Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базаси такомиллаштирилмоқда
  • 26 Март 2015

Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базаси такомиллаштирилмоқда

25 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Депутатлар ўз ишларини иккинчи ўқишдаги қонун ҳужжатларини, жумладан,  «Ташувчининг ­фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилишдан бошладилар. Қонун лойиҳасининг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида барча турдаги транспорт воситаларида ташишларни амалга ошириш чоғида йўловчилар ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарар ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш орқали қопланишини кафолатлашдан иборат.

Қонун лойиҳасида ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш субъектлари бўлмиш ташувчи, суғурталовчи, йўловчи ва наф олувчи, яъни йўловчи ­вафот этган тақдирда суғурта товони олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс белгилаб қўйилмоқда. Йўловчиларни ҳамда уларнинг мол-мулкини шаҳар йўловчилар транспортида, темир йўл, ҳаво, автомобиль, дарё транспортида ва бошқа транспортда қонун ҳужжатларига мувофиқ тижорат асосида ташиш бўйича хизматлар кўрсатувчи ва бунинг учун махсус рухсатномага (лицензияга) эга шахс ташувчи этиб белгиланган.

Мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта операцияларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида суғурталовчилар томонидан йўловчилар ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарар учун биргаликдаги мажбурий суғурта қилишни амалга ошириш мақсадида суғурта шерикчилиги тузилади  ҳамда суғурта товонининг тўланишини кафолатлаш учун суғурта захираларини шакллантиришга доир талаб жорий этилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимиз фуқароларига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш кафолатларини таъминлашга хизмат қилади, шунингдек, ташувчиларнинг йўловчиларга етказган зарарини қоплаш юзасидан харажатларини мақбуллаштириш орқали уларнинг мулкий манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди. Бундан ташқари, мазкур қонун лойиҳаси янги иш ўринларини яратишга, суғурта бозори ва транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга, кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишга кўмаклашади.

Депутатлар қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилдилар.

— Қонун лойиҳасини тайёрлашда фракцияларнинг ҳуқуқий ҳужжатни янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлари эътиборга олинди, — дея таъкидлади Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси Қутлимурат Бабашев. — Шу билан бирга таъкидлаш лозимки, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши  йўловчиларни мажбурий шахсий суғурта қилишнинг амалдаги тизими йўловчига ташиш пайтида етказилган зарар кафолатли қопланишини тўлиқ таъминламаслиги, шаҳар ва шаҳар атрофи йўналишларининг йўловчиларига жорий этилмаганлиги, шу туфайли Ўзбекистон ҳудудидаги барча йўловчиларни тўлиқ қамраб олмаганлиги билан боғлиқ.

— Киритилган қонун лойиҳаси фуқароларга етказилган зарарнинг кафолатли тўланишини таъминлаш умумдавлат тизимида муҳим аҳамиятга эга, — дейди Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси Жамила Ниёзова. — Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши билан турли даражадаги транспорт ҳодисалари натижасида жабр­ланган шахсларга етказилган ­зарарни қоплаш долзарблиги ошади. Қонун лойиҳасининг муҳокамаси давомида биз ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлаш жараёнида ҳисобга олинган бир қатор амалий таклиф ва мулоҳазалар киритдик.

— Ушбу қонун лойиҳасини ўз мажлисимизда диққат билан ўрганиб чиқдик, — дея таъкидлади Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси номидан чиққан Акмал Умаралиев. — Муҳокама натижаларига кўра, қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган аниқ таклифлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, биз қонун лойиҳасига мажбурий суғурта шартномасини тузиш шартлари ва тартибини киритиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Ушбу қонун лойиҳаси, шунингдек, янги иш ўринларининг яратилишига, суғурта бозорини ва транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга, кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади. Бу Ўзбекистон ХДПнинг электорат манфаатларининг ҳимояси борасидаги мақсадларига мос ­келади.

— Биз қонун лойиҳасининг қабул қилинганидан кейин самарали қўлланилишига қаратилган таклифларни киритдик ва унда ­мустаҳкамланган ҳуқуқий механизмларнинг такомиллаштирилишини қўллаб-қувватладик, — деди Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси вакили Жамшид Пирматов. — Шунингдек, биз ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун аниқ ҳуқуқий жавобгарлик белгиланишининг аҳамиятини таъкид­ладик.

Сўнгра депутатлар «Ташувчининг  фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Амалдаги қонунчиликни янги қонунга мувофиқлаштириш, қарама-қаршиликлар ва такрорланишларни бартараф этиш мақсадида Ҳаво кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, «Автомобиль транспорти тўғрисида»ги, «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги қонунларга, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тузатишлар киритилмоқда.

«Радиочастота спектри тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси мажлис кун тартибидаги ке­йинги масала бўлди. Қонун лойиҳаси радиочастота ресурсидан фойдаланиш хавфсизлиги ва самарадорлиги даражасини ошириш ҳамда радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни ­кучайтириш мақсадида ишлаб ­чиқилган. Ҳужжат мамлакатимиз радиоэлектрон воситаларининг барқарор ишлашини таъминлашга, радиочастота спектрини бошқариш соҳасидаги давлат сиёсатини такомиллаштиришга қаратилгандир.

Мажлис давомида таъкидлаб ўтилдики, радиочастота спектри давлат тасарруфидаги муҳим, дахлсиз ресурс бўлиб, кўплаб хўжалик юритувчи субъектлар, давлат бошқаруви тизимлари фаолиятининг самарадорлиги, мамлакатимизнинг ахборот хавфсизлиги мазкур соҳани тартибга солувчи қонунчилик базасининг такомиллаштирилганлигига боғлиқ бўлади. Депутатлар ушбу қонун ҳужжатини қабул қилишнинг ўз вақтидалиги ва долзарблигини, унинг миллий радиочастота спектридан самарали фойдаланиш учун янги, янада такомиллаштирилган шарт-шароитни шакллантириш борасидаги ­муҳимлигини таъкидлаб ўтдилар.

Мажлис кун тартибига биринчи ўқишда иккита қонун лойиҳаси ҳам киритилди. Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фуқароларнинг судларга мурожаат этишини соддалаштиришга, электрон ҳужжат айланишини жорий этиш, шу жумладан, судга аризалар ва бошқа ҳужжатларни электрон тизим воситасида жўнатиш тартибини белгилаш йўли билан судларда иш юритишни такомиллаштиришга қаратилгандир.

Ҳужжатнинг қабул қилиниши фуқаролик суд ишларини юритиш тезкорлиги ва қулайлигини янада оширишга, шунингдек, жараён иштирокчиларининг харажатлари ва суд чиқимларини камайтиришга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширишга хизмат қилади.

Муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, депутатлар ушбу қонун лойиҳаларининг асосий қоидаларини маъқулладилар ва уларни биринчи ўқишда қабул қилдилар. Масъул қўмиталарга ҳужжатларни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш топширилди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг

Ахборот хизмати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn