Олий Мажлис Қонунчилик палатасида учрашув
  • 20 Март 2015

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида учрашув

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун юртимизга ташриф буюрган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари мамлакатимиз сайлов қонунчилиги, сайлов участкаларида яратилган шароитлар билан танишиш мақсадида учрашувлар ўтказмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 19 март куни Покистон Миллий ассамблеяси депутати Гоус Бах Хан Маҳр ташриф буюрди. Меҳмон қуйи палата фаолияти билан танишди, депутатлар билан учрашди.

Учрашувда юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, жумладан, Конституциямизга давлат ҳокимияти субъектлари — Президент, парламент, ҳукумат ва суд ҳокимияти ваколатлари бўлиниши билан боғлиқ киритилган ўзгартишлар натижасида Олий Мажлиснинг роли ҳамда аҳамияти янада ошгани ҳақида сўз борди.

Асосий Қонунимиз ва сайлов қонунчилигида ўз ифодасини топган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар сайлов жараёнини янада демократлаштириш ҳамда либераллаштиришга йўналтирилгани, парламент ва сиёсий партияларнинг жамиятдаги ўрни қонуний жиҳатдан янада кучайтирилгани алоҳида таъкидланди.

Ўз навбатида, сайлов округларида олиб борилаётган тайёргарлик ишлари, овоз бериш тартиби ҳамда тамойиллари қонунчиликка мувофиқлиги, улар давр талабларига мос тарзда амалга оширилаётгани, энг муҳими, очиқлик, ошкоралик сайловларнинг асосий тамойиллари эканлигига урғу берилди.

— Юртингизда тўртинчи бор бўлишим. Бу ерга биринчи марта 1991 йилда келгандим, — деди Гоус Бах Хан Маҳр. — Қайд этишни истардимки, Ўзбекистон истиқлолга эришгач, барча соҳада катта ютуқларни қўлга киритди. Тинчлик ва барқарорликни сақлаш, давлат суверенитетини мустаҳкамлаш, кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш мустақилликнинг ёрқин натижаларидир. Конституцияга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг муқобиллик ва кўппартиявийлик асосида ўтказилиши унинг демократик принципларга тўла муштарак эканлигининг ёрқин тасдиғидир. Мамлакатингизда осойишталик, хотиржамлик ҳамда фаровонлик ҳукмрон. Демак, республика демократик тараққиёт йўлидан ишонч билан кетаяпти. Қонунчилигингиздаги ижобий ўзгаришлар мамлакат аҳолиси манфаатлари, унинг фаровонлигини юксалтиришга қаратилгани билан диққатга сазовордир. Сайловолди ташвиқоти фаол олиб борилаётир, ушбу тадбирларга жиддий тайёргарлик кўрилган. Миллий сайлов қонунчилиги ўтган даврда янада мустаҳкамланганлиги эътиборга молик. У фуқароларнинг хоҳиш-иродасини билдириш эркинлигини тўла кафолатлайди.

Учрашувда икки давлат қонунчилик органлари ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик масалалари бўйича фикр алмашилди.

 

С. МАХСУМОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn