Электрон тижорат ва истиқбол
  • 19 Март 2015

Электрон тижорат ва истиқбол

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан иккинчи ўқишга тайёрланган янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Унда депутатлар, Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк, давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари, электрон тижорат ҳамда электрон тўлов соҳасида фаолият юритувчи хўжалик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, банк-молия соҳаси малакали мутахассислари ҳамда экспертлар қатнашди.

Таъкидланганидек, мазкур ҳуқуқий ҳужжат 2013 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида белгилаб берилган вазифалар доирасида ишлаб чиқилди.

Тадбирда қонун лойиҳаси батафсил таҳлил қилиниб, аниқ таклифлар олинди. Хусусан, электрон тижорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий муносабатларни янада маромига етказиш ва амалда қўллаш масалалари чуқур кўриб чиқилди. Қолаверса, манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда зарур бўлган бир қатор қонуности ҳужжатлари рўйхати шакллантирилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси электрон тижоратни ривожлантириш учун янги ҳуқуқий, иқтисодий, ташкилий ва техник шароитлар яратиб беради. Жумладан, ҳуқуқий ҳужжатнинг муҳим хусусиятларидан бири — электрон шартномаларни расмийлаштириш ҳамда ижро этиш жараёнини енгиллаштиришдан иборат.

Бу, ўз навбатида, мамлакатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг молиявий барқарорлиги, инвестициявий фаоллигини юксалтириб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳамда кўрсатилаётган хизматларнинг жаҳон бозоридаги рақобатдошлиги ва сифати ошишида айни муддао бўлади.

Давра суҳбатида қонун лойиҳаси бугунги кун талабларига мос равишда юртимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, истеъмолчилар билан ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, хўжалик юритувчи, хусусан, кичик бизнес ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида электрон тижорат имкониятларидан самарали фойдаланиш, уларнинг юқори иқтисодий натижаларга эришишида мустаҳкам асосга айланиши эътироф этилди.

Мазкур қонун лойиҳаси халқаро амалиётга мос равишда ишлаб чиқилган ва унда электрон тижоратнинг асосий йўналишларини ҳуқуқий тартибга солувчи барча жиҳатлар қамраб олинган. Шунингдек, электрон тижорат соҳасида давлат сиёсати, маҳсулот савдоси ҳамда хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчиларнинг ички корпоратив муносабатлари, уларнинг истеъмолчилар ва ҳамкорлар билан ўзаро алоқалари ўз ифодасини топган.

Қонун лойиҳаси жабҳа истиқболида муҳим аҳамият касб этиши баробарида, ахборот соҳаси равнақида ҳам салмоқли роль ўйнаши, шубҳасиз. Чунончи, унда телекоммуникация тизими операторлари, банк, электрон танлов, аукцион ва ярмаркалар ташкил этиш, электрон хабар ҳамда электрон ҳужжатлар сақлаш билан шуғулланувчи юридик шахслар бизнеси ривожи масалаларига оид нормалар белгилаб қўйиш кўзда тутилаётир.

Тадбир якунида бир қатор тавсиялар тайёрланиб, қонун лойиҳаси ижроси самарадорлигини таъминлашда зарур бўлган амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Кенг жамоатчилик иштирокида ҳамда амалий муҳокамалар руҳида ўтадиган бу каби давра суҳбатлари қонун лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш ва ҳуқуқни қўллаш соҳаси самарадорлигини оширишга хизмат қилганлиги учун ҳам долзарбдир.

С. МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn