Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш — устувор мақсад
  • 18 Март 2015

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш — устувор мақсад

Инсон манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш истиқлол йилларида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг пировард мақсадига айланди. Конституциямизда Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши мустаҳкамлаб қўйилган.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини чуқур ислоҳ этиш ҳамда либераллаштириш ҳаётнинг барча соҳасини модернизация қилиш ҳамда янгилаш сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Зеро, бу инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, қонун устуворлиги, унинг олдида барча фуқаролар тенглигини таъминлашнинг муҳим шарти саналади.
Фуқаролик, Жиноят, Фуқаролик процессуал, Жиноят-процессуал, Хўжалик процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар, “Судлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги, “Прокуратура тўғрисида”ги, “Адвокатура тўғрисида”ги, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги ҳамда бошқа қатор қонунлар ушбу жабҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг пухта асоси бўлди.
Албатта, суд ҳокимиятини давлат тизимининг эркин, мустақил ва кучли бўғинига айлантириш йўлида олиб борилган чора-тадбирлар ҳам бу борада катта аҳамият касб этаётир. Хусусан, юртимизда демократик суд тизими — Конституциявий, Олий ҳамда Олий хўжалик судлари, уларнинг тузилмаларидаги умумий юрисдикция ва хўжалик судлари шакллантирилди.
Судларнинг ихтисослашуви, жиноий жазони либераллаштириш, одил судлов сифатини ошириш, судда ишни кўриш муддатларини қисқартириш, жиноят ҳамда фуқаролик ишларини аппеляция тартибида кўришни киритиш ва кассация тартибида кўришни ўзгартириш, суд қарорлари ижросини такомиллаштиришга қаратилган изчил ислоҳотлар олиб борилди.
“Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши, жиноят-процессуал, фуқаролик процессуал қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, суд тизими ижро ҳокимияти назорати ҳамда таъсир доирасидан чиқарилиб, суд кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйишнинг самарали ҳамда демократик ҳуқуқий механизми яратилди.
Илгари Адлия вазирлигига бириктирилган умумий юрисдикция судлари судьялари лавозимларига номзодларни тавсия этиш ва умумий юрисдикция судлари судьялари ваколатларини муддатидан олдин тугатиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясига берилди.
Фуқароларни суд томонидан ҳимоя қилиш кафолатлари сезиларли даражада кучайтирилди, унинг очиқлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. Улар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган қароридан норози бўлганда, ўз ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини бевосита аппеляция инстанциясида адвокати иштирокида ҳимоя қилиш имконига эга бўлдилар.
Прокурор ва адвокат тенглиги, жиноят ҳамда фуқаролик ишлари бўйича суд процессининг барча босқичида тортишувни таъминлаш, одил судлов сифати ва тезкорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар давом эттирилди.
Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини либераллаштириш, унга инсонпарварлик ҳамда декриминализация тамойилларини татбиқ қилиш устувор йўналишлардан бирига айланди. Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, жиноятлар таснифининг қарийб 75 фоизи катта ижтимоий хавф туғдирмайдиган ва унча оғир бўлмаган категорияга ўтказилди. Озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига жарима тўлаш усулини қўллашни кенгайтиришга оид ҳуқуқий асослар яратилди. Мол-мулкни мусодара қилиш жиноий жазолар тизимидан чиқарилди. Қонунчиликка вояга етмаганлар, аёллар ва кекса инсонларга жазо қўллашни юмшатишга йўналтирилган ўзгартишлар киритилди. Дастлабки тергов ва судда ишни кўриш муддатлари қисқартирилди. Жиноят қонунчилигига ярашув институти жорий этилиб, ундан бугун амалиётда кенг фойдаланилаяпти.
2008 йил январдан бошлаб юртимизда ўлим жазосининг бекор қилиниши соҳадаги энг муҳим воқеалардан бири бўлди. Бу эса Ўзбекистонда дунёдаги энг либерал жиноий жазолаш тизими вужудга келишига замин яратди.
Шу йилнинг ўзида “Хабеас корпус”, яъни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи прокурордан судга ўтказилиши институтининг ҳаётга татбиқ этилиши яна бир катта қадам бўлди. Буларнинг барчаси инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш кафолатларини мустаҳкамлади.
2010 йил ноябрь ойида қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг амалга оширилиши суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни янги босқичга кўтарди.
Жиноят-процессуал қонунчилигига киритилган ўзгартишлар суд ҳокимиятини янада мустаҳкамлади. Зеро, уларга мувофиқ, лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини қўллашнинг демократик суд тартиби ўрнатилди. Ўз навбатида, жиноят иши қўзғатиш суд ваколатидан чиқарилди, суд ишида айблов хулосасини ўқиб эшиттириш мажбурияти фақат прокурор зиммасига юкланди.
Бу қоидалар, энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан суд назоратини кучайтирди. Шунингдек, суд фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади. Қолаверса, одил судловнинг умумэътироф этилган стандартларидан бири “Хабеас корпус” институтини жиноят процессига татбиқ қилиш ва ундан фойдаланиш кўламини кенгайтириш имконини берди.
Айни чоғда “Судлар тўғрисида”ги Қонунда судьялик лавозимига тайинланадиган шахс камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлиши шартлиги белгиланиб, уларнинг профессионал тайёргарлигига нисбатан малака талаби кучайтирилди. Судьялар жисмоний шахсларга солинадиган даромад солиғидан озод этилди, уларнинг одоб-ахлоқ қоидалари, ваколатлари тугаганидан сўнг уларга тақдим этиладиган кафолатлар белгиланди.
Мамлакатимизда бозор иқтисодиётининг жадал тараққиёти тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини, жумладан, уларнинг суд томонидан ҳимоя қилинишини янада мустаҳкамлашни тақозо этди.
Бинобарин, улар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишлари учун мурожаатларни хўжалик судларига электрон шаклда юбориш, суд жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, жумладан, видеоконференцалоқа тизими орқали иштирок этишлари учун имконият яратилди. Хўжалик судларига мурожаат қилиш учун тўланадиган давлат божлари ставкалари сезиларли даражада камайтирилди.
Бундан ташқари, корпоратив бошқарув соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти яхлитлигини таъминлаш ҳамда ишларни кўриб чиқиш сифатини ошириш мақсадида хўжалик ширкатлари ва жамиятлари фаолиятида юзага келадиган низолар хўжалик судларида кўриб чиқиладиган бўлди.
“Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳам ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар фаолиятида қонунийлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этди. Унда тезкор-қидирув тадбирларини олиб боришнинг аниқ асоси белгилаб берилди, уларни ўтказишда маъмурий ўзбошимчалик эҳтимолининг олдини олишга қаратилган реал кафолатлар яратилди, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг шу соҳадаги фаолиятини янада либераллаштириш таъминланди.
Умуман, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш ва демократлаштириш ишлари изчил амалга оширилаяпти. Бу эса Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат барпо қилиш, ривожланган мамлакатлар қаторидан жой олиш, халқимиз учун муносиб ҳаёт шароити яратиб бериш ҳамда дунё ҳамжамиятида ўз ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган комплекс ўзгаришларнинг ажралмас қисми бўлиб қолаверади.

Дониёр АБДУҚОДИРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари
қўмитаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn