Депутатлар қонун лойиҳалари юзасидан кенг ва амалий муҳокамалар ўтказмоқдалар
  • 22 Март 2015

Депутатлар қонун лойиҳалари юзасидан кенг ва амалий муҳокамалар ўтказмоқдалар

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарида мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, аҳоли соғлиғини, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳаларга оид қатор қонун лойиҳалари юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтмоқда. Уларга қонун ижодкорлиги ҳамда қонунчилик фаолиятининг сифатини ошириш мақсадида мутахассислар, экспертлар, амалиётчилар жалб этилаяпти.

Хусусан, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси Тошкент давлат юридик университети олимлари билан ҳамкорликда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокамасини ўтказди.

Унда қўмита аъзолари томонидан Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилиниб, иккинчи ўқишга тайёрланаётган ушбу ҳужжат юзасидан батафсил маълумот берилди. Энг аввало, 2011 йилда кучга кирган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши фуқароларимизни алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан ҳимоя этишда, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларини яратишда муҳим ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланди.

Шу билан бир қаторда, айтиб ўтилдики, 2014 йилда мамлакатимизда “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тартибга солишга қаратилган амалдаги қонунлар таҳлили Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг айрим нормаларини такомиллаштириш заруратини юзага келтирди. Бинобарин, ҳукумат томонидан мазкур ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклифи берилди.

Маълумки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда жамоат жойларида спиртли ичимликлар ичганлик, шунингдек, транспортда чекканлик учун жарима жазосини кўзда тутувчи жавобгарликлар белгиланган. Лекин амалиётда мазкур нормаларни қўллашда айрим мунозарали масалаларга дуч келинаяпти.

Шундан келиб чиқиб, иш жойларида алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилганлик учун ҳам жавобгарлик ўрнатиш, мазкур ҳуқуқбузарлик учун “жамоат жойлари” тушунчасини янада аниқлаштириш, тамаки маҳсулотларини жамоат жойларида истеъмол қилганлик, шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тарғиб этганлик учун маъмурий жавобгарлик ўрнатиш таклиф қилинмоқда.

Тадбир иштирокчилари Кодексга киритилаётган юқоридаги тузатишлар маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилигимиз вазифаларига тўла мос келишини, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш, табиий муҳит, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишга йўналтирилгани билан долзарб эканлигини эътироф этдилар. Олимлар ҳамда тадқиқотчилар томонидан қонун лойиҳасида назарда тутилаётган қоидаларни янада такомиллаштиришга қаратилган фикр-мулоҳазалар баён этилди.

— Қонун лойиҳасининг назариётчи олимлар даврасида муҳокамадан ўтказилиши биз, ишчи гуруҳ аъзолари учун кўп жиҳатдан фойдали бўлди, — деди қўмита аъзоси Д. Арипов. — Энг аввало, биз маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик, унинг вазифалари, маъмурий жазоларнинг қўлланилиши масалаларига оид илмий-назарий жиҳатлар ҳақида кенг маълумотлар олдик. Айни чоғда олимларнинг бир қатор таклиф ва мулоҳазаларини биргаликда таҳлилдан ўтказдик. Бу эса лойиҳани иккинчи ўқишга янада маромига етказиб тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.

— Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси вакилларининг қонун лойиҳаларини университетимиз олимлари, тадқиқотчилари билан биргаликда муҳокама қилиши қонун ижодкорлиги фаолиятига янгича мазмун олиб киради, — деди юридик фанлар доктори, профессор Ж. Холмўминов. — Зеро, шу йил январь ойида Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида қонун лойиҳаларини давлат бошқаруви, фуқаролик жамияти институтларининг турли бўғинларида кенг ва амалий муҳокама қилиш зарурлиги ҳақида таъкидлаб ўтилган эди. Чиндан ҳам, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишга қаратилган қонун лойиҳаларининг амалиётчи мутахассислар ва экспертлар иштирокида -батафсил кўриб чиқилишидан ҳаммамиз манфаатдормиз. Бундан ташқари, бугунги -муҳокама биз, олимларга, айниқса, илмий тадқиқотларимиз учун жуда фойдали бўлди.

Қизғин ва самарали баҳс-мунозаралар асосида ўтган тадбир якунида қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга доир фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифлар умумлаштирилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn