Лейден университетида давра суҳбати
  • 08 Апрель 2015

Лейден университетида давра суҳбати

Нидерландиядаги Лейден университетида Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Мамлакатимиз дипломатия миссияси томонидан Лейден университети билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган мазкур тадбирда Нидерландиянинг давлат идоралари, олий ўқув юртлари, ишбилармонлар ҳамжамияти, ушбу мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатия миссиялари вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти ходимлари қатнашди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 1575 йили асос солинган Лейден университети Нидерландиядаги тўртта нуфузли ва кўҳна олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади.
Шарқий Осиёни ўрганиш бўйича тадқиқот маркази раҳбари, профессор Франк Пике давра суҳбати иштирокчиларини Лейден университети номидан қутлар экан, Марказий Осиё мамлакатларида, хусусан, Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлардан хабардорликка бўлган эҳтиёж Нидерландия жамоатчилигида тобора ошиб бораётганини таъкидлади. Унинг маълум қилишича, Лейден университетида Марказий Осиё минтақасини ўрганишга йўналтирилган дастурни ҳаётга татбиқ этиш бошланди. Бу Нидерландия олий ўқув юртлари тарихидаги биринчи дастур ҳисобланади.
— У, энг аввало, Марказий Осиёни ўрганиш бўйича курснинг университет ўқув жараёнларида босқичма-босқич қўлланилишини, Голландия академик ва эксперт доиралари ўртасида мазкур муҳим минтақани тушуниш даражасини янада оширишни кўзда тутади, — деди у. — Чунки ушбу ҳудуд Европа ҳамда Осиё ўртасидаги боғловчи бўғин, кўҳна ва бой тарихга эга савдо-маданий йўлларнинг чорраҳаси сифатида муҳим аҳамият касб этади. Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар сўнгги ўн йиллик мобайнида ялпи ички маҳсулот ўсиши суръатининг 8 фоиз ва ундан зиёд ҳажмдаги даражасини таъминлаш имконини яратаётгани диққатга сазовордир.
Республиканинг олий таълим тизимини модернизациялаш, мамлакат иқтисодиётининг меҳнат бозори янги талабларига мослашуви масалаларида ҳам ана шундай ижобий фикрларни айтиш мумкин.
Тадбир чоғида таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг замонавий тарихи инсоният янги тарихининг ажралмас қисми ҳисобланадики, у глобал ва минтақавий жараёнлар билан чамбарчас боғлиқдир.
Давра суҳбатидан олган таассуротларини “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан ўртоқлашар экан, “Anytrade” компанияси бош директори, Нидерландиянинг Дренте провинциясидаги экспорт клуби президенти Виллем Хаагсма Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти жараёнини диққат билан кузатиб боришини маълум қилди.
— Мамлакатингизга биринчи маротаба бундан қарийб 20 йил олдин борган эдим, — деди у. — Ўшанда Ўзбекистон халқи, унинг маданияти ва тарихи менда унутилмас таассуротлар қолдирганди. Мазкур сафардан жуда илиқ хотиралар билан қайтган эдим.
Бугун бўлиб ўтган тадбир биз учун жуда фойдали, маълумотларга бой кечди. Чунки ҳозирги пайтда Европанинг, жумладан, Голландиянинг ҳам кўпгина ишбилармонларида Ўзбекистонга нисбатан қизиқиш жуда каттадир.
Ишончим комилки, юртингизда яқинда ўтказилган Президент сайлови мамлакатингиз келажаги учун муҳим аҳамиятга эга. Сайлов жараёнлари мониторинги учун бутун дунёдан кўп сонли халқаро кузатувчиларнинг таклиф этилгани ҳам Ўзбекистоннинг демократик тараққиёт ҳамда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш тамойилларига содиқ эканлигини тасдиқлайди.
“Intertwine Consultancy” компанияси президенти Корнелиус Ладаж мамлакатимизда кўп маротаба бўлгани ва республикамизнинг барча соҳасида қўлга киритаётган муваффақиятларидан яқиндан хабардор эканлигини маълум қилди.
— Энг аввало, ўзбек халқини баҳор айёми — Наврўз байрами билан табриклашни истардим, — деди К. Ладаж. — Лейден университетида Марказий Осиёни, шу жумладан, Ўзбекистонни ўрганиш бўйича факультет очилишини эшитиб қувондим. Бу воқеа Европа олий ўқув юртларида мамлакатингизга нисбатан қизиқиш ортиб бораётганининг яна бир тасдиғи бўлди.
Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эгадир. Республикада турли соҳалардаги янгиланиш жараёнлари жадал суръатларда бормоқда, ўтказилаётган кенг қамровли ва изчил ислоҳотлар салмоқли натижаларини бераётир. Иқтисодиётнинг оғишмай ўсиши, халқнинг турмуш кечириш даражаси тобора юксалиб бораётгани кузатилаяпти. Энг муҳими, гўзал ва муқаддас диёрингизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда.
Лейден университети илмий ходимаси Елена Паскалева ушбу давра суҳбати Нидерландиянинг жамоатчилик, сиёсий, эксперт-академик, илмий, ишбилармон доиралари вакилларини Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиши ҳамда унинг бой тарихи ва маданияти билан яқиндан таништирганини қайд этди.
— Университетимизда Яқин Шарқ ҳамда Осиё минтақаси мамлакатларининг тарихи, анъаналари ва замонавий тараққиётини ўрганадиган факультетлар фаолият кўрсатади, — деди Е. Паскалева. — Мана энди Марказий Осиёни ўрганиш дастури юзасидан ҳам ишлар бошланди. Зеро, бугунги кунда Марказий Осиё минтақасида ўта муҳим ўрин тутадиган ва изчил ривожланиб бораётган Ўзбекистонни, унинг тарихи ҳамда кучли демократик давлат сифатида шаклланишини ўрганиш катта қизиқиш уйғотмоқда. Лейден университети бу йўналишда Ўзбекистон олимлари билан ўзаро ҳамкорликка тайёрдир.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn