Озиқ-овқат хавфсизлигининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда
  • 29 Апрель 2015

Озиқ-овқат хавфсизлигининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2015 йил ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган ташкилий-ҳуқуқий тадбирлари, қонун ижодкорлиги ҳамда назорат-таҳлил ишлари дастурига киритилган бир қатор янги қонун лойиҳалари юзасидан қўмиталарда қизғин муҳокамалар бўлиб ўтмоқда.

Қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва уни қуйи палата муҳокамасига киритиш билан боғлиқ тадбирларда етакчи мутахассислар, олимлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат экспертлар гуруҳи фаол иштирок этаяпти.
Қуйи палатанинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳузурида тузилган ишчи гуруҳ томонидан “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрлаш юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Президентимизнинг “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференциядаги нутқида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор, тез суръатлар билан ривожланаётганига, жаҳонда ҳамда унинг айрим минтақаларида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш билан боғлиқ мураккаб вазият юзага келаётган бир пайтда, юртимизда сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва аҳолини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига алоҳида эътибор қаратилган эди.
Бинобарин, “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилиши озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш борасидаги яна бир муҳим қадамдир.
Йиғилиш қатнашчилари Қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар  ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини ошириши билан бирга, республикамизда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, уларнинг турини кенгайтириш ҳамда сифатини янада яхшилашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Ислом Зокировнинг айтишича, ишчи гуруҳи муҳокамаларида озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви органларининг ваколатлари ҳамда вазифаларини аниқ белгилаб олиш, озиқ-овқат маҳсулотининг сифати, хавфсизлигини назорат қилишда ишлаб чиқарувчи ва жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан ҳам таклифлар билдирилмоқда.
— Бундай муҳокамаларга амалиётчи олимлар, соҳа мутахассисларининг кенг жалб этилаётгани қабул қилинадиган қонунларнинг ҳаётийлигини таъминлабгина қолмай, уларнинг таъсирчанлигини ҳам оширади, — деди Тошкент давлат юридик университети Экология ва аграр ҳуқуқи кафедраси доценти Олимжон Нарзуллаев. — Йиғилишда экспертлар гуруҳи томонидан амалдаги Қонуннинг вазифаларини янада кенг баён этиш орқали унинг таъсирчанлигини кучайтириш, озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ҳамда уларни ишлаб чиқарувчи юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан қўйилган талабни бундан-да такомиллаштириш бўйича қўшимчалар киритиш, озиқ-овқат маҳсулотини сертификатлаш, овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда назоратга олиш бўйича нормаларга ойдинлик киритиш юзасидан кўплаб амалий таклифлар берилди.
Мазкур ҳужжатни тайёрлаш жараёнида халқаро амалиёт, ривожланган мамлакатларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги тажрибаси, халқаро шартномалар ва унда белгиланган айрим нормалар ҳам чуқур ўрганилди.


Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn