ЕХҲТнинг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди
  • 16 Апрель 2015

ЕХҲТнинг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди

2015 йил Ўзбекистонда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилингани тўғрисидаги маълумотлар Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Венадаги қароргоҳида ЕХҲТнинг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.
Унда кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 2015 йил Ўзбекистон Республикасида “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилингани ўз ифодасини топган.

“Ёши улуғ инсонларга эҳтиром ва ғамхўрлик кўрсатиш жамият маънавияти ҳамда маданияти юксаклигининг кўрсаткичи ҳисобланади, — дейилади мазкур ҳужжатда. — Бундай ахлоқий сифатлар неча-неча асрлар давомида ўзбек халқига хосдир. Кексаларга ғамхўрлик мамлакат мустақиллигининг дастлабки кунларидан буён давлат сиёсатида устуворлик касб этмоқда.
Иқтисодиётнинг изчил ва мувофиқлашган тараққиёти аҳолининг, шу жумладан, кекса авлод вакилларининг ҳаёт даражаси ва сифати муттасил ошиб боришига асос бўлиб хизмат қилаётир. Биргина 2014 йилнинг ўзида ёши улуғ инсонлар вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат бюджетидан 11 триллион 618 миллиард сўм пенсия, 105 миллиард сўмдан зиёд маблағ эса нафақа тўловлари учун ажратилди. Ҳар йили уруш ва меҳнат фронти фахрийларига бепул тиббий хизмат кўрсатилиши, санаторий-соғломлаштириш муассасаларида даволаниши, бошқа зарур воситалар билан таъминланиши юзасидан кўмак кўрсатилмоқда”.
Материалда қайд этилганидек, 2015 йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши муносабати билан тегишли  Давлат дастури қабул қилинди. Мазкур ҳужжат кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, ёшларни ўзбек халқининг кўп асрлик қадрият ҳамда анъаналари руҳида тарбиялашда уларнинг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган.
Унда алоҳида таъкидланганидек, “Давлат дастури доирасида ёши улуғ инсонлар учун аниқ мақсадга йўналтирилган ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш кучайтирилади, уларга ижтимоий ва маиший хизматлар кўрсатиш кўламлари кенгаяди. Кекса авлод вакилларининг фаровон ва муносиб турмуш шароитлари билан таъминланиши учун маҳаллалар, “Нуроний” жамғармаси, бошқа нодавлат ташкилотлари ва ижтимоий тузилмалар томонидан моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш миқёси оширилади.
Фахрийлар ва ёши улуғ инсонларга тиббий ҳамда ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларни тизимли асосда соғломлаштиришни ташкил этиш, профилактика тадбирларини кўпайтириш, кексалар ва ногиронларни ёрдамчи ҳамда техник реабилитация воситалари билан, жумладан, имтиёзли асосда таъминлаш, кексаларга хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган санаторий-соғломлаштириш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Шулар билан бир қаторда, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органлари тасарруфидаги санаторий-соғломлаштириш муассасаларида 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг бепул соғломлаштирилиши ташкил этилади”.
Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама рағбатлантириш юзасидан Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ёши улуғ инсонлар учун нафақат моддий, балки маънавий-руҳий жиҳатдан ҳам салмоқли қўллаб-қувватлаш эканлиги ушбу ҳужжатнинг хулоса қисмида алоҳида таъкидланган.

«Жаҳон» АА.
Вена

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn