Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасида Парламентдаги кўпчилик — демократик кучлар блокини ташкил этиш тўғрисида ахборот
  • 17 Март 2015

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасида Парламентдаги кўпчилик — демократик кучлар блокини ташкил этиш тўғрисида ахборот

14 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда парламентнинг қуйи палатасида Демократик кучлар блокини тузиш масаласи муҳокама этилди.

Мажлис иштирокчилари таъкидладиларки, мамлакатни демократик модернизация қилиш жараёнида ҳокимият бўлинишининг ва халқ ҳокимиятчилигининг конституциявий принциплари асосида замонавий, демократик талабларга жавоб берадиган парламент тизимини шакллантириш, давлат ҳокимияти органлари тизимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг роли ва ўрнини ошириш, улар ўртасида  ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали механизмларини шакллантириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 
Ўзбекистонда парламентаризмни ривожлантиришда 2010 йил ноябрда парламент томонидан қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси, шунингдек, 2010 — 2014 йилларда ушбу Концепция асосида амалга оширилган конституциявий ва қонунчилик ислоҳотлари муҳим аҳамиятга эга. 
Конституцияни ривожлантириш тарихида илк маротаба мамлакатимизнинг Асосий Қонунида парламент ва жамоатчилик назорати институти, уларни амалга ошириш механизмлари мустаҳкамлаб қўйилди. Шубҳасиз, сиёсий партиялар етуклигининг тобора юксалиб бораётгани, улар фракцияларининг Қонунчилик палатасидаги самарали фаолияти, шунингдек, фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти савияси мазкур конституциявий ислоҳотларнинг энг муҳим пойдевори, уларни рўёбга чиқаришнинг ҳал қилувчи шарти бўлди.
Давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини шакллантириш ва рўёбга чиқаришда мамлакатимиз қонун чиқарувчи олий органининг ваколатлари ва имкониятларини сезиларли даражада кенгайтирган мамлакатимиз Конституциясига киритилган охирги тузатишлар парламент фаолиятининг ҳамда унда ўз вакилларига эга бўлган сиёсий партияларнинг роли ва аҳамиятини сезиларли равишда кучайтирди.
Иқтисодий, сиёсий, гуманитар ва суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантиришга доир энг муҳим масалалар юзасидан ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” ДП нуқтаи назарлари ҳамда дастурий мақсадларининг яқинлигини эътиборга олган ҳолда, шунингдек, мамлакатни модернизация қилиш ва жамиятни демократик янгилаш вазифаларини самарали рўёбга чиқаришда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида қўшма мажлис иштирокчилари ушбу икки партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияларидан таркиб топган, Қонунчилик палатасида парламентдаги кўпчиликни ташкил этувчи Демократик кучлар блокини тузиш тўғрисида қарор қабул қилдилар.
“Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг 2-моддаси блокни ташкил этиш учун ҳуқуқий асос бўлиб, унда бир нечта сиёсий партиялар фракциялари ўз дастурий мақсад-вазифаларининг яқинлигидан ёки ўхшашлигидан келиб чиққан ҳолда, парламент кўпчилигини тузиши мумкинлиги назарда тутилган.
Бундай амалиёт ривожланган демократик мамлакатларнинг парламентларида кенг татбиқ этилмоқда.
Мажлис иштирокчилари парламентнинг аввалги чақириқларида Демократик блок фаолият кўрсатганлиги кўпчилик овозга эга бўлган ҳолда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш сиёсий партияларнинг парламентдаги фракциялари фаолияти самарадорлигини кучайтиришга, шунингдек, уларнинг Сайловолди платформасида белгиланган устувор дастурий вазифаларини амалга оширишга имкон яратишини кўрсатганлигини таъкидладилар.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2015 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган ташкилий-ҳуқуқий тадбирлари, қонун ижодкорлиги ва -назорат-таҳлил ишлари дастурини самарали ижро этишни Демократик кучлар блокининг асосий мақсадлари сифатида белгилаб олиш зарурлиги қайд этилди.
Бу мамлакатимизни модернизация қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, миллий анъаналар ва қадриятларни сақлаш учун, шунингдек, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир вазифаларни самарали ва муваффақиятли амалга ошириш учун ҳаётий муҳим қонунларни киритиш ва илгари суришни, хусусий мулкни, тадбиркорлик ишини ҳимоя қилишнинг норматив-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни назарда тутади.
Демократик кучлар блоки икки партия фракциялари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битим асосида амал қилади. Блокка бирлашган партия фракциялари масалаларни олдиндан муҳокама этиш ва улар бўйича якдил нуқтаи назарни ишлаб чиқиш билан бир қаторда, ўз дастурий мақсад-вазифаларига мувофиқ фаолият кўрсатиш ҳуқуқини ҳам сақлаб қоладилар.
Муҳокама якунларига кўра, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциялари қўшма фаолиятининг асосий шартлари ва устувор йўналишларини назарда тутувчи икки томонлама Битим имзоланди.
* * *
Шу куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияларининг қўшма брифинги бўлиб ўтди. Брифингда мамлакатимизда аккредитациядан ўтган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Парламент фракцияларининг раҳбарлари Олий Мажлис қуйи палатасида ташкил этилган Демократик кучлар блокининг мақсадлари ва устуворликлари, унинг биринчи навбатдаги вазифалари тўғрисида батафсил ахборот бердилар. Журналистлар ўзларини қизиқтирган барча масалалар юзасидан батафсил ахборот олдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси 
Қонунчилик палатасининг
Ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn