Бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш — тараққиёт гарови
  • 25 Февраль 2014

Бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш — тараққиёт гарови

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Ҳисоб палатасининг ўтган йилдаги фаолияти Президентимиз томонидан белгилаб берилган мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишлари, шунингдек, иқтисодиётни барқарор тараққий топтириш, унинг рақобатбардошлигини кучайтириш, бунинг учун таркибий ўзгартириш жараёнларини чуқурлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш борасидаги сиёсатни амалга ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда молиявий ресурслардан тежамли, самарали ва мақсадли фойдаланиш каби вазифалар ижросига қаратилди.
Ҳисобот даврида бюджет тизимига оид қонунчилик ҳужжатлари бажарилишини таъминлаш диққат-эътиборда бўлди. Шу мақсадда Ҳисоб палатаси томонидан давлат бюджетининг 2012 йилги ижроси тўғрисидаги ҳисобот ташқи аудит ва баҳолашдан ўтказилди, давлат бюджетининг 2014 йилги лойиҳаси ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари экспертизаси амалга оширилди.
Бунда асосий эътибор давлат бюджети даромадларининг истиқбол кўрсаткичлари ҳаққонийлиги, фискаль сиёсатда солиқлар ва мажбурий тўловларнинг иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда аҳоли даромадларини кўпайтиришга таъсир этувчи восита сифатида тутган ўрнига қаратилди. Шулар қаторида иқтисодиётнинг реал сектори, айниқса, ҳудудлар ва тармоқлар бўйича давлат бюджети даромад қисмининг тўғри шаклланиши, ижронинг тўлиқ бажарилиши таҳлил этилиб, тегишли асосий параметрлар реаллиги ва тиғизлигига баҳо берилди.
Ўтган даврда Ҳисоб палатаси томонидан бир қатор вазирлик ва идораларда давлат бюджети маблағларидан қонуний, мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши устидан белгиланган тартибда назорат тадбирлари ўтказилди. Наманган, Сурхондарё ва Жиззах вилоятлари маҳаллий бюджетларининг 2012 йилги ижроси ва маблағларнинг сарфланиши, бюджет харажатларини оптималлаштириш захираларини аниқлаш ва улардан самарали фойдаланиш юзасидан текширишлар амалга оширилди.
Тадбирда Ҳисоб палатаси аниқлаган бюджет интизомини бузиш ҳолатлари ва молиявий қонунбузарликларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазирлик, идоралар ҳамда ҳокимликлар томонидан кўрилган чора-тадбирлар атрофлича чуқур таҳлил қилиниб, бу каби муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларига эътибор қаратилди.
Бинобарин, Ҳисоб палатаси томонидан амалга оширилган ишлар натижасида 2013 йилда 79 млрд. сўмлик давлат ёки хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий манфаатларига етказилган зарар ундирилишига эришилди. Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган вилоят халқ депутатлари Кенгашининг навбатдаги сессиясида эса ҳудуд маҳаллий бюджетининг 2012 йил ва 2013 йил 9 ойлик давридаги ижроси юзасидан Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган текшириш натижалари батафсил кўриб чиқилди. Бу каби муҳокамаларни бошқа вилоятларда ҳам ўтказиш режалаштирилган.
Йиғилишда 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурда белгиланган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, барча йўналишларда самарадорликни таъминлаш, молиявий интизомга қатъий риоя қилиш, шунингдек, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш соҳаларида Ҳисоб палатасининг назорат тадбирларини янада кучайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар берилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn