Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлида
  • 21 Апрель 2015

Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Демократик кучлар блокининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш муносабати билан Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқидан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг нутқида халқимиз танлаган ва дунёда “ўзбек модели” деб ном олган машҳур беш тамойил асосида Ватанимиз сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий-маърифий тараққиёти йўлида қўлга киритилган улкан ютуқлар, юксак марраларга эришиш мақсадида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар муфассал таҳлил этилиб, уларнинг самараларига ҳаққоний баҳо берилди.
Ўз навбатида, жаҳон миқёсида молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётган, турли қарама-қаршиликлар тобора авж олаётган, радикализм, терроризм, экстремизм каби таҳдидлар кучайиб бораётган бир вақтда, қўлга киритилган ютуқлар билан чегараланиб, хотиржамлик, ҳаволаниш ва бепарволик кайфиятларига берилмасдан, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, модернизациялаш ҳамда демократлаштириш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқувчи, ҳеч кимдан кам бўлмаган фаровон ва бахтли ҳаёт барпо этишга қаратилган қатор устувор вазифалар кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда мазкур муҳим йўналишларни амалиётга ўз вақтида ва муваффақиятли татбиқ этиш демократик ислоҳотларни тезлаштириш, уларнинг самарадорлигини юксалтиришда бир ёқадан бош чиқариб, сафарбарликни янада оширишни талаб қилиши алоҳида қайд этилди. Бу эса Демократик кучлар блокининг 2015 йилга мўлжалланган амалий ишлар Дастурига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини ҳам тақозо этиши, шубҳасиз. Тадбирда ана шу масала атрофлича кўриб чиқилди.
Энг аввало, парламентнинг қонунчилик фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги қонунчилик тараққиёт эҳтиёжларига мослиги, керак бўлса, ундан олдинда юришини таъминлаш зарурлиги эътироф этилди.
Демократик блок томонидан бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш, хусусий мулк ҳуқуқлари ҳамда ҳимоясини таъминлаш, тадбиркорлик йўлидаги ғов ва тўсиқларни бартараф этишга қаратилган қатор қонун лойиҳаларининг илгари сурилиши, парламентда кўрилаётган ҳужжатларни бевосита сайловчилар, соҳа мутахассислари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида муҳокама этиш ҳамда янада такомиллаштириш айни замон талаби эканлигига тўхталиб ўтилди.
— Бу борада қатор қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва маромига етказиш ишларини ташкил этиш режалаштирилган, — деди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси Р. Ҳакимов. — Иқтисодий фаолият, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик эркинлигини таъминлаш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги, парламент ҳамда жамоатчилик назорати, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асосларига оид ва бошқа қонун лойиҳалари ана шулар жумласидандир. Уларнинг қабул қилиниши юртимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, бозор иқтисодиётини либераллаштириш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Тадбир иштирокчилари охирги ўн йил давомида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари сезиларли ошиб боришини таъминлаш, ташқи инвестицияларни жалб этиш — бу ўз-ўзидан бўлаётган жараёнлар эмаслигини, уларнинг замирида Юртбошимиз раҳнамолигида рўёбга чиқарилаётган изчил чора-тадбирлар мужассам эканлигига урғу беришди.
Маълумки, Президентимиз нутқида иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар, саноатни диверсификациялаш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик модернизациялашни давом эттириш, хусусий мулк ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш — бу иқтисодиётимизнинг, қолаверса, мамлакатимиз рақобатбардошлигини таъминлашнинг энг муҳим вазифаларидан эканлигига тўхталиб ўтилди.
Шу маънода, Демократик блок Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазирининг замонавий қурилиш ва пардозлаш материалларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳолати ва истиқболлари тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Қонун талабларига риоя этилиши ҳолати ҳақидаги ахборотларини эшитишни белгилаб олди.
— Жойларда кичик ва оилавий бизнес, маҳаллий тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бугунги кун талабидир, — деди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси А. Қодиров. — Бу борадаги ишлар юзасидан таъсирчан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича тизимли ишларни изчил давом эттириш мақсадга мувофиқ.
Бу эса республикамиз иқтисодиётига сармояларни жалб қилишга кўмаклашишга қаратилган муҳим дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бинобарин, 2015 — 2016 йилларда Тошкент, Жиззах, Сирдарё ва Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мутасаддиларининг чет эл инвестицияларини жалб қилган ҳолда, ҳудудларда рақобатдош маҳсулотларни ишлаб чиқариш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолати тўғрисидаги ахборотлари тингланади. Шулар қаторида тегишли қонунчилик, жумладан, халқаро арбитраж тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришга йўналтирилган таклифлар ишлаб чиқилади.
Муҳокамаларда сўзга чиққан депутатлар томонидан Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқи мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, партиялар электорати ва ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, конференция, семинар ҳамда давра суҳбатларини ўтказиш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди. Зеро, давлатимиз раҳбари ютуқларимиз замирида мард ва матонатли, кўпни кўрган халқимизнинг дунёқараши, сиёсий онги ҳамда савияси тобора юксалиб бораётганлиги ва энг муҳими, бугунги кунда ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётган, замонавий билим ҳамда касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил ва янгича фикрлайдиган, Ватанимизнинг эртанги куни учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган навқирон ёшларимизнинг шижоати мужассам эканлигини алоҳида эътироф этди.
Йиғилиш якунида кун тартибидаги масала юзасидан Демократик кучлар блокининг қарори қабул қилинди.

Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn