздан Ўзбекистоннинг жаҳондаги ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши йўлида демократик ислоҳотларни янада фаоллаштиришни талаб этади. Зеро, биз ҳаёт бир жойда тўхтаб турмаслигию ҳамма нарса ҳаракатда эканлигини, гуллаб-яшнаш йўлида замоннинг ўзи дадил саъй-ҳаракатларни тақозо этишини ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур.

Раҳим ҲАКИМОВ,
Шуҳрат ЯКУБОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутатлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn