Парламентлараро алоқаларни ривожлантириш йўлида
  • 31 Март 2015

Парламентлараро алоқаларни ривожлантириш йўлида

30 март куни Олий Мажлис Сенатида юртимизга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш мақсадида ташриф буюрган Индонезия Халқ вакиллари палатаси спикери ўринбосари Ҳ. Фахри раҳбарлигидаги делегация, Вена шаҳар парламенти вице-президенти Й. Херцог, Хитой Халқ Республикасидан келган кузатувчилар делегацияси раҳбари, ХХР Ташқи ишлар вазирлиги элчиси Гао Юйшэн, Литва Сеймининг Ўзбекистон билан парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раиси, депутат В. Симулик, Латвия Фанлар академияси президенти, профессор О. Спаритис, туркистонликларнинг Америкадаги уюшмаси раиси А. Хўжа билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Суҳбатлар чоғида парламентлараро доимий, тўғридан-тўғри мулоқот ҳамда алоқаларнинг муҳимлиги таъкидланди. Зеро, бу парламентлараро муносабатлар ва умуман, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон йилдан-йилга барча йўналишларда жадал тараққий топаяпти. Республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар катта самаралар бераётир. Сайлов тизими такомиллаштирилган. Давлат ҳокимияти органлари тизимида парламент ролини кучайтириш бўйича салмоқли қадамлар ташланган.
— Бугун Индонезия Ўзбекистон билан барча, жумладан, парламент соҳасидаги икки -томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлашни муҳим, деб билади, — деди Индонезия Халқ вакиллари палатаси спикери ўринбосари Ҳамза Фахри. — Учрашувда ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг ҳамма жабҳасини демократлаштириш, парламент ўзининг назоратга оид ваколатларини амалга оширишда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини сақлаш тизимини шакллантириш, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини ошириш, умумдавлат ҳамда ҳудудий манфаатлар мувозанатига эришиш бўйича тажрибани ўрганиш масалаларини муҳокама қилдик. Ўзбекистонда парламент институтини такомиллаштириш, қонун чиқарувчи орган ваколатларини кенгайтириш ва кучайтириш, мамлакат ҳаёти, хусусан, парламент фаолиятида хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлашга йўналтирилган ислоҳотлар юксак баҳога муносибдир. Ўзбекистон Республикаси -Президенти сайлови миллий қонунчилик ва умумэътироф этилган нормаларга мувофиқ, ошкоралик, очиқлик ҳамда транспарентлик тамойилларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтди, деб ҳисоблайман.
— Бу галги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳам фуқароларнинг юксак фаоллигида бўлиб ўтди. Бу эса мазкур жараённинг ўзига хослигини аниқлаб берувчи муҳим омиллардан биридир, — деди Вена шаҳри парламенти вице-президенти Йоханн Херцог. — Пойтахтингиздаги бир қанча сайлов участкаларига бордим. Овоз бериш жараёнида фуқаролар фаол қатнашгани диққатга сазовор. Сайловчилар эрта тонгдан сайлов участкаларига келишди. Умуман, Президент сайлови демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, мамлакатни янада тараққий эттириш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида ўзбек халқининг жипслигини намоён этди.
Шу куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Франция Сенатидаги “Франция — Марказий Осиё” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси И. Поззо ди Борго раҳбарлигидаги делегация, Литва Марказий сайлов комиссияси раиси З. Вайгаускас, Индонезия Халқ вакиллари палатаси спикери ўринбосари
Ҳ. Фахри раҳбарлигидаги делегация, Вена шаҳар парламенти вице-президенти Й. Херцог, Латвия Фанлар академияси президенти, профессор О. Спаритис, Латвия Сейми депутати И. Судраба билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, мамлакатлар ўртасида ўзаро манфаатли алоқалар изчил ривожланмоқда. Парламентлараро ҳамкорлик мустаҳкамланаяпти. Бу эса қонунчилик фао-лиятини такомиллаштириш бўйича самарали тажриба алмашиш имконини бераётир.
— Мафтункор диёрингизга биринчи келишим эмас, — деди Франция Сенатидаги “Франция — Марказий Осиё” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Ив Поззо ди Борго. — Бу гал Ўзбекистонда парламент фаолияти, депутатлар ва сенаторлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдим. Сайлов куни Самарқанд шаҳридаги 63-сайлов участкасига бордим. Ўзбекистонда сайлов кампанияси фаол, қонунчиликка қатъий амал қилинган ҳолда ташкил этилди. Овоз бериш жараёнлари очиқ ва демократик руҳда ўтди.
— Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар Президент сайловини ошкоралик, хоҳиш-ирода билдириш эркинлиги ҳамда кўппартиявийлик тамойиллари асосида ўтказишга пойдевор бўлди, — деди Литва Марказий сайлов комиссияси раиси З. Вайгаускас. — Овоз бериш куни сайловчиларнинг юксак фаоллиги шоҳидига айландим. Мамлакатингизда фуқаролик жамияти институтлари жадал равнақ топаяпти. Ўйлайманки, Ўзбекистон фуқаролари ҳаётида маҳалла ролининг муҳимлиги туфайли электорат сайловда ана шундай фаоллик кўрсатди. Марказий сайлов комиссиясига конституциявий мақом берилиши унинг реал ҳамда ҳуқуқий мустақиллигини мустаҳкамлади.
Меҳмонлар самимий қабул учун миннатдорлик билдирар экан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этишлари икки томонлама парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича амалий қадамларни муҳокама қилиш учун қулай имконият яратганини эътироф этдилар.


С. ҚОСИМЖОНОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn