Нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш янада кенг миқёсда давом эттирилади
  • 25 Апрель 2015

Нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш янада кенг миқёсда давом эттирилади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси  ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда комиссия аъзолари, вазирликлар ҳамда идоралар масъул ходимлари, ННТ вакиллари ва журналистлар қатнашди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда истиқлол йилларида демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама равнақ топтириш, ижтимоий шерикликнинг амалий механизмларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Пировардида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳозирги кунда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда. Фуқаролар салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратиб, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашмоқда. Зеро, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили давлатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг стратегик мақсадидир.
Бу борада парламент ҳузуридаги Жамоат фонди муносиб ўринга эгадир. Зеро, шу асосда фуқаролик жамияти институтларининг долзарб ташаббуслари фаол қўллаб-қувватланаётир.
Йиғилишда ижтимоий-иқтисодий ривожланишга доир энг муҳим давлат, ҳудудий дастурларни амалга ошириш, гуманитар муаммоларни ҳал этиш, демократик қадриятлар, аҳоли ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда фуқаролик институтларининг фаол иштирокини янада рағбатлантириш, уларни 2015 йилда қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағларни тақсимлаш, ижтимоий шериклик субъектларининг  истиқболли лойиҳаларини молиялаштириш каби муҳим масалалар муҳокама этилди.
— Айни пайтда юртимизда 8 минг 200 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари, 1 минг 400 дан зиёд оммавий ахборот воситалари фаолият юритаяпти, — деди Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди директори А. Тўраев. — Уларни янада тараққий топтириш мақсадида 2015 йилда давлат бюджетидан 10 млрд. сўм ёки 2014 йилдагига нисбатан 22 фоиз кўп маблағ ажратилади. Бунда Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида қабул қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун муҳим дастуриламалдир. Чунки унда фуқаролик институтларини янада ривожлантириш, ислоҳотлар очиқ ва ошкоралиги ҳамда самарадорлигини таъминлашда уларнинг ролини кучайтириш пировард мақсад сифатида кўрсатиб ўтилган. Бинобарин, жорий йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари ҳамда дастурларини молиялаштириш самарадорлиги янада оширилади. Бу эса уларнинг жамият ҳаётидаги иштироки ва таъсирини изчил кенгайтириши, шубҳасиз.
Тадбирда фуқаролик институтларининг демократик қадриятлар, аҳолининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудудларнинг муайян социал-иқтисодий масалаларни ҳал қилиш, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга доир лойиҳалари ҳамда дастурлари танлов асосида давлат субсидиялари, ижтимоий буюртма ва грантлар кўринишида қўллаб-қувватланиши ҳақида тўхталиб ўтилди.
Уларнинг 4 млрд. 750 млн. сўмдан кўпроғи ёки 47,5 фоизи бешта грант-танлов ташкил этиш орқали тақсимланади. Шу асосда қарийб 350 та ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳани қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган. Бундан ташқари, 3 миллиард 250 миллион сўм давлат субсидиялари ажратилади.
Ушбу саъй-ҳаракатлар пировардида “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурини рўёбга чиқаришга нодавлат нотижорат ташкилотларини кенг жалб этиш имконини беради. Мустақил ОАВнинг давлат ижтимоий дастурлари ижроси, демократик ислоҳотлар, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнини ёритишга, ННТнинг эса ҳар томонлама соғлом ва маънан етук авлодни вояга етказишга йўналтирилган лойиҳалари қўллаб-қувватланади. Аҳоли ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишдаги фаоллигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда “учинчи сектор” ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Ўз навбатида, қатор фуқаролик жамияти институтлари моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланиб, улар томонидан долзарб мавзуларга бағишланган конференциялар, давра суҳбатлари, туркум семинарлар, “Жамият ва мен”, “Йилнинг энг фаол журналисти”, “Энг улуғ, энг азиз” каби  кўрик танловлар, “Озод юрт тўлқинлари”, “Журналистлар баҳори — 2015” каби медиа фестиваллар, “Менинг юртим — менинг фахрим” акцияси, “Ўзбекистон матбуоти” миллий кўргазмаси каби муҳим тадбирлар ўтказилишига яқиндан кўмаклашиш кўзда тутилаяпти.
Айни пайтда Парламент комиссияси томонидан демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти, миллатлараро тотувлик асосларини мустаҳкамлашга қаратилган ижтимоий буюртмалар берилади. Ёлғиз қариялар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож бошқа қатламларини ижтимоий ҳимоялаш бўйича амалий ҳамда манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб олинди. Шулар қаторида йил давомида ижтимоий хизмат кўрсатиш механизмларини такомиллаштириш, ижтимоий-тиббий муассасалар моддий-техник базасини ривожлантириш диққат-эътиборда бўлади.
Парламент комиссияси ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилишни ташкил этишга тизимли ва комплекс ёндашмоқда. Бу эса давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг мақсадли ҳамда самарали бўлишига хизмат қилаяпти.
Умуман, 2015 йилда Жамоат фонди томонидан давлат грантлари, ижтимоий буюртма, субсидиялар доирасида молиялаштириладиган лойиҳаларда 2000 дан ортиқ ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари иштирок этади.
Йиғилишда Парламент комиссияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари томонидан давлат грантлари ажратилиши бўйича танловлар эълон қилиниши ва ижтимоий давлат буюртмалари берилиши муносабати билан туркум ахборот-тушунтириш  ишлари олиб боришга келишиб олинди.
Мажлисда бошқа ташкилий-ҳуқуқий масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn