Ислоҳотларнинг ҳуқуқий механизмларини чуқурлаштириш йўлида
  • 18 Апрель 2015

Ислоҳотларнинг ҳуқуқий механизмларини чуқурлаштириш йўлида

17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Депутатлар мамлакатимизда жамият ҳаётининг турли соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Аввалроқ сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг йиғилишлари ўтказилиб, уларда қуйи палата мажлиси кун тартибига киритилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Қонун лойиҳаларини ҳар томонлама муҳокама қилиш якунларига кўра, уларни такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Депутатлар ўз ишларини  «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Микрокредит ташкилотлари тўғрисида»ги, «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги, «Рақобат тўғрисида»ги қонунларга ўзгартишлар киритишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда ҳар томонлама муҳокама қилишдан бошладилар. Мазкур ҳужжат ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш чоғидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган.
Шундан сўнг депутатлар муҳокамасига янги таҳрирдаги «Ветеринария тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда киритилди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши келгусида ветеринария хизматининг ривожланишига, мамлакатда ветеринария осойишталигини таъминлаш, аҳоли ва ҳайвонларни касалликлардан ҳимоя қилиш, атроф-муҳит муҳофазасида ветеринария-санитария масалаларини ҳал қилиш депутатлар томонидан алоҳида таъкидланди.
Кун тартибидаги масалаларни муҳокама этиш чоғида сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар.
— Ушбу ҳужжат фракциямиз аъзолари томонидан кенг муҳокама этилди ва биз уни биринчи ўқишда қабул қилиш таклифини қўллаб-қувватлаймиз. Масъул қўмитага партиямиз сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳасида хусусий секторнинг ролини кучайтириш билан боғлиқ нормаларни янада такомиллаштиришга эътибор қаратиш юзасидан тавсияларимизни бердик, — дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси Ш. Шарафутдинов. — Мазкур ҳужжат тадбиркорлик, фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қишлоқда реал мулкдорлар синфини шакллантириш асосида қишлоқ хўжалигини янада диверсификация қилиш ва ривожлантириш йўналишида белгиланган вазифаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, хусусий ветеринария хизматларини янада кенгайтириш ва уларнинг ҳуқуқларини аниқлаштиришга оид нормаларнинг акс эттирилиши партиянинг мақсад-вазифаларига ҳам мосдир.
— Бизнинг фракция вакиллари озиқ-овқат хавфсизлигини янада кучайтириш, хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган вазифаларни қонуний мустаҳкамлаш лозимлигини алоҳида таъкидладилар, — дейди Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси Ш. Раҳимов. — Қонун лойиҳасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг ветеринарияга оид вазифаларни ҳал этишдаги иштирокига оид  норманинг киритилиши эса сайловолди дастуримизга мос келади.
— Фракциямиз томонидан ушбу қонун лойиҳасига масъул этиб белгиланган Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасига унинг айрим нормаларини қайта кўриб чиқиш юзасидан бир қатор таклифлар бердик. Улар партиямиз сайловолди дастури, қолаверса, сайловчиларимизнинг манфаатларидан келиб чиқадиган вазифалар билан боғлиқ бўлиб, лойиҳада уларни акс эттириш эътиборимиз марказида бўлади, — дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси вакили А. Тумишова. — Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқариладиган сифатли, хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан етарлича таъминлаш масаласи Ўзбекистон ХДПнинг сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
— Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бошқа давлатлардан кириб келаётган ҳайвонлар орқали тарқалаётган юқумли касалликлар ҳамда ундан ҳимояланиш борасида барқарор ва қатъий тўсиқ талаб қилиниши, қайсики ҳайвонотга мансуб маҳсулотлар хавфсизлиги, эпизоотик барқарорлик ва ветеринария-санитария қоидалари ҳамда меъёрларини ишлаб чиқиш зарурлиги фракциямиз аъзолари томонидан алоҳида таъкидланди, — дейди Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Р. Матқурбонов. — Шунингдек, қонун лойиҳаси профилактика, диагностика ва даволаш тадбирлари, ветеринария соҳасида лаборатория синовлари, ветеринария дори воситалари ва озуқа қўшимчаларининг муомалада бўлишига оид талаблар, давлат ветеринария назорати остидаги товарларни ишлаб чиқаришга доир қоидалар каби янги моддалар билан бойитилаётгани электоратимиз манфаатлари билан уйғундир.
— Биз янги қонун лойиҳасида асосий эътиборни атроф-муҳит ва ҳайвонот дунёси муҳофазасида ветеринария-санитария масалаларини ҳал қилиш, юқумли касалликлардан нобуд бўлган ҳайвонлар, биологик чиқиндиларни йўқ қилиш ва зарарсизлантириш ҳамда улар кўмилган жойлар устидан назорат олиб бориш қоидаларини қатъий белгилаб қўйиш масаласига қаратдик, — дейди Экоҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳи вакили И. Хушвақтов. — Шу билан бирга, қонун лойиҳасида инсон ва ҳайвонлар учун умумий бўлган касалликлардан аҳолини ҳимоя қилиш, ҳайвонот дунёсига тааллуқли озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўзда тутилмоқда. Бу экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси муҳокама этилгандан сўнг депутатлар унинг асосий қоидаларини маъқулладилар ва биринчи ўқишда қабул қилдилар. Масъул қўмитага келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда ҳужжатни кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш топширилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn