Парламент комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди
  • 16 Апрель 2015

Парламент комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Парламент комиссияси иш фаолияти билан боғлиқ бир қанча, жумладан, 2015 йилда давлат грантлари, субсидиялар ва ижтимоий буюртмалар учун давлат бюджетидан ажратилган маблағларни тақсимлаш, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан зарур ташкилий ҳамда услубий ҳужжатлар лойиҳаларини такомиллаштириш, шунингдек, Парламент комиссиясининг 2015 йил ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган фаолият режасини ишлаб чиқиш ҳамда бошқа масалалар кўрилди.
Айтиш жоизки, Парламент комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг 2008 йил 3 июлдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қўшма Қарори асосида тузилган бўлиб, унинг асосий мақсади нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини янада ривожлантириш, уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш, молиялаштириш манбаларини шакллантиришда очиқлик, ошкоралик принципларига амал қилган ҳолда, маблағларни мақсадли тақсимлашдан иборатдир.
Йиғилишда қайд этилганидек, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани жамиятимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ҳамда ролини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Олий Мажлис палаталарининг 2008 йил 3 июлдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қўшма Қарори муҳим дастуриламал бўлаётгани эътироф этилди.
Таъкидлаш лозимки, ўтган давр мобайнида ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ажратилган маблағлар уларнинг ташкилий-техник ва иқтисодий негизини янада мустаҳкамлашга самарали таъсир кўрсатиб, сони ва сифати сезиларли даражада ортишига хизмат қилди. Пировардида бугунги кунда мамлакатимизда 8 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари, мингдан зиёд оммавий ахборот воситалари фаолият юритмоқда.
Йиғилиш якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан Парламент комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинди.

Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn