Қонун устуворлигини таъминлаш — бош мезон
  • 24 Апрель 2015

Қонун устуворлигини таъминлаш — бош мезон

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги, “Минтақавий мулоқот” халқаро ноҳукумат ташкилотининг мамлакатимиздаги филиали томонидан “Қонунийликни таъминлашнинг замонавий шакллари, услублари ва механизмлари: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзуида икки кунлик семинар ташкил этилди.

Унда етакчи амалиётчи юристлар, олимлар, жамоатчилик вакиллари, журналистлар, шунингдек, хорижлик экспертлар қатнашди. Тадбирда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликнинг олдини олишда замонавий воситаларни жорий қилишга оид миллий ҳамда хорижий тажриба кўриб чиқилди, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларнинг ўзаро ҳамкорлиги, аҳолининг ҳуқуқий тафаккури ҳамда маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтларининг иштироки масалалари ўрганилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда қонунбузарликларга қарши курашиш соҳасида комплекс ишлар олиб борилаяпти. Республикамизда қонунийлик ҳамда жамиятни ҳуқуқий тартибга солиш, тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг самарали институционал ҳамда ташкилий-ҳуқуқий механизмлари яратилган. Бу борада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга оид тизимли чора-тадбирлар муҳим ўрин тутмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, мазкур йўналишга нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари, балки таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари жалб этилаяпти. Зеро, умумий, мувофиқлаштирилган саъй-ҳаркатлар билангина самарали профилактика фаолиятига эришиш мумкин. Айни чоғда жамоат ташкилотлари давлат органлари билан биргаликда ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ҳаётга татбиқ қилишда қатнашмоқда, соҳага тегишли қонун ҳужжатлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга ошираётир, ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига кўмаклашаяпти.
2014 йилда қабул қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун фуқаролик жамияти институтларининг мазкур йўналишдаги фаолиятини кенгайтиришда муҳим омилга айланди. Боиси, унда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, миллатлараро, маданиятлараро ҳамда фуқаролараро ҳамжиҳатликни кучайтиришда давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигининг аниқ механизмлари белгилаб берилди.
Семинарда қайд этилганидек, Ўзбекистонда навқирон авлодни маънавий ва жисмоний жиҳатдан етук шахс қилиб вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда ёшларнинг ҳуқуқий билимини юксалтириш, уларни қонунлар ҳамда қонун устуворлигига ҳурмат руҳида тарбиялаш устувор аҳамият касб этаётир. “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонун асосида мамлакатимизда қонунбузарликларнинг олдини олиш, бундай ҳолатларни келтириб чиқараётган сабаб ҳамда шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш, вояга етмаган ўғил-қизларда қонунга итоаткорлик туйғусини шакллантириш, уларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилаяпти.
Бинобарин, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида яратилган миллий тизим жаҳон миқёсида қонун устуворлигининг навбатдаги Индексини эълон қилган “The World Justice Project” мустақил халқаро ташкилотининг юқори баҳосига сазовор бўлди. Унга биноан, мамлакатимиз ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминлаш бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллади. Давлатларга баҳо беришда “Тартиб ва хавфсизлик” йўналишига бош мезонлардан бири сифатида ёндашилди. Унинг доирасида халқаро экспертлар томонидан ушбу мамлакатлардаги ҳуқуқий муҳит, жамият ҳамда давлатнинг ўзаро ҳамкорлиги хусусияти, мустақил ва холис судларнинг мавжудлиги, ҳуқуқ-тартибот органлари нечоғли самарали фаолият юритиши каби омиллар тадқиқ қилинди. Нуфузли мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот ҳамда хавфсизлик мустақиллик йилларида изчил ва босқичма-босқич амалга оширилаётган, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий соҳалардаги энг долзарб масалаларни самарали ҳал этишга йўналтирилган тизимли, кенг кўламли ишлар натижасидир.
— Мен Ўзбекистонда тез-тез бўламан ва ҳар гал барча жабҳада ўзгаришларга дуч келаман, — деди АҚШнинг Массачусетс штати Олий суди судьяси Роберт Корди. — Ислоҳотлар, энг аввало, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини тўлиқ таъминлашга йўналтирилган. Ўзбекистонда жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга хизмат қилаётган мустақил суд ҳокимияти шаклланганига гувоҳман. Мамлакатингизда адвокатлар, прокуратура ва ҳуқуқни муҳофаза этиш органлари ходимларини тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилган. Фуқаролар, айниқса, ёшларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳам диққат-эътиборда. Яна бир муҳим жиҳати, юртингизда жазо тизимини кучайтиришга эмас, балки ҳуқуқбузарликлар профилактикасига алоҳида аҳамият қаратилаяпти. Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ҳам жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади, деб ҳисоблайман.
Маълумки, ўтган йили парламент ва жамоатчилик назорати институтига конституциявий мақом берилди. Давлат ҳокимияти органлари тизимида, хусусан, қонунлар ҳамда давлат дастурлари ижроси устидан назоратни амалга оширишда парламентнинг ўрни янада мустаҳкамланди.
Семинарда ҳуқуқбузарликлар профилактикасида оммавий ахборот воситаларининг салмоқли роли ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, давлат тузилмалари фаолиятида шаффофлик ҳамда ҳисобдорликни таъминлаш, уларнинг фаолиятига доир ахборотни олиш эркинлиги, ОАВ ва фуқаролик институтлари томонидан самарали жамоатчилик назоратини рўёбга чиқаришга оид зарур ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратилди.
Тадбирда хорижлик экспертларнинг ўз мамлакатларида жиноятчиликнинг олдини олиш, ОАВ ҳамда фуқаролик жамияти институтлари имкониятларидан фойдаланиш, фуқароларнинг ҳуқуқий билимини ошириш соҳасидаги тажрибаларга доир маърузалари тингланди. Чет эллик иштирокчилар томонидан Ўзбекистонда миллий тажриба ва умумэътироф этилган стандартлар асосида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, жамиятда қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини кучайтириш бўйича олиб борилган изчил ҳамда тизимли ишлар эътироф этилди.
— Ўзбекистон қонунийлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ҳаётга жадал татбиқ этмоқда, — деди БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси эксперти Драго Кос (Словения). — Юртингизда ҳуқуқбузарликлар профилактикасига ҳар томонлама ёндашилаётгани, бунда ҳуқуқ-тартибот идоралари қаторида, фуқаролик институтларининг муҳим иштироки таҳсинга сазовор. Илгари маҳаллий ҳокимият органларига тааллуқли қатор ваколатлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига берилганини алоҳида таъкидлаш керак. Бу эса аҳоли ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти салоҳиятини янада оширишга туртки бўлди. Қолаверса, мамлакатингизда нодавлат нотижорат ташкилотларининг изчил ва самарали фаолияти кишида катта таассурот қолдиради. Табиийки, мазкур омил демократик давлат равнақида жуда муҳим саналади. Уларнинг сони доимий равишда ўсиб бораётгани ҳам таҳсинга сазовор, албатта. Инсон ҳуқуқлари ҳимояси жабҳасида жамоатчилик бирлашмалари ишлаши катта аҳамиятга эга. Зотан, бундай ташкилотлар фуқаролар фаоллигини ошириш, уларни ижтимоий кенг ҳаётга жалб этишга хизмат қилади. Семинар якунида бўлиб ўтган муҳокамалар чоғида соҳадаги фаолиятни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn