Тадбиркорларга кенг имконият ва қулайликлар
  • 27 Март 2015

Тадбиркорларга кенг имконият ва қулайликлар

Давлат божхона қўмитасида товарларни божхонада электрон шаклда расмийлаштиришнинг ташқи иқтисодий фаолиятдаги аҳамияти, бу борада эришилаётган натижаларга бағишланган анжуман ўтказилди.

Таъкидланганидек, юртимизда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу борада 2012 йил 18 июлдаги Фармон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 декабрдаги қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Зеро, мазкур ҳужжатларга биноан, 2013 йил 1 январдан бошлаб, товарларни божхонада электрон шаклда -расмийлаштириш тартиби амалиётга киритилди. Айни чоғда тадбиркорларга декларациялар, товар ва транспорт воситаларига оид ҳужжатлар ҳамда ҳисоботларни божхона органларига масофадан электрон усулда тақдим этиш ва расмийлаштириш имконияти яратилди.
Қолаверса, улар интернет орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда, божхона юк декларацияларини узатиш имконига ҳам эга бўлдилар. Пировардида биргина 2014 йилда экспорт-импорт операциялари юзасидан расмийлаштирилган божхона юк декларация-ларининг 402 мингдан ортиғи ёки 98,7 фоизи электрон тарзда тақдим қилинди.
Бундай қулайликлар туфайли тадбиркорлик субъектларининг маблағлари ва вақти тежалаётгани ҳам анжуман иштирокчилари томонидан қайд этилди. Масалан, 2013 йили тадбиркорлар томонидан 1,2 миллиард сўмдан зиёд маблағ божхона юк декларациялари қоғоз шаклидаги бланкалари учун сарфланган эди, ўтган йилда эса бу борадаги харажатларга барҳам берилди.
Тадбирда 2014 йил 7 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон тадбиркорларга яна бир қатор қулайликлар яратгани эътироф этилди. Зеро, шу ҳужжатга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи савдо шартномаларини банкларда рўйхатдан ўтказиш амалиёти бекор қилиниб, ўтган йилнинг
1 сентябридан шартномалар Ягона интерактив хизматлар давлат портали орқали электрон тарзда рўйхатдан ўтказила бошланди. 2014 йили 21,5 мингдан ортиқ шартномалар ҳамда қўшимча битимлар электрон шаклда рўйхатдан ўтказилгани ҳам мазкур усул нечоғли самарали эканини кўрсатади.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn