Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий тизими: Халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси
  • 18 Апрель 2015

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий тизими: Халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий тизими: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” номли янги китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда депутатлар, тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар вакиллари, олимлар ҳамда журналистлар қатнашди.
Тадбирда таъкидланганидек, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш мамлакатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Демократия умуминсоний принципларга асосланиши, унга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши Конституциямизда ўз ифодасини топган.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича етмишдан ортиқ халқаро ҳужжатга қўшилди, ушбу соҳада миллий тизимни шакллантириш ва ривожлантиришга доир кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Халқаро экспертларнинг эътирофича, бугунги кунда Ўзбекистон шахс ҳуқуқлари ва эркинлигини ҳимоя қилишнинг қатор йўналишлари бўйича ибратли тажрибага эга. Хусусан, 2008 йилнинг январидан бошлаб юртимизда ўлим жазоси бекор қилинди, ҳуқуқни қўллаш амалиётига “Хабеас корпус” институти, “Миранда қоидаси”, ярашув институти жорий этилди. Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини янада либераллаштириш ҳамда инсонпарварлик тамойилларига мувофиқлаштириш босқичма-босқич амалга оширилиб, суд-ҳуқуқ соҳасини янада эркинлаштириш изчил давом эттирилмоқда. Айниқса, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамкорлигидаги  “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий тизими: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” инновацион лойиҳаси доирасида чоп этилган китобда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ халқаро ҳуқуқ нормаларининг миллий қонунчилигимизга имплементация қилиниши назарий ҳамда амалий жиҳатдан таҳлил қилинган. Унда, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро тизими, мамлакатимизда фуқароларнинг шахсий, иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ва маданий ҳуқуқлари ҳамда уларнинг рўёбга чиқарилиши, болалар ва аёллар ҳуқуқлари мониторинги тизимини такомиллаштириш мавзуларига алоҳида ўрин ажратилган.
Тақдимот иштирокчилари фикрича, мазкур китоб ҳуқуқшунослик йўналишидаги барча олий ўқув юртлари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида қўшимча адабиёт сифатида қўлланилиши айни муддаодир.
Тадбир давомида инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича миллий институтлар фаолияти, уларнинг жамиятдаги нуфузи, соҳада узлуксиз таълим ва маърифий ишларни ривожлантиришга оид маърузалар тингланди. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлигини кафолатлаш борасида қилинаётган ишларга бағишланган “Агар, сен ҳақ бўлсанг” янги ҳужжатли фильми намойиш этилди.

Фарида МАҲКАМОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn