Ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокамаси
  • 27 Март 2015

Ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокамаси

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида Покистон парламенти Сенати аъзо-лари М. Талҳа Маҳмуд ва Н. Содиқ билан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кузатуви доирасида учрашув бўлиб ўтди.

Меҳмонларга парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, Ўзбекистон ва Покистон халқлари ўртасидаги дўстлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси, Президент сайловида халқаро кузатувчи сифатида фаол иштироки учун миннатдорлик билдирилди.
М. Талҳа Маҳмуд ва Н. Содиқ илиқ ва самимий қабул учун ташаккур айтар экан, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотлар ўз самараларини бераётганини эътироф этди. Улар Ўзбекистон барқарор ҳамда изчил тараққиёт йўлидан кетаётганини таъкидлашди.
Икки мамлакат парламент аъзолари парламентлараро, иқтисодий ҳамкорлик, маданиятлараро мулоқот, минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича фикр алмашдилар. Сайёҳлик, темир йўл қурилиши ва бошқа соҳаларга  оид қатор таклифлар билдирилди. Учрашувда қайд этилганидек, Ўзбекистон ҳамда Покистон ўртасидаги ўзаро алоқалар катта салоҳиятга эга.
М. Талҳа Маҳмуд Покистон — Ўзбекистон дўстлик жамияти раиси сифатида икки давлат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун барча саъй-ҳаракатларини сафарбар этишини айтиб ўтди.
— Парламентдаги учрашув натижаларидан хурсандман, — деди у. — Улар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада кучайтиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
— Бугунги мулоқот икки томонлама алоқаларнинг изчил равнақ топишида катта аҳамиятга эга, — деди Н. Содиқ. — Суҳбат чоғида қатор масалаларни муҳокама қилдик ва уларнинг аксарияти бўйича ёндашувларимиз ўхшаш. Биз ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришимиз лозим. Шу боис Ўзбекистондан парламент делегациясини ўз мамлакатимизда кўришдан фақат қувонамиз. Айни пайтда биз Президент сайлови жараёнини кузатишга киришдик. Номзодларнинг сайловолди ташвиқоти фаол олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик. Унинг якунлари бўйича ўз хулосамизни берамиз. Ўз навбатида, юртингизнинг сайловни ташкил қилиш тажрибасини ўрганиш, ундан сайлов тизимимизни ривожлантиришда фойдаланиш имкониятини кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.
Учрашувда меҳмонлар Олий Мажлис палаталари фаолияти билан таништирилди.
Шу куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида юртимизга Президент сайловини -кузатиш учун келган Латвия Марказий сайлов комиссияси раиси А. Цимдарс билан учрашув ташкил этилди.
Учрашувда меҳмонга Ўзбекистонда рўёбга чиқарилаётган демократик янгиланишлар, -хусусан, давлат ҳокимияти тизимида парламентнинг ролини ошириш, сайлов соҳасини демократлаштиришга йўналтирилган ўзгаришлар, Қонунчилик палатасининг янги таркиби ҳақида маълумот берилди.
А. Цимдарс самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Хорижлик кузатувчи сифатида у Президент сайловига пухта тайёргарлик кўрилгани, округ ва участка сайлов комиссиялари иши демократик стандартларга тўлиқ жавоб беришини таъкидлади. Латвия Марказий сайлов комиссияси раҳбари сайлов кампанияси муваффақиятли ўтишига ишончи комил эканлигини изҳор этди.

Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn