Памела СПРАТЛЕН: «Ўзаро алоқаларимиз бундан кейин ҳам изчил тараққий этаверади»
  • 19 Март 2015

Памела СПРАТЛЕН: «Ўзаро алоқаларимиз бундан кейин ҳам изчил тараққий этаверади»

Наврўз байрами арафасида ЎзА мухбири Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела СПРАТЛЕН билан суҳбатлашди. 

— Спратлен хоним, Сиз яқинда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинландингиз. Мамлакатимиз ҳақидаги илк таассуротларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз. 

— Ўзбекистон — ғоят гўзал ва мафтункор диёр, халқингиз жуда меҳмондўст ва бағрикенг. Мен 2008 йилда АҚШ делегацияси таркибида Ўзбекистонда бўлиб, қадимий ва навқирон шаҳарлар Тошкент ва Бухорони зиёрат қилган эдим. Меҳмоннавоз ва меҳридарё ўзбек халқи мени ўшандаёқ мафтун этган эди. Ўзбекистонга келиб бу борадаги таассуротларим янада бойимоқда. Меҳнатсевар ўзбек халқи ғайрат ва шижоат, эртанги кунга қатъий ишонч билан яшамоқда. Мамлакатингизнинг истиқболи порлоқ.

Мен мамлакатингизни дунёга янада кенгроқ танитишга интилаётган, илмга чанқоқ Ўзбекистон ёшларини ғоят қадрлайман. Шунингдек, ўзбек куй-қўшиқлари ва миллий рақсларига меҳрим баланд. Тошкентда ўтказилган ажойиб маданий тадбирларда иштирок этаётганимдан жуда хурсандман. Ўзбекистон ҳақида янада кўп маълумотга эга бўлишни, мамлакатингизнинг бой тарихи ва ноёб маданиятини ўрганишни хоҳлайман.

— Мамлакатларимиз ҳамкорлигининг самаралари ҳақида нима дея оласиз?

— АҚШ билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар йил сайин мустаҳкамланиб бораётир. Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро ишонч ва манфаатдорлик ҳамда очиқ мулоқотга асосланган муносабатлар қарор топган. АҚШ Ўзбекистоннинг суверенитети ва мустақиллигини қўллаб-қувватлашда ҳеч қачон оғишмаган. Биз ўзаро манфаатдорликка асосланамиз. Бу минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш соҳасидаги ҳамкорликни, мамлакатларимизнинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ҳамда инсон ҳуқуқ ва -эркинликларини таъминлашдан иборат.

Сўнгги йилларда ўзаро ҳамкорликда эришилаётган ютуқлар кўлами кенгайиб, ҳажми тобора ошиб бормоқда.

АҚШ билан Ўзбекистон ўртасида юридик соҳада ҳам ўзаро тажриба алмашиш йўлга қўйилган. Ўзбекистон олий ўқув юртлари билан инглиз тилини ўқитиш бўйича илғор -дастурларни ишлаб чиқиш борасида ҳамкорлик қилмоқдамиз. 

Мамлакатларимиз ўртасида савдо, қишлоқ хўжалиги, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари катта. Ишончим комилки, ўзаро алоқаларимиз бундан кейин ҳам изчил тараққий этаверади. 

— Ўз фаолиятингиз давомида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг қайси йўналишларини ривожлантиришни устувор вазифа, деб ҳисоблайсиз?

— АҚШ Ўзбекистоннинг мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни юксалтириш, барқарорлик ва демократияни мустаҳкамлаш борасидаги мақсадлари йўлида яқин ҳамкоридир. Биз Марказий Осиёда  хавфсиз, қудратли ва мустақил тараққиёт тарафдоримиз. АҚШ ва Ўзбекистоннинг бу борадаги ҳамкорлиги терроризм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишга оид дастурларни ўз ичига олади. 

Биз кўплаб соҳаларда, жумладан, илм-фан, иқтисодиёт, тиббиёт, маданият ва таълим йўналишларидаги алоқаларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ниятидамиз.

— Суҳбатимиз Наврўз байрами арафасида кечмоқда. Ўзбекистон халқига байрам тилакларингизни изҳор этсангиз?

— Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини яқинлашиб келаётган Наврўз байрами билан самимий қутлайман ва энг эзгу тилакларимни билдираман. Халқингизга тинчлик, бахт, равнақ ва мустаҳкам соғлиқ тилайман. Янгиланиш рамзи бўлмиш ушбу айём барчага муборак бўлсин.

ЎзА мухбири Ирода УМАРОВА суҳбатлашди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn