Парламентлараро алоқалар мустаҳкамланмоқда
  • 06 Апрель 2015

Парламентлараро алоқалар мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон билан Германия ўртасида парламентлараро муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Конрад Аденауэр номидаги жамғарма ҳам-корлигида ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон ва Германия парламентлари аъзолари, халқаро ҳамда маҳаллий экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Унда ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, парламент-лараро муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Парламент амалиёти -борасида тажриба алмашилди.
Германиянинг Тюренгия ери парламенти депутатлари Майк Моринг ва Эвелин Гросс парламентлараро алоқаларни амалга ошириш, қонун ижодкорлиги ҳамда назорат-таҳлил фаолиятини ривожлантириш бўйича Германия тажрибасига оид маърузалар билан қатнашди. Улар Ўзбекистондаги демократик ўзгаришларга, жумладан, бўлиб ўтган парламент ва Президент сайловларига юқори баҳо бердилар.
Тадбирда қонунчилик иши сифатини, парламент назорати самарадорлигини, сиёсий партиялар фракциялари ролини янада ошириш борасидаги ислоҳотлар парламентнинг давлат ҳокимияти органлари тизимида тутган ўрнини сезиларли даражада мустаҳкамлагани таъкидланди.
Парламент фаолияти самарадорлигини юксалтиришда парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хорижий ҳамкасблар билан тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эга экани эътироф этилди.
Меҳмонлар Қонунчилик палатасида парламентдаги кўпчилик — Демократик кучлар блокининг ташкил этилиши ва икки фракциянинг парламент мухолифати деб эълон қилинишига алоҳида қизиқиш билдирдилар. Парламентдаги бундай янгиликлар кўппартиявийлик тизимини мустаҳкамлаш, парламентаризмни ривожлантиришнинг энг муҳим шартлари сифатида партиялараро рақобат ва фракциялараро курашни кучайтириш, парламентнинг ижро ҳокимияти фаолияти устидан амалий назорати самарали тизимини шакллантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Давра суҳбати ишчан руҳда, ўзаро манфаатдорлик асосида ўтди. Амалий муҳокамалар давомида икки мамлакат парламентлараро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга оид таклифлар ишлаб чиқилди.


Саиджон МАХСУМОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn