ШҲТ МАТТ Кенгашининг XXVI мажлиси тўғрисида ахборот
  • 11 Апрель 2015

ШҲТ МАТТ Кенгашининг XXVI мажлиси тўғрисида ахборот

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) Кенгашининг навбатдаги XXVI мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этди.
Мажлисда ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашига кўриб чиқиш учун тақдим этиладиган ШҲТ МАТТ Кенгашининг мазкур халқаро тузилманинг 2014 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси ва ШҲТга аъзо давлатларнинг терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича 2016 — 2018 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури лойиҳалари маъқулланди.
Экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳамкорликдаги фаолиятни тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш ҳақида келишувга эришилди.
ШҲТга аъзо давлатлар ва ташкилот ҳузурида кузатувчи мамлакатлар  ўртасида интернет тармоғидан террористик мақсадларда фойдаланишга қарши курашиш бўйича биргаликда ўқув машқлари, шунингдек, халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик масаласига бағишланган учинчи илмий-амалий конференцияни ўтказиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.
ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари Экспертлар гуруҳининг ташкилотга аъзо давлатлар хавфсизлигига таҳдид соладиган террористик, сепаратистик, экстремистик ташкилотлар ва гуруҳларнинг ноқонуний фаолиятига қарши ҳамкорликда курашишни мувофиқлаштириш бўйича тадбирлар режаси тасдиқланди. 
ШҲТ МАТТ фаолиятининг асосий йўналишлари, шунингдек, Ижроия қўмита фаолиятини ташкилий, молиявий ва кадрлар билан таъминлашга доир масалалар юзасидан ҳам қарорлар қабул қилинди. Мажлисда ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси фаолияти ижобий баҳоланди.
ШҲТ МАТТ Кенгашининг навбатдаги мажлиси 2015 йил сентябрь ойида ўтказилади.
Кенгаш мажлиси ишчанлик, амалий мулоқот ва дўстона руҳда ўтди.

(ЎзА).

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn