Тарихий хотирасиз келажак йўқ
  • 09 Апрель 2015

Тарихий хотирасиз келажак йўқ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган давра суҳбатида таълим муассасаларида Ўзбекистон тарихини ўрганиш ва ўқитишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда депутатлар, Ўзбекистон Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг мутасадди ходимлари, шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ ходимлари, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси мутасаддилари, ёзувчилар, тарихчи олимлар ҳамда журналистлар қатнашди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ халқимиз тарихи, бой маданий меросини ўрганишга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 16 декабрдаги “Ўзбекистоннинг янги тарихини тайёрлаш ва нашр этиш тўғрисида”ги, 1998 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари ўзбек халқи давлатчилиги тарихини холисона ўрганишнинг илмий асосларини шакллантириш, тадқиқотларни замонавий талаблар даражасига кўтаришда муҳим аҳамият касб этди.
Миллий давлатчилигимизнинг вужудга келиши ва тараққий топишининг энг янги тарихи бўйича ўқув-методик, илмий-оммабоп, маърифий адабиётларни ўрганиш, тайёрлаш ҳамда чоп этиш борасида илмий, маданий, таълим, жамоат муассасалари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан 2012 йил 27 январда “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгашини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Президент Ислом Каримовнинг “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” асарида ўзбек давлатчилиги тарихини ёритишнинг назарий тамойиллари, мазкур соҳадаги долзарб йўналишлар белгилаб берилди.
Жорий йилнинг 12 январь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий йиғилишида Юртбошимиз томонидан мустақилликкача бўлган воқеа-ҳодисаларни ёш авлод онгу шуурига етказиш, тарихимизни чуқур ўрганиш борасида жамоатчилик, олимлар ва мутахассислар олдида турган устувор вазифалар кўрсатиб ўтилди.
Истиқлолга эришгунга қадар Ўзбекистон тарихи бирёқламалик билан талқин этилди, кўплаб фактлар бузиб кўрсатилди ёки улар ҳақида сукут сақланди. Мустақиллик йилларида тарихий хотирани тиклаш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Замон талабларига жавоб берадиган мутахассислар тайёрлаш, Ўзбекистон тарихини чуқур ўргатиш асосида уларни баркамол ривожлантиришга қаратилган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳаётга татбиқ этилди.
Давра суҳбатида тарихни тадқиқ қилиш жиҳатлари, ушбу фанни олий ва ўрта махсус таълим даргоҳларида ўқитишни такомиллаштириш вазифалари муҳокама қилинди
Хусусан, мазкур босқичда давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари, дарсликлар ҳамда ўқув қўлланмаларини чуқур таҳлил этиш, уларни мустақиллик ғояси нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш лозимлиги таъкидланди. Депутатлар таълим соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат дастурлари ижроси устидан парламент назоратини кучайтиришлари зарур.
Тадбирда сўзга чиққанлар таълим муассасаларида Ўзбекистон тарихи фани ўқитилиши сифати, замонавий дарсликларнинг мазмун-моҳияти, уларда энг янги тарихимизни ёритиш даражаси, мавжуд муаммоларга эътибор қаратдилар. Жабҳадаги ишлар самарадорлигини оширишга доир таклифлар билдирилди.

Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn