Маданий мерос муҳофазаси ва қонунчилик
  • 28 Апрель 2015

Маданий мерос муҳофазаси ва қонунчилик

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш: назария ва амалиёт” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда депутатлар, вазирлик ҳамда идоралар, илмий тадқиқот ва таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, журналистлар қатнашди.

Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимизда бой ҳамда бебаҳо тарихий, маданий ва маънавий меросни тиклаш, сақлаш, ўрганиш, тарғиб этиш, уларни келажак авлодга бекаму кўст етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун зарур институционал ҳамда ташкилий-ҳуқуқий пойдевор яратилди.  Хусусан, Конституциямизда фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурлиги, маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасида экани ўз ифодасини топган. Шу асосда “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги, “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда бошқа қонунлар, ҳукуматнинг соҳага доир ўнга яқин қарорлари ҳаётга татбиқ этилди, бир қатор халқаро конвенциялар Ўзбекистон томонидан ратификацияланди. Пировардида маданий мерос объектларини қайта тиклаш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, миллий қонунчиликни умумэътироф этилган нормалар билан уйғун ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.
Бугунги кунда юртимизда маданий мероснинг 7500 дан зиёд кўчмас объектлари мавжуд. Уларнинг ярмидан кўпи археологик дурдоналар саналади. Ўз навбатида, музейларда юз минглаб кўчар объектлар, архивларда миллионлаб ҳужжатлар сақланаётир. Айни чоғда диёримиздаги тарихий, архитектура ва шаҳарсозлик объектларини қамраб олган 110 та халқаро сайёҳлик йўналишининг 65 таси айнан тарихий-маданий мерос намуналаридир.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 октябрдаги қарори билан тасдиқланган 2010 — 2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастури ижроси юзасидан ўтган йилларда амалга оширилган ишлар, келгусидаги вазифалар муҳокама этилди.
Анжуманда кўриб чиқилган масала юзасидан қатор фикр-мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, маданий мерос объектлари атрофида, уларга олиб борувчи йўналишларда хизмат кўрсатиш ҳамда сервисни ривожлантириш, бу соҳадаги хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга тақдим этиладиган имтиёзлар кўламини кенгайтириш мақсадга мувофиқ эканлиги айтиб ўтилди. Ёшларни бебаҳо тарихий меросни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш руҳида тарбиялаш эса уларда миллий ўзликни англаш туйғусини янада кучайтириш, жамиятда юксак маънавиятни теран қарор топтиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, маданий мерос объектларини муҳофаза қилишда масъул мутасаддилар жавобгарлигини янада ошириш юзасидан таклифлар баён этилди.
Тадбир қатнашчилари маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид қонун ва қонуности ҳужжатларини бугунги кун талабларидан келиб чиқиб янада маромига етказиш, тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан, Давлат дастурлари ижроси устидан парламент ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш лозимлигини ҳам алоҳида айтиб ўтишди. Якунда тавсиялар ишлаб чиқилиб, қўмита қарори қабул қилинди.


Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn